19. Ағар ибн Ясар ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар. Чунки мен бир кунда юз марта тавба қиламан», дедилар.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Имом Бухорийдан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кунда етмиш марта истиғфор айтиб, тавба қиламан, дедилар. Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда юз марта тавба қиламан, дедилар.
Меҳрибон, Раҳмли, Билгувчи, Ҳалийм, Ғаний, Карим ва Кечиримли Парвардигорига тавба-тазаррулар қилиб, истиғфор айтаётган банда қалбида ажиб бир ором ва таскин туяди. ғам-ташвишлардан фориғ бўлиб, Аллоҳ таоло раҳмати ва розилиги хушхабари билан хушнуд яшайди. Қалби хотиржам банда ҳеч қачон умидсизликка тушмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг қалбимни (ҳам одамларни машғул қилиб қўядиган ғам-ташвишлар...) ўраб олади ва мен бир кунда юз марта Аллоҳдан мағфират сўрайман”. (Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло унинг ҳар қандай ғамини аритиб, танглик-қийинчилигини кетказиб ва уни ўзи ўйламаган томонидан ризқлантириб қўяди”. (Абу Довуд ривоятлари).
Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар қандай дарднинг давоси бор. Гуноҳлар давоси истиғфордир”.
Қатода айтадилар: “Қуръон дардларингизни ҳам, даволарингизни ҳам баён қилган. Дардингиз гуноҳлар бўлса, давоингиз истиғфордир”.
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “(Қиёмат куни) саҳифасида кўп истиғфор топган бандага нақадар яхши!”
Абу Минҳол айтадилар: “Киши қабрда кўп айтилган истиғфордан-да суюклироқ қўшни топа олмайди”.
Олимлар айтадилар: “Гуноҳкорлар таянчи фақат кўз ёш ва истиғфордир. Кимки гуноҳлардан ғамга ботса, кўп истиғфор айтади”.
Қалб арбоблари: «Авомнинг тавбаси ёмонликлардан тавба қилишидир. Хоснинг тавбаси ғафлатда қолишдан тавба қилишидир. Хосларнинг хосининг тавбаси, яхшиликларга (бепарво) қараб қўйишидандир», деб айтишди.
Кўп истиғфор айтувчи банданинг бемаъни гап-сўзларга вақти бўлмайди. Чунки унинг қалбида кечиримлилик ва ҳусни хулқ ривож топади. Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят:
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мен тили ўткир одамман. Тилимнинг ўткирлиги асосан аҳли оилам устига тушади, - дедим.
- Сен истиғфор айтишни қўйиб қаерларда юрибсан?! Мен бир кеча-кундузда юз марта Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Имом Аҳмад ривоятлари.
Истиғфор уламолар истилоҳида дуо, тавба ва бошқа тоатлар ила гуноҳнинг мағфират қилинишини сўрашдир.
Истиғфор қандай айтилади?
Ўқилиши: “Астағфируллоҳ”.
Маъноси: “Аллоҳдан (гуноҳларимни) кечиришини сўрайман!”
Ўқилиши: “Астағфируллоҳа ва атувбу илайҳ”.
Маъноси: “Аллоҳдан кечирим сўрайман, Унга тавба қиламан!”
Ўқилиши: “Астағфируллоҳаллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайял қойюма ва атувбу илайҳ”.
Маъноси: “Ундан Ўзга илоҳ бўлмаган, доим тирик, ҳар нарсанинг устида қоим турувчи Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан!”
Ўқилиши: “Роббиғфир лий ва туб ъалай, иннака антат тавваабур роҳийм”.
Маъноси: “Парвардигорим, (гуноҳларимни) кечир, тавбамни қабул эт! Зеро, Сен тавбаларни қабул қилувчи, Меҳрибон Зотсан!”
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мажлисда шундай деб юз марта истиғфор айтганлар.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ўқилиши: “Субҳаанака ва биҳамдика астағфирука ва атувбу илайк”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сен ҳар қандай нуқсондан Поксан, ҳамду санога фақат Ўзинг лойиқсан. Сенга истиғфор айтаман ва тавба қиламан!”
Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан олдин мана шу дуони жуда кўп ўқиганлар.
Имом Муслим ривояти.
Ўқилиши: “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атувбу илайк”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сен (барча айб-нуқсонлардан) Поксан. Сенга ҳамд айтаман. Сендан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Сенга истиғфор айтаман ва тавба қиламан!”
Абу Саид розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Кимда-ким таҳорат қилиб, (сўнг) “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атувбу илайк”, деса, уни бир саҳифага ёзилади ва унга муҳр урилади, қиёмат кунигача у ўчирилмайди”.
Ҳоким “Мустадрак”да, Насаий “Сунанул кубро”да ва Табароний “Авсат”да ривоят қилган.
Ўқилиши: “Аллоҳумма, мағфиротука авсаъу мин зунувбий, ва роҳматука аржаа ъиндий мин ъамалий”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сенинг мағфиратинг гуноҳларимдан кенгдир. Менинг наздимда, раҳматинг амалимдан умидлироқ”.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Оҳ, гуноҳларим! Оҳ, гуноҳларим!” деб икки-уч бор нола чекди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳалиги кишига мана шу истиғфорни ўргатдилар.
(Имом Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Ўқилиши: “Аллоҳумма, инний золамту нафсий зулман касийро, ва лаа яғфируз-зунувба иллаа ант, фағфир лий мағфиротам-мин ъиндик, варҳамний, иннака антал ғофуврур-роҳийм”.
19- وَعَنِ الأَغَرِّ بْن يَسَارٍ الْمُزَنِيِّ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ، تُوبُوا إِلَى اللهِ، فَإِنِّي أَتُوبُ فِي اليَوْمِ مِائَةَ مَرَّةٍ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2702/42].
أَسْتَغْفِرُ اللهَ.
أَسْتَغْفِرُ اللهَ وَأَتُوبُ إِلَيهِ.
أَسْتَغْفِرُ اللهَ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيَّ الْقَيُّومَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ.
رَبِّ اغْفِرْ لِي وَتُبْ عَلَيَّ إِنَّكَ أَنْتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ.
سُبْحَانَكَ وَبِحَمْدِكَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ.
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ.
أَللَّهُمَّ مَغْفِرَتُكَ أَوْسَعُ مِنْ ذُنُوبِي وَرَحْمَتُكَ أَرْجَى عِنْدِي مِنْ عَمَلِي.
اللَّهُمَّ إِنِّي ظَلَمْتُ نَفْسِي ظُلْمًا كَثِيرًا وَلَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ فَاغْفِرْ لِي مَغْفِرَةً مِنْ عِنْدِكَ وَارْحَمْنِي إِنَّك أَنْتَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ.