188. Абу Руқайя Тамийм ибн Авс ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир (холисликдир)», дедилар. «Кимга?» дедик. «Аллоҳга, Унинг Китобига, Расулига, мусулмонларнинг пешволарига ва барчаларига», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: «Дин насиҳатдир», дедилар.
«Насиҳат» луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни, ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.
Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва:
«Ким учун?» деб сўрадилар.
Яъни, «насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканини баён қилиб бердилар:
1. «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб насиҳат қилишдир.
2. «У Зотнинг китоби учун», яъни, Аллоҳнинг Китоби–Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.
3. «У Зотнинг Расули учун», яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатига, суннатига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга чақириш.
4. «Мусулмонларнинг имомлари учун».
Улар учун насиҳат қилиш, уларга итоат қилиш, одамларни ҳам шунга чақириш билан бўлади.
5. «Мусулмонларнинг оммаси учун».
Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.
Ушбу вазифаларни қилган одам диннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу осон иш эмас. Шунинг учун ҳам у диннинг мадори ҳисобланади. Чунки одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар учун қилинган насиҳат кўпчиликка хуш келмайди.
Бекорга бу ҳадиси шариф аксар ҳадис китобларида комил иймон сифатлари бобида келмаган. Қачон комил иймон бўлгандагина шундоқ насиҳат бўлади. Бундоқ насиҳатлар эса ўз навбатида самара беради. Аллоҳ учун, Аллоҳнинг Китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишни дин деб тушунган жамиятгина олдинга кетади, кўзлаган мақсадига етади.
Агар биз ушбу ҳадиси шарифдан фойда олмоқчи бўлсак, ана ўша тушунчани қайта тирилтирмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ учун, У Зотнинг китоби учун, У Зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишга ўтишимиз лозим бўлади.
Бу ҳадиснинг ҳикматига бутун дунё жуда муҳтож. Энг аввало, мусулмон олами муҳтож. Мусулмон олами, деб ном олган олам Исломдан узоқлашгани учун, динни насиҳат, деб билмагани учун турли муаммо ва кулфатларга кўмилиб ётибди.
188 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَميمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الدِّيْنُ النَّصِيحَةُ» قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: «للهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [55].