181. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким яхшиликка чақирса, ўзига эргашганларнинг ажрича унга ҳам ажр ёзилиб туради ва бу уларнинг ажридан ҳеч нарсани камайтирмайди. Ким ёмонликка чақирса, ўзига эргашганларнинг гуноҳича унга ҳам гуноҳ ёзилиб туради ва бу уларнинг гуноҳидан ҳеч нарсани камайтирмайди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда илм эгаллаб, кишиларни ҳидоятга чақирувчи бўлишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, жоҳилликдан, кишиларни залолатга чақирувчи бўлишдан қайтарилмоқда.
«Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса, уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди».
Илмли киши бир тўғри, савобли ишга чақирса, у туфайли қанча одам ўша савобли ишни қилса, унга эргашганларнинг ажрича ажр бўлар экан, қолаверса, амал қилувчиларнинг савоби камайиб ҳам қолмас экан. Илмнинг фойдасини қаранг. Илмли кишига кишиларни ҳидоятга чақиргани учун берилган улкан савобга қўшимча равишда ўша чақириққа биноан қилинган амалларнинг барчасига берилган савобчалик савоб ёзилар экан. Модомики, у киши тарқатган илм бор экан, одамлар унга амал қилиб турар эканлар, илм эгаси вафот этиб кетса ҳам орқасидан савоби бориб турар экан. Шу билан бир вақтда, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин.
«Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди»
Бир жоҳил одам кишиларни залолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилгани учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларнинг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан.
Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи бўлиш учун уринмоғи лозим. Мусулмон киши одамларни залолатга, гуноҳ ишларга чиқирувчи бўлмаслиги керак. Агар яхшиликка даъват қила олмаса, яхшиликка даъват қилаётганларга эргашсин, уларга қўлидан келган ёрдамини берсин. Залолатга, ёмонликка даъват қилаётганлардан узоқда бўлсин, уларга хайрихоҳлик кўрсатмасин, одамларни ҳам улардан эҳтиёт бўлишга чақирсин.
Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради. Ушбу таълимотлар билан бобдаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида яна ҳам яқинроқ танишамиз.
Илмнинг асари боқий қолишини унутмайлик. Доимо илмга яқин бўлишга интилайлик, кишиларни ҳам шунга даъват қилувчилардан бўлайлик!
181 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنَ الأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ، لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئاً، وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ كَانَ عَلَيْهِ مِنَ الإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ، لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ آثَامِهِمْ شَيْئاً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2674].