175. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсаларни ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни ҳисоб-китоб қилади. Истаганини мағфират қилади, истаганини азоблайди. У ҳар нарсага қодирдир» нозил бўлганида бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига оғир келди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди. Кейин чўккалаб ўтиришди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга кучимиз етадиган амаллар – намоз, рўза, жиҳод ва садақа юкланган эди. Энди сизга мана бу оят нозил бўлибди. Бунга кучимиз етмайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ҳам ўзингиздан олдинги икки Китоб аҳли айтгандек, «Эшитдик ва осий бўлдик», демоқчимисизлар? Аксинча, «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз, қайтиш Ўзинггадир», денглар», дедилар. Шунда улар: «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз, қайтиш Ўзинггадир», дейишди. Одамлар буни қийналиб ўқиб юриб, тиллари ўргангач, Аллоҳ унинг кетидан: «Расул ўзига Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди, мўминлар ҳам. Барчалари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига «Расулларининг бирортасини ажратмаймиз», деб иймон келтиришди, «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадир», дейишди» оятини нозил қилди. Улар шундай қилгач, Аллоҳ буни насх қилди. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди: «Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас. Қилган яхши касби ўз фойдасига, қилган ёмон касби ўз зарарига. «Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, жавобгар қилмагин. – У Зот: «Хўп», деди – «Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганинг каби оғирликни бизга юкламагин. – У Зот: «Хўп», деди – Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. – У Зот: «Хўп», деди – Бизни афв эт, мағфират қил ва бизга раҳм айла. Сен Хожамизсан. Бас, кофир қавмлар устидан бизга нусрат бер. – У Зот «Хўп», деди».[1]
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: «У Зот «Хўп», деди» деганда Аллоҳ таоло бандаларга дуони Ўзи ўргатиб, уларнинг дуоларини ижобат қилгани айтилмоқда.
«Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига: «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз», – дея иймон келтирдилар. Ва: «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадир», – дедилар».
Ушбу ва кейинги ояти карима – иккиси ўзларида ушбу суранинг хулосасини мужассам қилгандир. Бу икки оятнинг ҳар бир сўзи улкан маъноларни англатади. Уларда ақийда, иймон хусусиятлари, банданинг ўз Робби билан бўладиган ҳоли, фарз қилинган амалларга муносабат ва бошқалар келган.
«Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам».
Пайғамбарнинг иймонидек кучли иймон бўлмайди. Чунки у тўғридан-тўғри Аллоҳдан қабул қилиб олинган иймондир. Оятда ана шу иймонга мўмин бандаларнинг шерик қилиниши улар учун улкан шарафдир.
«Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига: «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз», – дея иймон келтирдилар».
Бу қиёматгача инсониятнинг барчасига йўлбошчи бўладиган умматга хос иймондир.
Аллоҳга иймон келтириш исломий тасаввурнинг асосидир. У ҳаётий йўлнинг негизидир. Одоб, ахлоқ, иқтисод, сиёсат, хуллас, банданинг ҳар бир ҳаракати ва нафасининг ҳам асосидир.
Аллоҳга иймон келтиришнинг маъноси Унинг илоҳликда, тарбиякунандаликда ва ибодатда ягона Ўзи ҳақдор эканини эътироф қилишдир.
Инсоннинг қалбига, виждонига, ҳаётидаги ҳар бир ишига хўжайинлик ягона Аллоҳга хос, дея эътироф қилишдир. Бу ишларда Аллоҳга ҳеч қандай шерик йўқ.
Унинг яратувчиликда шериги йўқ. Ҳамма нарсани Ўзи яратган.
Тасарруфотда ҳам Унинг шериги йўқ. Барча ишларни ягона Ўзи тасарруф қилади.
Унинг ризқ беришда шериги йўқ. Ҳаммага ягона Ўзигина ризқ беради.
Унинг фойда беришда шериги йўқ. Ҳаммага фойдани ягона Ўзигина беради.
Унинг зарарли нарсаларни халқ қилишда шериги йўқ. Ҳамма зарар етказувчи нарсаларни халқ қилишни ягона Ўзи амалга оширади.
Борлиқдаги каттаю кичик ҳар бир нарса Аллоҳнинг изни ва иродаси билан бўлади.
Унинг ибодатга ҳақдорликда шериги йўқ. Барча ибодат ва барчанинг ибодати ягона Аллоҳнинг Ўзигадир. Унинг итоатга ҳақдорликда ҳам шериги йўқ. Барча тоат ва барчанинг тоати ягона Аллоҳнинг Ўзигадир.
Унинг бандалар қалби ва виждонига хожа эканида ҳам шериги йўқ. Ҳамманинг қалби ва виждонига ягона Аллоҳнинг Ўзи хожадир.
Унинг бандалар ҳаётига раҳнамолик қилишда ҳам шериги йўқ. Ҳамманинг ҳаётий йўлини, қонунларини, иқтисодини, муомалаларини ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб беради. Шомил иймон, Аллоҳга иймон келтириш худди шуни тақозо қилади.
Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш Аллоҳга иймон келтиришнинг ичида бор. Фаришталарга иймон келтиришга Аллоҳ буюрган. Шунинг учун ҳам иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалардан олдин Аллоҳга иймон мустаҳкам бўлиши керак, дейилади. Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш ҳис этиш аъзолари таъсирига тушмайдиган, улардан юқори бўлган ғайб нарсаларга иймон келтиришнинг бир қисмидир. Инсонни яратган Аллоҳ унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билганидан, ушбу ғайбий нарсага – фаришталарга иймон келтиришга буюрган.
«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас. Қилган яхши касби ҳам ўзига (фойда), қилган ёмон касби ҳам ўзига (зарар). «Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганинг каби оғирликни бизга юкламагин. Роббимиз, бизга қудратимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва бизга раҳм айла. Сен Хожамизсан. Бас, кофир қавмлар устидан бизга нусрат бер».
Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жон нимага ярайди-ю, нимага ярамайди – яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди:
«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас».
Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Ҳар бир банданинг
«Қилган яхши касби ўз фойдасига, қилган ёмон касби ўз зарарига».
Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, насли-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон-ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо Унинг ўзига ёлвориб дуо қилиши зарур:
«Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин».
Мўмин банда бор имконини ишга солиб, Аллоҳнинг фармонига мувофиқ иш юритишга ҳаракат қилади. Бу борада кўпгина тўсиқларни енгиб, қийинчиликларга бардош беради. Лекин у фаришта ҳам эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилиб қўяди ёки баъзи нарсаларни унутиб, эсдан чиқаради. Шунинг учун ҳам у дуонинг аввал бошида Аллоҳ таолонинг Ўзидан мазкур нарсалар учун азобга тутмасликни сўрамоқда. Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ушбу дуосини қабул этган.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Умматимдан уч нарса – хато, эсдан чиққан ишлар ва мажбур қилинганлик кўтарилди», – деганлар.
«Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганинг каби оғирликни бизга юкламагин».
Маълумки, Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларга улар қилган осийликлари учун қийин-қийин таклифлар юборган.
Баъзиларига тавба қилиш учун ўзини ўлдиришни амр қилган бўлса, бошқаларга нажосатни кетказиш учун кийимини кесишни буюрган. Шунга ўхшаш оғир ишлар Ислом умматига ҳам бўлмаслиги сўралмоқда:Бақара сураси, 284, 285, 286-оятлар
175 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا نَزَلَتْ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: {للهِ مَا فِي السَّمَوَاتِ وَمَا فِي الأَرْضِ وَإِنْ تُبْدُوا مَا فِي أَنْفُسِكُمْ أَوْ تُخْفُوهُ يُحَاسِبْكُمْ بِهِ الله} الآية [البقرة 283 ] اشْتَدَّ ذَلِكَ عَلَى أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَأَتَوا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ بَرَكُوا عَلَى الرُّكَبِ فَقَالُوا: أَيْ رَسُولَ اللهِ، كُلِّفْنَا مِنَ الأَعْمَالِ مَا نُطِيقُ: الصَّلَاةَ وَالصِّيَامَ وَالْجِهَادَ وَالصَّدَقَةَ، وَقَدْ أُنْزِلَتْ عَلَيْكَ هَذِهِ الآيَةُ وَلَا نُطِيقُهَا؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَتُريدُونَ أَنْ تَقُولُوا كَمَا قَالَ أَهْلُ الْكِتَابَينِ مِنْ قَبْلِكُمْ: سَمِعْنَا وَعَصَينَا؟ بَلْ قُولُوا: سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ» قَالُوا: سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ، فَلَمَّا اقْتَرَأَهَا الْقَومُ، وَذَلَّتْ بِهَا أَلْسِنَتُهُمْ، أَنَزلَ اللهُ تَعَالَى فِي إِثْرِهَا: {آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ؛ كُلٌّ آمَنَ بِاللهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ وَقَالُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ} فَلَمَّا فَعَلُوا ذَلِكَ نَسَخَهَا اللهُ تَعَالَى، فَأَنْزَلَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: {لَا يُكَلِّفُ اللهُ نَفْساً إِلَّا وُسْعَهَا، لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ، رَبَّنَا لَا تُؤَاخِذْنَا إِنْ نَسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا}، قَالَ: نَعَمْ {رَبَّنَا وَلَا تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْراً كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِنَا}، قَالَ: نَعَمْ {رَبَّنَا وَلَا تُحَمِّلْنَا مَالَا طَاقَةَ لَنَا بِهِ} قَالَ: نَعَمْ {وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا أَنْتَ مَوْلَانَا فَانْصُرنَا عَلَى الْقَومِ الْكَافِرينَ} قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [125].