171-ҳадис

171. У кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бармоқларни ва идишни ялашга буюриб, «Сизлар унинг (таомнинг) қайси қисмида барака борлигини билмайсиз», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Муслимнинг бошқа ривоятида қуйидагича келтирилади:

«Бирингизнинг луқмаси тушиб кетса, уни олиб, унга теккан нарсани кетказиб, еяверсин, уни шайтонга қолдирмасин. То бармоқларини яламагунича қўлини рўмолчага артмасин, чунки у барака таомининг қайси қисмида эканини билмайди».

 

Муслимнинг яна бир бошқа ривоятида эса мана бундай дейилади:

«Шайтон бирингизнинг ҳар бир ҳолатида, ҳатто таомида ҳам ҳозир бўлади. Бирингиздан бир луқма тушиб кетса, унга теккан азиятни кетказиб, сўнг уни еяверсин, шайтонга қолдирмасин».

 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан динимиз таомга нисбатан қанчалар эътиборли бўлганини ва тежамкор бўлишимизни талаб қилганини билиб оламиз.

Ажойиб бир ҳикмат. Таомнинг баракаси қаерда эканини билиб бўлмайди. Унинг асосий тўпидами, энг марказидами, ёки ерга тушган бирор луқма, томчи, увоқдами? Ёхуд таомнинг лаганга, идишга ёпишиб қолган қисмидами?

Шунинг учун баракадан умидвор бўлган ҳар бир инсон бирор томчи ёки бирор увоқ таомни исроф қилмасин. Ҳаттоки, қўлини ва идишини ҳам ялаб қўйсин. Агар шундоқ қилмаса, ўз таомидан баракали жойини шайтони лаъинга берган бўлади.

Ушбу ҳадисни ўрганар эканмиз, беихтиёр бугунги кундаги таом борасидаги исрофлар ёдимизга тушади. Орадан файзу бараканинг кўтарилгани эсга тушади. Ўзимиз қилар ишни қилиб қўйиб, нимага барака қолмади экан, деб юришимиз эсга тушади. Аллоҳнинг динига амал қилмаслик шундоқ бўлади. Ҳар бир нарсада салбий натижаларга олиб келади.

 

171 - التَّاسِعُ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِلَعْقِ الأَصَابِعِ وَالصَّحْفَةِ، وَقَالَ: «إِنَّكُــمْ لَا تَدْرُونَ فِي أَيِّهِ الْبَرَكَةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2033].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «إِذَا وَقَعَتْ لُقْمَةُ أَحَدِكُمْ. فَلْيَأْخُذْهَا فَلْيُمِطْ مَا كَانَ بِهَا مِنْ أَذًى، وَلْيَأْكُلْهَا، وَلَا يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ، وَلَا يَمْسَحْ يَدَهُ بِالْمِنْدِيلِ حَتَّى يَلْعَقَ أَصَابِعَهُ، فَإِنَّهُ لَا يَدْرِي فِي أَيِّ طَعَامِهِ الْبَركَةُ». [2033/134].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «إِنَّ الشَّيْطَانَ يَحْضُرُ أَحَدَكُمْ عِنْدَ كُلِّ شَيءٍ مِنْ شَأْنِهِ حَتَّى يَحْضُرَهُ عِنْدَ طَعَامِهِ، فَإِذَا سَقَطَتْ مِنْ أَحَدِكُمْ اللُّقْمَةُ فَلْيُمِطْ مَا كَانَ بِهَا مِنْ أَذًى، فَلْيأْكُلْهَا، وَلَا يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ. [2033/135].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш