17. Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги сўзларни эшитдим:
“Сизлардан олдинги кишилардан уч нафари йўлга тушди. Тунаш учун бошпана излаб бир ғорга киришди. Шу пайт тоғдан бир харсанг тушиб, ғорни тўсиб қўйди. Улар: «Солиҳ амалларингиз ила Аллоҳга дуо қилишингизгина сизларни ушбу харсангдан қутқара олади», дейишди.
Шунда улардан бир киши: «Аллоҳим! Менинг ёши улуғ, кекса ота-онам бор эди. Кечки (сут)ни улардан олдин аҳли-оиламга ҳам, қул-чўриларимга ҳам ичирмас эдим. Бир куни ўтин излаб узоқроққа кетиб қолган эдим, қайтиб келгунимча (ота-онам) ухлаб қолишибди. Кейин уларга кечки сутларини соғиб келдим, лекин икковлари ҳам ухлаб қолишган экан. Кечки (сут)ни улардан олдин аҳли-оиламга ёки қул-чўриларимга ичиргим келмади ва уйғотишни кариҳ кўрдим. Икки қўлимда қадаҳ тутганча уларнинг уйғонишларини кутдим. Ниҳоят, тонг ёришди. Уйғонишгач, кечки сутларини ичишди. Болалар (очликдан) оёғим остида бақиришарди. Аллоҳим! Агар буни Сенинг розилигингни истаб қилган бўлсам, мана бу харсанг сабабли бошимизга тушиб турган ҳолатни биздан кўтаргин!» деди. Шунда (харсанг) бир оз очилди. Лекин улар чиқа олмасдилар.
Иккинчиси: “Аллоҳим, бир амакимнинг қизи бор эди. У менга барча инсонлардан севимли эди. (Бошқа бир ривоятда: “Киши аёлни яхши кўргандан ҳам кўра уни қаттиқроқ яхши кўрар эдим”, дейилади.) Мен уни(нг нафсимни қондиришини) истадим, у эса мендан ўзини олиб қочди. Қачонки, қаҳатчилик бўлган йилларнинг бирида қийинчилик сабабидан унинг ўзи ҳузуримга келди. Мен ўзи билан менинг орамни холи қолдириш (яъни, хоҳлаганимни қилавериш) шарти билан бир юз йигирма динор бердим. У шундай қилди. Ниҳоят, уни тўла қўлга олганимда: (Бошқа бир ривоятда: “Икки оёғи орасига ўтирганимда), у менга “Аллоҳдан қўрқ. «Муҳрни ноҳақ очма», деган эди, мен ундан юз ўгирдим. Ваҳоланки, у менинг учун энг севикли инсон эди. Унга берган тилламни ҳам қолдирдим. Аллоҳим! Агар буни Сенинг розилигингни истаб қилган бўлсам, бошимизга тушиб турган ҳолатни кўтаргин!» деди. Шунда харсанг очилди, бироқ улар ундан (ғордан) чиқа олмасдилар.
Учинчиси: «Аллоҳим! Мен бир неча мардикор ёллаган эдим. Уларга ҳақларини бердим. Фақат бир киши ўзиникини ташлаб, кетиб қолди. Мен унинг иш ҳақини сармоя қилган эдим, ундан мол-бойлик кўпайди. Маълум вақтдан кейин келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менга ҳаққимни тўла», деди. Мен унга: «Сен кўриб турган туя, мол, қўй ва қулларнинг ҳаммаси сенинг ҳаққингдандир», дедим. У: «Эй Аллоҳнинг бандаси, мени масхара қилма!» деди. «Мен сени масхара қилаётганим йўқ», дедим. Шунда у уларнинг барчасини олиб, ҳайдаб кетди, ҳеч нарса қолдирмади. Аллоҳим! Агар буни Сенинг розилигингни истаб қилган бўлсам, бошимизга тушиб турган ҳолатни кўтаргин!» деди. Шунда харсанг очилди ва улар чиқиб кетишди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Қисқа услубда баён этилган бу гўзал ҳадисда ихлос билан қилинган яхши амал нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам фойда бериши ҳақида сўз кетмоқда. Мўмин-мусулмон банданинг солиҳ амали бу дунёдаёқ унинг бошидан баъзи мушкулларни кўтариб, кушойиш бериши мумкинлиги билдирилмоқда.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом таълимотларини кишиларга ана шундай – улар тушуниши осон бир тарзда баён қилишга ҳаракат этар эдилар. Кези келганда ўта балоғатли ва фасоҳатли ваъз сўзлаб, ҳаммани йиғлатар, қалбларни ларзага солар эдилар. Кези келганда ўтган умматлардан мисоллар келтирар эдилар. Ушбу биз ўрганаётган ҳадисимизда эса, баён қилиш лозим бўлган маъно баъзи кишилар бошидан ўтган қисса шаклида тақдим этилмоқда. Албатта, бу услубнинг ўзига яраша таъсири бор. Бу шаклда баён этилган маънони кишилар тушунишлари осонроқ, ундан таъсирланишлари кучлироқ бўлади.
Уч киши йўлда кетаётиб ёмғирда қолибдилар. Ёмғирдан қочиб тоғдаги бир ғорга кирибдилар. Тоғдан бир катта харсанг тош думалаб тушиб, улар ўтирган ғорнинг оғзини тўсиб қолибди. Уч мусофир жуда қийин аҳволда қолибдилар. Ҳеч ким йўқ, тоғдаги ғорнинг ичидалар. Бировни ёрдамга чақириш ҳам мумкин эмас. Улкан тош тушиб, ғорнинг оғзини беркитиб қўйган. Уни думалатиш ёки суришга қандай қурблари етсин! Аллоҳга ёлборишдан бошқа ҳеч қандай иложлари йўқ. Аммо Аллоҳга ёлбориш ҳам турлича бўлади. Банданинг қайси бир ёлборишини Аллоҳ таоло тезроқ қабул қилади? Улар ўз ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўйлаб-ўйлаб, бир қарорга келибдилар.
«Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила этиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар».
Улар Аллоҳ таолога қуруқдан-қуруқ ёлборишни ўзларига эп кўрмадилар. Умрларида Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларини васила эта туриб, Аллоҳдан омонлик сўрашни маъқул топдилар.
Биринчилари ўзининг қариб қолган ота-онасига Аллоҳ учун чин ихлос билан қилган ҳурмат-эҳтироми ва хизматини васила этишга қарор қилибди. У кишининг қари ота-онаси билан бирга ёш болалари ҳам бор экан. Ҳар куни кундалик ишидан қайтиб келиб, қўйларини соғгач, ота-онасининг ҳурматини қилиб, сутни олдин уларга, сўнгра болаларига берар экан. Демак, уларнинг бошқа таомга имконлари йўқ экан. Бир куни у ишидан кеч қайтибди. Қараса, ота-онаси ухлаб қолишибди. Одатдагидек, сут соғибди. Соғилган сутни кўтариб ухлаб ётган ота-онасининг бошларига келибди. Уларга озор бермаслик учун уйғотишни ўзига эп кўрмабди. Уйғониб қолсалар, қоринлари оч ҳолда мени излаб қолишмасинлар деб, жойидан жилмай тураверибди. Ўзи кундузи билан ишлаб чарчаб келган бўлса-да, ухламабди. Болалари очликдан оёғи остида йиғлаб турсалар ҳам, ота-онам уйғониб сутсиз қолмасинлар, деб сутни болаларига бермабди. Тонг отгунча шу ҳолатда, ота-онасининг бошида тик туриб чиқибди.
Ана шу банда Аллоҳ розилиги учун ота-онасига ихлос билан қилган хизматларини васила қилиб, бошига тушган мушкулни аритишни сидқидилдан сўрабди. Аллоҳ таоло у одамнинг илтижосини қабул қилиб, мазкур солиҳ амали эвазига ғор оғзининг учдан бирини очибди.
Демак, ота-онага иззат-эҳтиром кўрсатиб, уларга ихлос билан Аллоҳнинг розилигини истаб, хизмат қилиш фарзандга нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам яхшиликлар етишига сабаб бўлар экан. Ҳатто бошига тушган мусибатнинг кўтарилишига ҳам васила бўлар экан.
Энди иккинчи йўловчининг навбати келди. У ҳам ўз умрида Аллоҳнинг розилигини истаб чин ихлос билан қилган бир солиҳ амалини васила этишга ўтди. У ўз амакисини қизини яхши кўрар экан. Яхши кўрганда ҳам юрак-юракдан, чидаб бўлмайдиган шаклда яхши кўрар экан. Бир куни қизни овлоқ жойда учратиб, ундан жинсий яқинликни талаб қилибди. Қиз юз динор бермасанг, рози бўлмайман, деб бош тортибди. Йигит пулни тўплаб, қизга берибди. Унинг учун зино қилишга ҳеч қандай тўсиқ қолмаган бир пайтда қиз унга Аллоҳни эслатиб:
«Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ!» дебди.
Маҳримни бериб, мени шаръий хотин қилиб олмагунингча менга тегма, дебди. Аллоҳнинг номини эшитган йигит дарҳол ўзига келибди. Аллоҳдан қўрқиб, шайтонга ҳай берибди. Охират азобидан ҳайқиб, оний лаззатидан воз кечибди. Аллоҳнинг розилигини истаб, қизга тегмабди. Бу банда ўша ғордаги мусибатли кунда Аллоҳнинг розилигини истаб, ихлос билан қилган солиҳ амалини ёдга олибди. Ўшани васила қилиб, Аллоҳдан кушойиш сўрабди. Аллоҳ таоло унинг илтижосини қабул қилиб, мазкур солиҳ амали эвазига ғор оғзининг яна бир қисмини очибди.
Гуноҳ ишни қилишга қодир бўлиб турганда Аллоҳдан қўрқиб, У зотнинг розилигини истаб ўша ишни тарк этиш ҳам солиҳ амал ҳисобланар экан. Аллоҳдан қўрқиб, қилмоқчи бўлиб турган гуноҳ ишдан қайтган банда нафақат охират савобига, балки бу дунёнинг яхшиликларига ҳам эришар экан. Банданинг ихлос билан ёмонликни тарк қилиши, унинг бошидан мусибатнинг кўтарилишига сабаб бўлар экан.
Учинчи йўловчига навбат келди. У ҳам ўзининг икки ҳамсафари каби, чин ихлос билан, Аллоҳнинг розилигини истаб қилган солиҳ амалларидан бирини васила этишга тушди.
У бир мардикорни ишга ёллаган экан. Мардикор келишилган ишни тугатгач, ҳаққини талаб қилибди. Иш эгаси келишилган нарсани берса, аччиқ қилиб олмай кетибди. Учинчи йўловчи мардикорнинг ҳаққига хиёнат бўлмасин, деб уни мавсум келганда экибди. Тушган даромадга сигир олибди. Вақт ўтиши билан иш ҳаққи қилиб берилиши лозим бўлган ўша нарса кўпайиб, бир пода туя, қора мол, қўй ва қулларга айланибди. Йиллар ўтиб, мардикор қайтиб келиб, яна ҳаққини талаб қилибди. Шунда иш берган киши унга:
«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дебди.
Мардикор бу гапга ишонмабди. Бу одам мени масхара қилмоқда, деб ўйлаб унга:
«Аллоҳдан қўрқ! Мени масхара қилма!» дебди.
У киши эса жиддийлик билан:
«Сени масхара қилаётганим йўқ, олавер», дебди.
Мардикор сигирлар ва чўпонларни олибди.
Ҳалиги банда ғорга қамалиб қолганида Аллоҳнинг розилигини истаб, ихлос билан қилган ўша солиҳ амалини эслабди. Уни васила қилиб, Аллоҳдан мадад сўрабди. Аллоҳ таоло унинг илтижосини қабул этиб, солиҳ амали эвазига ғор оғзининг қолган қисмини ҳам очиб юборибди. Улар ғордан чиқиб, йўлларига равона бўлибдилар.
Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, бировнинг ҳаққини емаслик, зое қилмаслик, балки авайлаб-асраб сақлаш, кўпайтириш қанчалик яхши нарса! Бундоқ иш нафақат охират саодатига, балки бу дунё саодатига ҳам эриштирар экан. Банданинг бошига тушган мусибатни аритишга сабаб бўлар экан.
Мусулмон киши сифатида ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олмоғимиз лозим. Ота-онамизни ихлос билан, Аллоҳ учун ҳурматларини жойига қўйиб, уларга қўлимиздан келган барча яхшиликларни қилмоғимиз лозим. Ана шундагина бизнинг бу амали солиҳимиз Аллоҳ таолога хуш келиши мумкин. Охиратдан олдин бу дунёдаёқ бизга яхшиликлар келтириши ва бошимизга тушган мусибатларнинг аришига сабаб бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолодан қўрқиб, гуноҳ ишдан қайтиш улкан жасорат. Чунки Аллоҳдан қўрқмай гуноҳ қилиш ҳамма учун оддий бир ишга айланиб қолган замонда ихлос қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун, ўз ҳавойи нафсининг хоҳишидан кечиш, гуноҳни тарк қилиш осон эмас. У жасорат бўлмай нима бўлсин! Ҳавойи нафсига қул бўлиб қолган иродасиз, заиф кишиларгина гуноҳдан бурунларига пашша қўнганчалик ҳам таъсирланмасликлари мумкин. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай гуноҳни тап-тортмай қилаверадилар. Шайтонга ва ҳавойи нафсига ғолиб келган паҳлавонгина қўлига кириб турган лаззат, роҳат-фароғатдан воз кеча олади. Ҳадисдаги қисса қаҳрамонларидан бирига ўхшаб энди эришай деб турган оний лаззатидан Аллоҳнинг қўрқинчини устун қўяди.
Агар кимки шу қаҳрамонликка қодир бўлсагина, оний-ўткинчи лаззатлардан кеча олсагина улуғ савобга эришибгина қолмай, бу дунёнинг ўзидаёқ унинг фойдасини кўрамиз экан. Чунки кенглик пайтида биз Аллоҳга ихлос қилсак, Аллоҳ таоло бизга торлик пайтида ёрдам беради. Биз Аллоҳга ихлос қилиб имконимиз даражасида турган гуноҳни тарк этсак, Аллоҳ бизни машаққат ғорига қамалиб қолганимизда қутқарар экан.
«Сен Аллоҳни осонлик чоғида эсласанг, Аллоҳ сени машаққат чоғида эслайди», деганлари бежиз эмас.
17 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخطَّابِ، رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «انْطَلَقَ ثَلَاثَةُ نَفَرٍ مِمَّنْ كَانَ قَبْلَكُمْ حَتَّى آوَاهُمُ الْمَبِيتُ إِلَى غَارٍ فَدَخَلُوهُ، فَانْحَدَرَتْ صَخْرَةٌ مِنَ الْجَبَلِ فَسَدَّتْ عَلَيْهِمُ الْغَارَ، فَقَالُوا: إِنَّهُ لَا يُنْجِيكُمْ مِنْ هَذِهِ الصَّخْرَةِ إِلَّا أَنْ تَدْعُوا اللهَ تَعَالَى بِصَالِحِ أَعْمَالِكُمْ.
قَالَ رَجُلٌ مِنْهُمْ: اللَّهُمَّ، كَانَ لِي أَبَوَانِ شَيْخَانِ كَبِيرَانِ، وكُنْتُ لَا أَغبِقُ قَبْلَهُمَا أَهْلًا وَلَا مَالًا فَنَأَى بِي طَلَبُ الشَّجَرِ يَوْمًا، فَلَمْ أُرِحْ عَلَيْهِمَا حَتَّى نَامَا، فَحَلَبْتُ لَهُمَا غَبُوقَهُمَا فَوَجَدْتُهُمَا نَائِمَيْنِ، فَكَرِهْتُ أَنْ أَغْبِقَ قَبْلَهُمَا أَهْلًا أَوْ مَالًا، فَلَبِثْتُ وَالْقَدَحُ عَلَى يَدَيَّ أَنْتَظِرُ اسْتِيقَاظَهُمَا حَتَّى بَرَقَ الْفَجْرُ وَالصِّبْيَةُ يَتَضَاغَوْنَ عِنْدَ قَدَمَيَّ فَاسْتَيْقَظَا فَشَرِبَا غَبُوقَهُمَا، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتُ فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَفَرِّجْ عَنَّا مَا نَحْنُ فِيهِ مِنْ هَذِهِ الصَّخْرَةِ، فانْفَرَجَتْ شَيْئًا لَا يَسْتَطِيعُونَ الْخُرُوجَ.
وَقَالَ الآخَرُ: اللَّهُمَّ كَانَتْ لِيَ ابْنَةُ عَمٍّ كَانَتْ أَحَبَّ النَّاسِ إِلَيَّ - وَفِي رِوَايَةٍ: كُنْتُ أُحِبُّهَا كَأَشَدِّ مَا يُحِبُّ الرِّجَالُ النِّسَاءَ - فَأَرَدْتُهَا عَلَى نَفْسِهَا، فَامْتَنَعَتْ مِنِّي، حَتَّى أَلَمَّتْ بِهَا سَنَةٌ مِنَ السِّنِينَ، فَجَاءَتْنِي فَأَعْطَيْتُهَا عِشْرِينَ وَمِائَةَ دِينَارٍ عَلَى أَنْ تُخَلِّيَ بَيْنِي وَبَيْنَ نَفْسِهَا، فَفَعَلَتْ، حَتَّى إِذَا قَدَرْتُ عَلَيْهَا - وَفِي رِوَايَةٍ: فَلَمَّا قَعَدْتُ بَيْنَ رِجْلَيْهَا - قَالتْ: اتَّقِ اللهَ وَلَا تَفُضَّ الْخَاتَمَ إِلَّا بِحَقِّهِ، فَانْصَرَفْتُ عَنْهَا وَهِيَ أَحَبُّ النَّاسِ إِليَّ، وَتَرَكْتُ الذَّهَبَ الَّذِي أَعْطَيتُهَا، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتُ فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَافْرُجْ عَنَّا مَا نَحْنُ فِيهِ، فَانْفَرَجَتِ الصَّخْرَةُ، غَيْرَ أَنَّهُمْ لَا يَسْتَطِيعُونَ الْخُرُوجَ مِنْهَا.
وَقَالَ الثَّالِثُ: اللَّهُمَّ إِنِّي اسْتَأْجَرْتُ أُجَرَاءَ وَأَعْطَيْتُهُمْ أَجْرَهُمْ غَيْرَ رَجُلٍ وَاحِدٍ تَرَكَ الَّذي لَهُ وَذَهَبَ، فَثَمَّرْتُ أَجْرَهُ حَتَّى كَثُرَتْ مِنْهُ الأَمْوَالُ، فَجَاءَنِي بَعْدَ حِينٍ فَقَالَ: يَا عَبْدَ اللهِ، أَدِّ إِلَيَّ أَجْرِي، فَقُلْتُ: كُلُّ مَا تَرَى مِنْ أَجْرِكَ: مِنَ الإِبِلِ وَالْبَقَرِ وَالْغَنَمِ وَالرَّقِيقِ فَقَالَ: يَا عَبْدَ اللهِ لَا تَسْتَهْزِئْ بِي، فَقُلْتُ: لَا أَسْتَهْزئُ بِكَ، فَأَخَذَهُ كُلَّهُ فَاسْتَاقَهُ فَلَمْ يَتْرُكْ مِنْهُ شَيْئًا، اللَّهُمَّ، إِنْ كُنْتُ فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَافْرُجْ عَنَّا مَا نَحْنُ فِيهِ، فَانْفَرَجَتِ الصَّخْرَةُ فَخَرَجُوا يَمْشُونَ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2272، 2743].