170-ҳадис

170. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен билан сизлар бир олов ёққан ва унга парвона ва капалаклар туша бошласа, уларни ундан ҳайдаган кишига ўхшаймиз. Мен липпангиздан тутиб, сизларни оловдан қайтараман, сизлар эса қўлимдан чиқиб кетасизлар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан умматлари орасидаги муносабатлар ҳаётдан олинган мисол билан тушунтириб берилмоқда:

Қоронғи кеча. Бир одам олов ёқиб ўтирибди. Турли ҳашарот ва капалаклар келиб, ўзини оловга уриб ҳалок бўлмоқда. Олов ёнидаги одамнинг ҳайвон ва капалакларни оловдан тинмай ҳайдашига қарамай, улар ўзларини оловга уриб, куйиб кетмоқда. Улар ўзларидан олдинги шерикларининг ҳалок бўлаётганини кўриб-билиб туриб ҳам яна ўзларини ҳалокатга урадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўша турли жонзот ва капалакларни оловдан қайтараётган одамга ўхшаб, кишиларни дўзах оловидан, унга тушишга сабаб бўладиган ишлардан қайтарадилар. Уларни белбоғларидан ушлаб оловдан нарига тортишга ҳаракат қиладилар. Одамлар эса, капалаклар мисоли у кишига қаршилик кўрсатиб, ўзларини оловга ураверадилар. У зот Рафиқул Аълога риҳлат қилганларидан сўнг бу ишни Суннатлари қилади. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилса, дўзах оловидан сақланиб қолади, акс ҳолда, ўзини оловга урган капалакдек ҳалок бўлади.

Ушбу ҳадисда ажойиб бадиий ўхшатишни кўрмоқдамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам тутиш нақадар зарурлигини тамсил орқали тушуниб етмоқдамиз.


170 - الثَّامِنُ: عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَثَلِي وَمَثَلُكُمْ كَمَثَلِ رَجُلٍ أَوْقَدَ نَاراً فَجَعَلَ الْجَنَادِبُ وَالْفَرَاشُ يَقَعْنَ فِيهَا وَهُوَ يَذُبُّهُنَّ عَنْهَا، وَأَنَا آخِذٌ بِحُجَزِكُمْ عَنِ النَّارِ، وَأَنْتُمْ تَفَلَّتُونَ مِنْ يَدَيَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2285].

«الْجَنَادبُ»: نَحْوُ الجَرَادِ وَالْفَرَاشِ، هَذَا هُوَ الْمَعْرُوفُ الَّذِي يَقعُ فِي النَّارِ، «وَالْحُجَزُ»: جَمْعُ حُجْزَةٍ، وَهِيَ: مَعْقِدُ الإِزَارِ وَالسَّرَاوِيلِ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш