172. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда мавъиза қилиб туриб, «Эй одамлар! Сизлар Аллоҳнинг ҳузурига ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинасиз», дедилар. Сўнг «Аввал қандай яратган бўлсак, шундай ҳолга қайтарамиз. Бу зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз бунга қодирмиз»[1] оятини ўқидилар. Сўнг яна дедилар: «Билингларки, Қиёмат куни энг аввал кийим кийдириладиган зот Иброҳим алайҳиссаломдир. Билингларки, умматимдан бир қанча кишиларни келтириб, чап томонга олиб кетилади. Шунда мен: «Ё Роббим, улар менинг саҳобаларим-ку!» дейман. «Улар сендан кейин нималар пайдо қилганини билмайсан», дейилади. Шунда мен солиҳ банда (Ийсо алайҳиссалом) айтган сўзларни айтаман: «Ораларида бўлган пайтимда уларга гувоҳ эдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг эса уларга Ўзинг кузатувчи бўлдинг. Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан. Уларни азобласанг, улар Ўзингнинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, Сен азизсан, ҳакимсан»[2] дейман. Шунда менга: «Сендан кейин улар муртад бўлиб кетишган», дейилади».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Асҳоб» сўзи аслида суҳбатдош, ҳамроҳ деган маънони билдиради. Луғат жиҳатидан бу сўз бир марта суҳбатлашган кишига нисбатан ҳам қўлланилади. Шунингдек, у эргашувчига нисбатан ҳам ишлатилади. Бу ерда мана шу луғавий маъно қўлланилган. Урфга ва илмий истилоҳга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ёки саҳобалари деганда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамсуҳбат бўлиш шарафига муяссар бўлган ва иймонда вафот этган кишилар назарда тутилади.
Бу ерда чап тарафга олиб ўтилган асҳоблар кимлар экани ҳақида уламолар бир неча фикрлар айтганлар. Бу ҳақдаги бошқа ҳадис ва асарлардан хулоса қилиб айтганда, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида зоҳирда мусулмон бўлиб, аслида мунофиқ бўлган кишилар, шунингдек, у зотнинг ҳаётларининг охирги даврларида мол-дунё илинжида ёки бошқа бир моддий манфаатлар учун иймон келтириб, иймон қалбига ўрнашмагани учун у зотнинг вафотларидан кейин диндан қайтган, Исломнинг айрим арконларини инкор қилган муртадлардир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айнан ўша муртадларга қарши жанг қилганлар. Айрим шориҳларнинг таъкидлашича, бу ерда хаворижлар каби адашган тоифалар кўзда тутилган бўлиши ҳам мумкин.
Нима бўлганда ҳам, ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини, тарбияларини олган саҳобалар назарда тутилмагани аниқ, бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган. Чунки кўплаб оят ва ҳадисларда саҳобаларнинг иймон-исломлари, амаллари мақталган, аввалги самовий китобларда ҳам мадҳ этилганлари айтилган, Аллоҳ ва Унинг Расули улардан рози бўлгани қайта-қайта таъкидланган, уларнинг кўпларига жаннат башорати берилган ва ҳоказо. Уларнинг сийратларининг тозалигига тарих гувоҳ, мусулмонлар уларнинг тўғри йўлда бўлганларини асрлар оша бир овоздан таъкидлаб келганлар. Асҳоби киром – мусулмон умматининг энг афзал кишиларидир, инсониятнинг энг сара авлодидир. Бу ҳадисда мусулмонларни, хусусан, саҳобаларни ҳушёр бўлишга, иймонда собит бўлишга тарғиб қилиш ҳам бор.
172 - الْعَاشِرُ: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَامَ فِينَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بمَوْعِظَةٍ فَقَالَ: «أَيُّهَا النَّاسُ؛ إِنَّكُمْ تُحْشَرُونَ إِلَى اللهِ تَعَالَى حُفَاةً عُرَاةً غُرْلًا {كَمَا بَدَأْنَا أَوَّلَ خَلْقٍ نُعِيدُهُ وَعْداً عَلَيْنَا إِنَّا كُنَّا فَاعِلِينَ} [الأنبياء: 103] أَلَا وَإِنَّ أَوَّلَ الْخَلَائِقِ يُكْسَى يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِبْرَاهِيمُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، أَلَا وَإِنَّهُ سَيُجَاءُ بِرِجَالٍ مِنْ أُمَّتِى، فَيُؤْخَذُ بِهِمْ ذَاتَ الشِّمَالِ فَأَقُولُ: يا رَبِّ؛ أَصْحَابِي، فَيُقَالُ: إِنَّكَ لَا تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ، فَأَقُولُ كَمَا قَالَ الْعَبْدُ الصَّالِحُ: {وَكُنْتُ عَلَيْهمْ شَهيداً مَا دُمْتُ فِيهِمْ} إِلَى قولِهِ: {العَزِيزُ الحَكيمُ} [المائدة: 117، 118] فَيُقَالُ لِي: إِنَّهُمْ لَمْ يَزَالُوا مُرْتَدِّينَ عَلَى أَعْقَابِهِمْ مُنْذُ فَارَقْتَهُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4625، م 2860/58].
«غُرْلًا» أَيْ: غَيْرَ مَخْتُونِينَ.