179-ҳадис

179. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир жон зулм билан ўлдирилса, бундан Одамнинг биринчи ўғлига албатта унинг қонидан улуш бўлади. Чунки у қотилликни жорий қилган биринчи одамдир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Бу ҳадис ислом қоидаларидан биридир. Кимда ким ёмон бир бидъатни ўйлаб топса, то Қиёмат кунигача унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлади. Шунингдек, яхшиликни ижро қилган киши агар у саҳиҳ ҳадисга мувофиқ келса, савоби етади. Шу эътибор билан саждани бажармаган ҳар бир осий киши учун Иблиснинг ўша гуноҳда насибаси бордир. Чунки Иблис Роббисига биринчи бўлиб осийлик қилган. Ўша гуноҳига Иблис тавба қилмаган эди. Одам алайҳиссалом ҳам ман қилинган нарсани аввалги бўлиб еб, хилоф қилган бўлсалар ҳам ман қилинган нарсани бажариб қўйганларнинг гуноҳидан Одам алайҳиссаломга насиба йўқ. Бунга ижмоъ қилинган. Чунки Одам алайҳиссалом содир этган хатолари учун тавба қилганлар. Аллоҳ тавбаларини қабул қилган. Тавбалари билан гўёки тавба қилмагандек бўлганлар. Чунки тавба қилувчи киши гўёки гуноҳи йўқ киши кабидир.

«Одамнинг биринчи ўғли» дейилганда Одам алайҳиссаломнинг тўнғич ўғли назарда тутилади. У ўз инисига ҳасад қилиб, уни ўлдирган.

Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. Натижада Аллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.

Манбаларда унинг исми Қобил, укасининг исми Ҳобил бўлгани айтилади. У бу ишни, яъни қотилликни инсоният тарихида биринчи бўлиб бошлаб берган. Шунинг учун Қобил мазкур ишни қилган ҳар бир кишига шерик саналади ва унинг гуноҳига шерик бўлади.

Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилган туфайли бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул, Қобилникини қабул қилмаган эди.

Ҳасад ниҳоятда улкан гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибат. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманчиликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли чиқади. 

179 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ مِنْ نَفْسٍ تُقْتَلُ ظُلْماً إِلَّا كَانَ عَلَى ابْنِ آدَمَ الأَوَّلِ كِفْلٌ مِنْ دَمِهَا؛ لأَنَّهُ كَانَ أَوَّلَ مَنْ سَنَّ الْقَتْلَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3335، م 1677].


Улашиш
|
|
Нусха олиш