191. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Ким бир мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бундай қила олмаса, тили билан, буни ҳам қила олмаса, қалби билан (норози бўлсин). Лекин бу иймоннинг энг заифидир», деб айтганларини эшитдим.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни кўпроқ амри маъруф ва наҳйи мункар бобида келтирадилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.
«Мункар иш» деганимиз дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон ишни билдиради. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:
1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».
Бу куч ишлатиб, деган маънони билдиради. Яъни, бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна, мункарни қайтаришдан олдин, ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.
2. Мункар ишни тили билан қайтариш.
Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам, сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.
3. Мункар ишни дили билан қайтариш.
Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди, дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилур. Бу эса, энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса, ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.
Аллоҳ хоҳласа, «Амри маъруф ва наҳйи мункар» бобида бу ҳақида батафсил сўз юритамиз. Ушбу бобда эса, ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз керак. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда, ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини–Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина, нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг мазкур ҳадисни ривоят қилишлари.
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: Ҳайит куни хутбани намоздан олдин биринчи бўлиб бошлаган киши Марвон бўлди. Шунда бир киши ўрнидан туриб, деди:
- Хутбадан олдин намоз ўқилади!
- У нарса тарк қилинди! - деб жавоб берди Марвон. “Ўша одам ўз бурчини адо этди”, - дедилар Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу - Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қай бирингиз бирон ёмонликни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин...” (Муслим ривоятлари).
Бухорий ва Муслим ривоят қилган бошқа бир ривоятда Марвоннинг қўлидан тортқилаб, юқоридаги сўзни айтган киши сифатида Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳикоя қилинади ва Марвон уларга “У нарса тарк қилинди!” деб жавоб беради.
Эҳтимол, ҳалиги киши биринчи бўлиб гапиргандир. Сўнг мункарни қўл билан ўзгартириш мақсадида Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу сўз олган бўлишлари мумкин. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир!
2. Ботил аҳлига қарши курашмоқ.
Ҳаёт яратилганидан буён ҳақ билан ботил яшаб келмоқда. Диллардаги иймон шуъласи ўчиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло Пайғамбарлар юбориб турди. Улар иймон чўғини пуфлаб, қайтадан аланга олдирдилар. Пайғамбарларнинг содиқ издошлари ҳар доим ҳар ерда Ҳақ ҳимоясида эдилар. Албатта бундай пайтларда ботил аҳли бошини эгиб яшашга мажбур бўларди. Бироқ қулай фурсат келиши билан улар яна фисқу фасод тарқатишга киришардилар. Оқибатда Ҳақнинг холис мухлислари ёмонликнинг олдини олиш учун ҳам тил билан, ҳам қўл билан ҳаракат қилиб майдонга чиқишар эди. Иймон эгалари ҳеч қачон ёвуз, сохта маъбудлар тантанасига жим қараб турмаганлар! Фақат иймон нуридан маҳрум бўлган ва ҳаёти дунёда хорликни, Охиратда эса аламли азобни ўзларига насиба қилиб олган шўрпешоналаргина золимларга таъзим қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мендан аввал Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи ёрдамчилари ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Булар кетидан кейинги авлод келади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиришади. Буюрилмаган ишларни қилишади. Кимки уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!” (Муслим ривоятлари).
3. Мункардан қайтармоқ.
Ҳар бир мусулмон учун ёмонликнинг олдини олмоқ вожибдир. Киши имкон қадар мункар амални тўсмоғи, уни ўзгартирмоғи лозим. Мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва қалб билан мункарга қарши курашадилар.
а) Қалб билан инкор қилмоқ.
Яхши-ёмонни фарқламоқ ва мункар ишни қалбдан инкор этмоқ ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимса ҳалокат жарига қулайди. Ҳатто қалбида ҳам мункарни инкор этмаслик кишининг иймондан маҳрум бўлганига далолат қилади.
Али разияллоҳу анҳу дедилар: “Сизлар энг биринчи мағлуб бўладиган жиҳод қўлларингиз билан қиладиган жиҳоддир! Сўнг тилларингиз жиҳоди, сўнг қалбларингиз жиҳоди... Қачон инсон қалби яхши нарсани тан олмай қўйса, бу уни ўзгартириб, остин-устин қилиб юборади!” Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир кишининг “Кимда-ким яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармас экан, ҳалок бўлур!” деган сўзларини эшитиб, шундай дедилар: “Қалбида яхши-ёмонни танимаган кимса ҳалок бўлур!”
б) Инсон ҳеч нарса қила олмаса, мункарни қалби билан инкор этади.
Киши мункар амални қўли ёки тили билан инкор эта олмаса, уни қалби билан ёмон кўриб, зиммасидаги масъулиятни адо этади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Қай бирингиз узоқроқ умр кўрса, (шундай замонларни кўрадики,) бирон мункар ишни кўрганда, унинг шу мункарни ёмон кўришини фақат Аллоҳ таоло билади, холос. Банданинг қўлидан бошқа ҳеч нарса келмайди”.
Инсон ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавфсираса, ожиз саналади. Бироқ шундай зарар келади, деган кучли гумон ғолиб бўлмаса ҳам мункарни инкор этмай қўйса, қалбда норози бўлиб туриш билан зиммасидаги вожиб юкидан халос бўлмайди. Яъни, киши ўзини бехавотир сезган заҳоти мункарга қарши қўли ёки тили билан курашмоғи лозим.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло Қиёматда бандасидан “Мункар ишни кўрганингда, уни инкор этишдан нима тўсди?”, деб сўрайди. Аллоҳ банданинг тилига хужжатини солса, у айтади: “Парвардигорим! Мен Сендан умидвор бўлдим ва одамлардан ажралдим!” (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
в) Маъсиятга рози бўлмоқ гуноҳи кабирадир.
Маъсиятга қалбида рози бўлган кимса, ўша маъсиятнинг устида бўлган-бўлмаганидан қатъиназар, улкан гуноҳга қўл урган ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг шоҳиди бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса” дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг шоҳиди кабидир”.
Яъни, маъсиятни қўли ёки тили билан ўзгартишга қодир бўлмаган мусулмон уни қалбидан ёмон кўрса, бамисоли ўша маъсиятни кўрмаган кишидек унга жавоб бермайди. Бироқ гуноҳга розилик кўзи билан боқмоқ қалб инкорини ҳам йўққа чиқаради. Маълумки, маъсиятни ҳеч бўлмаса қалбда ёмон кўриш фарзи айн ҳисобланади.
г) Маъсиятни қўл ёки тил билан инкор қилиш икки хил бўлади:
Фарзи кифоя
Бирон маъсият-мункар ишни мусулмонларнинг бир жамоаси кўрса ёхуд эшитса, ушбу маъсиятни инкор этиш уларга вожиб бўлади. Агар жамоатдан бир киши шу ишни амалга оширса, қолганлар устидан масъулият соқит бўлади. Аммо мункарни қайтариш ёки ўзгартиришга уларнинг ҳеч бири ҳеч қандай сабабсиз эътибор бермаса, барчалари бирдек гуноҳкор бўладилар. “Ораларингиздан яхшиликка даъват қиладиган, амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган бир жамоат бўлсин!” (Оли Имрон, 104-оят).
Фарзи айн.
Бирон мункарни эшитган-кўрган киши агар уни ўзгартиришга ёки тўхтатишга қодир бўлса, мазкур вазифа унинг зиммасига тушади. Шунингдек, маъсиятни бир гуруҳ мусулмонлар кўрган-эшитган бўлсалар ҳам уни ўзгартириш ёки тўсиш фақат битталарининг қўлидан келса, айни вазифа айнан ўша қодир мусулмоннинг зиммасига тушади. Агар у қодир бўла туриб маъсиятнинг олдини олмаса, гуноҳкор саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қай бирингиз бирон гуноҳ-маъсиятни кўрса...” дедилар. Яъни, ундан бошқа киши шу маъсиятни кўрмаган. Хабардорлик ва қодирлик ҳам кўрмоқ билан баробар.
4. Қурби етса ҳам гуноҳ-маъсиятдан қайтармаслик оқибатлари.
Агар мункар ишларнинг олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибат ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади! “Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлангандир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишлардан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” (Моида сураси, 78-79-оятлар).
Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир қавм орасида гуноҳ-маъсиятлар қилинсаю, улар ўзгартишга қодир бўла туриб, маъсиятларни ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло улар устига умумий жазо-азоб жўнатишига сал қолади”. (Абу Довуд ривоятлари).
Жарир разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир қавм орасида бир киши маъсият ишларни қилсаю, қавм уни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартирмаса, Аллоҳ таоло улар устига ўлмасларидан олдин азоб юборади”.
Адий ибн Умайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло хос (бир тоифа) кимсалар қилмиши сабабли оммани азобламайди. Бироқ одамлар ён-атрофларида қилинаётган мункарни кўриб туриб, уни инкор этишга қодир бўлсалар ҳам инкор этмасалар, Аллоҳ таоло оммани ҳам, хос кимсаларни ҳам азоблайди!” Бир ривоятда: “Агар мункар иш ошкора қилинса, ҳаммалари азобга ҳақли бўлади...” дейилган.
Ушбу мавзуни лўнда ва қойилмақом ёритиб берадиган мана бу ажабтовур масалга эътибор қаратинг-а: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай дейишди:
- Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик.
Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади”. (Бухорий ривоятлари).
Жамиятда содир этилган ҳар бир маъсият ушбу жамият хавфсизлигига хатар солувчи бир тирқишдир!
5. Нотўғри тушунчалардан йироқ бўлмоқ.
Кўпчилик мусулмонлар мункарга қарши турмасликларини турли баҳоналар билан оқлашга уринишади. Улар ўзларича Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини ҳужжат сифатида келтиришади: “Эй мўминлар, ўзингизни билингиз. Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашганлар сизларга зарар етказа олмайди”. (Моида, 105-оят).
Агар тўғри фаҳмланса, ушбу оят ҳам мункарни инкор қилишга буюраётгани аён бўлади.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу дедилар: “Эй одамлар, сизлар ушбу оятни ўқиб, уни нотўғри талқин қиласизлар. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини эшитганмиз: “Одамлар золимни кўриб туриб, унинг қўлидан тутмасалар, Аллоҳ таоло ҳаммаларини азобга гирифтор қилишига сал қолади!” (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
“Саҳиҳи Муслим” шарҳида имом Нававий ёзадилар: “Муҳаққиқ олимлар наздида ушбу оятнинг тўғри маъноси қуйидагича: Модомики, сизлар ўз устларингиздаги вазифани адо этаркансизлар, ўзгаларнинг қосирликлари сизларга зарар бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига ўхшайди: “Ҳеч бир кўтарувчи ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас”. (Анъом, 164-оят). Албатта амри маъруф ва наҳий мункар ҳам мукаллафнинг[1] вазифалари қаторига киради. Банда ёмонликдан қайтариш билан ўз вазифасини адо этган бўлади. Ёмоннинг ёмонликдан қайтмаганига у жавоб бермайди. Наҳий мункар қилиш билан унинг иши тугайди. Валлоҳу аълам!”
6. Катта зарар юзага келишидан қўрқиб наҳий мункарни тарк қилмоқ.
Инсон мункарнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам айни мункардан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқса, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади” деган аслий қоидага биноан унинг устидан вожиб соқит бўлади. Фақат наҳий мункар ортидан келадиган ёмонлик киши наздида нақд бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишига сабаб бўла олмайди. Мукаллаф назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади.
7. Амри маъруф ва наҳий мункарга қулоқ солмайдиган кимсага ҳам насиҳат қилинаверади.
Мусулмон киши бир банданинг насиҳатни қабул қилиш-қилмаслигидан қатъиназар, уни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверади. Олимлар бу билан мукаллаф ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейишади. Чунки ундан насиҳатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган. Биз юқорида Имом Нававийнинг сўзларини келтириб ўтган эдик. “Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос”. (Ғошия сураси, 21-оят). “Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос”. (Шўро сураси, 48-оят). “Панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур”. (Зориёт, 55).
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг “ўша одам ўз устидаги вазифани адо этди”, деган сўзлари ҳам шу маънода эди.
Ҳаддан ошган қавм Аллоҳ ман этган шанба кунида балиқ овларди. Золим қавм насиҳатга қулоқ солмаслигини билсалар-да, солиҳ инсонлар уларга панд-насиҳат қилдилар. “Ўшанда бир жамоат: “Не сабабдан Аллоҳнинг ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (Қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)”. (Аъроф, 164-оят).
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан ўзларини четга тортадиган айрим кишилар “Ўзингни қийнама. Гапирган билан фойдаси йўқ!” деб бошқаларни ҳам вожиб амаллардан тўсадилар. Улар қуйидаги ояти каримани ҳужжат қилиб келтиришади: “Аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз”. (Қасос сураси, 56-оят).
Ахир бу оят Абу Толиб хусусида нозил бўлган-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларини ҳамиша Исломга даъват қилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдилар. Бироқ Абу Толиб сўнгги нафасигача ширкдан қайтмади. Ҳимоячилари ва ёрдамчилари бўлмиш Абу Толибдан айрилиб қолган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тасалли бериб, юқоридаги оятни нозил этди. Яъни: “Сиз ўзингиз хоҳлаган кишининг қалбига иймон-ҳидоят ўрнаштира олмайсиз!” Аллоҳ таоло Пайғамбарини амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан қайтармаган. Аксинча... “Албатта сиз тўғри йўлга етаклайсиз!” (Шўро сураси, 52-оят); “Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (Ҳақ даъватини) ошкора қилинг!” (Ҳижр сураси, 94-оят).
8. Ҳақ сўзни айтишдан чўчиманг!
Мусулмон киши ўзи тоқат қила оладиган моддий-маънавий зарар-азиятларга парво қилмасдан, одамларнинг маломат қилишлари, яккалаб қўйишлари ва масхараларидан чўчимасдан ва қаршисидаги банданинг обрў-эътибори, мансаби ёки бойлигидан ҳайбатга тушмасдан, ҳикмат билан муносиб сўзларни топиб, амри маъруф ва наҳий мункар қилмоғи лозим.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хутбаларида бундай дедилар: “Огоҳ бўлинглар! Одамларнинг ҳайбати ҳақни билган кишини ҳақни айтишдан тўсмасин!”.
Абу Саид разияллоҳу анҳу йиғлаб, дедилар: “Биз қанча нарсаларни кўриб, гапиришга ботинолмадик!” (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Имом Аҳмад ривоятларида қуйидагича қўшимча ҳам бор: “Ҳақнинг айтилиши ёки улкан нарсанинг зикр этилиши билан ажал яқинлашиб ҳам қолмайди, ризқ узоқлашиб ҳам кетмайди!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Ҳеч бирингиз ўзини камситмасин!”
- Ё Расулуллоҳ! - дейишди саҳобалар - қандай қилиб биз ўзимизни камситишимиз мумкин?
- Сизлардан кимдир Аллоҳ амри-буйруғини кўради (билади). Айни масалада (яъни шу амрга хилоф иш қилинаётганда) уни ўзгартириш учун гапириш керак эди. Бироқ у ҳеч нарса демайди. Аллоҳ таоло ундан “Фалон-фалон ўринда сени гапиришдан нима тўсди?”, деб сўрайди.
- Одамлардан қўрқдим, - дейди у. Аллоҳ таоло айтади:
- Сен Мендан қўрқишинг керак эди! (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
Уламолар шарҳлайдилар: “Бу ерда қуруқ қўрқув-ваҳима назарда тутилаяпти. Чунки мусулмон киши инсон тоқат қила олмайдиган молиявий ёхуд маънавий зарар сабабли ёмонликни инкор қилмаса, узрли саналади”.
9. Раҳбарларга амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ.
Амри маъруф ва наҳий мункар бутун уммат устидаги вожибдир. Уммат раҳбарлар ва фуқаролардан таркиб топган. Демак, ҳар икки томон бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб турмоғи лозим. Раҳбарлар гуноҳ-маъсиятга берилсалар, қодир кишилар қўллари ва тиллари билан уларни тўғрилаб қўйсинлар. Зулм ва мункар амалларнинг йўлини тўссинлар.
Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: Мен Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан сўрадим:
- Султонни яхшиликдан буюриб, ёмонликдан қайтарайинми?
- Агар сени қатл қилишидан қўрқсанг, панд-насиҳат қилма! - деб жавоб бердилар Ибн Аббос разияллоҳу анҳу.
Мен ушбу саволни икки маротаба такрорладим. У киши ҳар гал бир хил жавоб бердилар. Кейин:
- Агар панд-насиҳат қилишинг зарур бўлса, яккама-якка гаплаш! - дедилар Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу.
Имом Товус айтадилар: “Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб, деди:
- Шу султоннинг олдига чиқиб, унга амри маъруф ва наҳий мункар қилайми?
- Унинг учун фитна бўлма! - дедилар Ибн Аббос разияллоҳу анҳу.
- Султон мени маъсият ишга буюрса-чи?
- Буни назарда тутаётганмидинг? Ундай чоғда эркак бўл!”
Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа бўлиб кўтарилганларида раҳбар учун ҳам, раият учун ҳам фойдали бўлган қуйидаги насиҳатни айтган эдилар: “Сизларга халифа бўлдим. Ҳолбуки, мен орангиздаги энг яхши инсон эмасман. Агар ишни тўғри олиб борсам, менга кўмак беринглар. Нотўғри олиб борсам, мени тўғрилаб қўйинглар. Модомики, сизларнинг устингизда Аллоҳга итоат қилар эканман, сизлар ҳам менга итоат этинглар. Агар Аллоҳга осий бўлсам, менга бўйсунманглар!»
Раиятнинг панд-насиҳат қилиши, раҳбарларнинг қулоқ осиши лозимлиги хусусида Умар разияллоҳу анҳу қуйидагича намуна кўрсатганлар. Бир киши Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга “Эй Умар, Аллоҳдан қўрқ!” деб қўпол гапирди. Султонга яхши кўриниб, унга яқинлашиб олишни истаган бир кимса ушбу қулай фурсатдан фойдаланмоқчи бўлиб, деди:
- Амирулмўмининга силлиқроқ гапир!
- Агар (панд-насиҳат) калимасини айтмасангизлар, сизларда яхшилик йўқ. Агар панд-насиҳатни қабул қилмасак, бизларда яхшилик йўқ! - деб жавоб бердилар Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу.
Аллоҳ таоло Ислом раҳбарларини ана шундай нодир шахслар сийратига иқтидо этгувчилардан қилсин!
10. Панд-насиҳат қилиш фитна қўзғаш эмас.
Мункарни ўзгартириш деганда қурол кўтариб чиқиш тушунилмайди. Чунки қўлларнинг қиличга югуриши фитна келтириб чиқариши ва кўп ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Мусулмонлар чиройли панд-насиҳат қилиб бир-бирларини ўнглайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Дин насиҳатдир!
- Ким учун Ё Расулуллоҳ! - сўрашди саҳобалар.
- Аллоҳ, Унинг Китоби, Пайғамбари, мусулмонлар раҳбари ва оммаси учун! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари).
Аллоҳ китоби учун насиҳат - унга амал қилмоқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун насиҳат - суннатни маҳкам тутмоқ, Ислом раҳбарлари ва оммаси учун насиҳат эса уларнинг бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришларидир! “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни ато этадилар. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур! Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир”. (Тавба, 71-оят).
11. Ҳикмат билан панд-насиҳат қилмоқ.
“Парвардигорингизнинг йўли-динига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят).
Буюрилаётган ва қайтарилаётган иш турига ёки қайтарилаётган киши ҳолатига қараб юмшоқ ёки қаттиқ тарзда панд-насиҳат қилинади. Яъни, қайси услуб кўзланган мақсадга тезроқ ва яхшироқ етказса, ўша йўл маъқул топилади. “(Эй Мусо ва Ҳорун), сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, Чунки у ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар. Шояд, панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса!” (Тоҳо, 43-44-оятлар).
“Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг!” (Тавба, 73-оят).
Шу боис амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши, хусусан, қуйидаги сифатларга эга бўлмоғи шарт: мулойимлик, ҳалимлик, адолатпарварлик ва илм.
Суфён Саврий айтадилар: “Қуйидаги учта сифатга эга бўлмаган кимса панд-насиҳат қилмасин: буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам мулойимлик; буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам адолатли бўлмоқ; буюраётган ёки қайтараётган нарсасини яхши билмоқ”.
Имом Аҳмад айтадилар: “Одамлар муросаю мадорага, мулойимликка муҳтождирлар. Амри маъруф ҳеч вақт қўрслик билан қилинмайди. Фақат фисқу фасодни ошкора қилувчига қаттиқ муносабатда бўлинади”. Чунки у ҳурматга лойиқ эмас.
Имом Аҳмад бундай дедилар: “Даъватчи мулойимлик ва хокисорлик билан буюради. Агар одамлар унга ёқимсиз сўзни айтсалар, аччиқланмайди. Акс ҳолда ўзи учун ўч олган бўлиб қолади”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу асҳоблари бирон қавм ёнидан ўтаётиб, улардан кўнгилсиз нарсаларни кўрсалар, “Секинроқ, Худо хайрингизни берсин, секинроқ!” дер эдилар.
12. Сабр-тоқат билан панд-насиҳат қилмоқ ва бу йўлда етган озор-азиятларни кўтармоқ.
Ибн Шубрума айтадилар: “Амри маъруф ва наҳий мункар худди жиҳод кабидир. Бу ўринда ҳам бир шахс икки киши қаршисида сабот билан турсин. Панд-насиҳат қилувчининг икки кишидан қўрқиб қочмоғи ҳаром. Бироқ бундан ортиғига сабр қилмоғи вожиб эмас. Албатта оғир бўлса-да, азиятларга сабот билан туриб бермоқ янада афзал”.
Имом Аҳмад ҳам шуни таъкидлаганлар. “Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балоларга) сабр қил!” (Луқмон сураси, 17-оят).
Бировдан дашном ёки ҳақорат эшитиш хавфи мункарни қайтариш бурчини зиммадан соқит қилмайди.
13. Аллоҳ йўлида азият чекмоқ азизликдир!
Аллоҳ учун амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи одам жоҳилларнинг озорлари билан хорланиб қолмайди. Билъакс, бу ҳақиқий мукаррамлик, дунёю Охират азизлиги ва Аллоҳ йўлидаги энг улуғ шаҳидликдир!
Имом Аҳмаддан сўрашди:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўмин ўзини хорламасин!” (яъни, тоқатидан ташқари бало-мусибатларга ўзини урмасин!) - деганмилар?!
- Бу бошқа нарса”, - деб жавоб бердилар имом Аҳмад.
Яъни, келадиган озорга чидай олмаслигини билган мўмин мункар ишни фақат қалбида ёмон кўради ва саломат қолади. Ўзининг бунга бардош бера олишини билган мўмин эса мункар қаршисида жим турмайди. Биз ана шундай қатъиятли шахслар хусусида гапираяпмиз. Албатта, мункарни қалб билан инкор этмоқ энг қуйи даражадир.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Энг афзал жиҳод золим султон қаршисида айтилган ҳақ сўздир!” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва золим раҳбар қаршисига чиқиб, унга панд-насиҳат қилгани учун қатл этилган кишидир!” (Ҳоким ривоятлари).[2]
Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ наздида энг мукаррам шаҳидлар ҳақида сўрадим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича жавоб бердилар: “Золим ҳоким қаршисида туриб унга панд-насиҳат қилгани учун қатл этилган киши!” (Баззор ривоятлари).
14. Очиқ-ойдин кўриниб турган мункар ишлар инкор этилади. Яширин мункар ишларни қидириб топиш учун жосуслик қилинмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бирингиз мункарни кўрса...” деганлар. Бироқ биз учун махфий бўлган, шак-шубҳа аралашган айрим ножўя ишлар сўраб-суриштирилмайди. Чунки бундай жосуслик Ислом шариатида ман қилинган.
Мункар ишни билган ёки жойидан, келиб чиқишидан хабардор бўлган киши худди уни кўрган киши кабидир. Масалан, ишончли одамнинг хабар бериши ёки мункар борлигини билдирувчи белгилар топилиши билан айни фасоднинг олдини олиш ва уни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун муносиб чоралар кўрилади.
Бир мункарни фош этмоқ учун девор ошиб, уйларга бостириб кириш мумкинми? Агар тахмин этилаётган мункар иш вақти ўтса ёки ҳаяллаб қолинса кейин ўнглаб бўлмайдиган зино, одам ўлдириш каби гуноҳлардан бўлса, ушбу мункар ишларнинг кенг ёйилиб кетмаслиги, фисқу фасод томир отмаслиги учун шубҳа остига олинган ўринлар кузатилиши-текширилиши мумкин.
Мазкур доирага кирмайдиган мункар ишлар устида кузатув олиб борилмайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга “Фалончининг соқолидан ароқ томчилайди!” дейишганида, улуғ саҳобий қуйидагича жавоб бердилар: “Аллоҳ таоло бизни жосуслик қилишдан қайтарган!”
15. Ихтилофли нарсалар инкор қилинмайди.
Уламолар ижмосига биноан фақат билиттифоқ ҳаром саналган иш қилинса ёки аниқ фарз бўлган амал тарк этилса, қаршилик кўрсатилади. Масалан, ароқхўрлик, судхўрлик, аёлларнинг очиқ-сочиқ юриши, намозни тарк қилиниши ва ҳоказо.
Уламолар орасида фарзлиги ёки ҳаромлиги тортишувли бўлган масалаларга келганда инкор қилинмайди. Албатта, бу ерда уммат эътироф этган уламолар маълум далил асосида туриб тортишган, турли хил фикр билдирган масалалар назарда тутилмоқда. Хаворижлар каби суннатга хилоф юрган фирқаларнинг ихтилофлари, ҳеч қандай далилсиз чиқарилган ғайриоддий ҳукмлар ёки саҳиҳ-кучли далилга зид бўлган ихтилофлар мутлақо эътиборга олинмайди. Мисол тариқасида мутъа никоҳини келтириб ўтамиз. Мутъа маълум вақтга уйланиш демакдир. Гарчи айрим тоифалар мутъа никоҳига рухсат берган бўлсалар-да, унинг ҳаромлигига ва ҳалоллигининг мансух қилинганига[3] саҳиҳ далиллар мавжудлиги боис мазкур никоҳ ботил саналади. Мутъа никоҳига кўра уйланган кимса зинокор ҳисобланиб, ҳад урилади.
16. Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш масъулияти.
Амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ бутун уммат зиммасидаги вазифадир. Мункар ишни кўрган-билган ва инкор этишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон суннатга мувофиқ уни рад қилмоғи шарт. Бу борада ҳоким билан маҳкум, олим билан оми ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. “Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. (Оли Имрон, 110-оят). “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар...” (Тавба, 71-оят).
Ҳар иккала оятда ҳам бутун умматга хитоб қилинган. Шунингдек, панд-насиҳат қилишга буюрувчи ҳадисларнинг аксарият қисми ҳам бутун умматга тааллуқлидир: “Қай бирингиз мункар ишни кўрса, уни ўзгартирсин!”; “Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар!”
Аммо ушбу масъулият, хусусан икки синф - олимлар ва раҳбарлар зиммасида алоҳида таъкидланган.
а) Олимлар масъулияти.
Уламолар Аллоҳнинг шариатини бошқалардан яхшироқ биладилар. Ҳикмат ва чиройли мавъиза билан панд-насиҳат қилувчи олимлар сўзига кишилар кўпроқ қулоқ солишади. Уммат илм эгаларига эҳтиром назари билан боқади. “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур”. (Мужодала сураси, 11-оят).
Уламолар ўз елкаларида турган ушбу масъулиятни унутиб қўйишлари, унга нисбатан бефарқ бўлишлари хатарли оқибатларга олиб боради.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бани Исроил маъсиятларга берилганида уламолари уларни қайтаришди. Бироқ Бани Исроил гуноҳ-маъсиятдан қайтмади. Сўнг уламолар ҳам уларнинг мажлисларида иштирок этадиган, улар билан бирга еб-ичадиган бўлишди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига аралаштириб қўйди ва уларни Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлади. Чунки улар осий бўлиб, ҳаддан ошган эдилар”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суяниб ўтирган эдилар, бирдан ўтириб олдилар-да, бундай дедилар: “Йўқ, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, то уларни ҳаққа мажбурлаб кўндирмагунингизгача (ишингиз ўнгланмайди). (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
б) Раҳбарлар масъулияти.
Бошлиқлар зиммаларидаги ушбу улкан масъулиятни ҳис этмас эканлар, бунинг оқибати жуда хунук бўлади. Чунки раҳбарлар қўлида ҳокимият бор. Куч-қудрат эгалари бўлганлари учун ҳам улар фитна чиқиб кетишидан асло қўрқмасдан мункарни рад эта оладилар. Одамлар ҳамиша ҳокимларнинг кўрсатмалари билан ҳисоблашиб иш тутганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Султонга қулоқ солувчилар Қуръонга қулоқ солувчилардан кўпроқ бўлади”.
Ибн Асир ушбу ҳадисни “Ниҳоя”да келтириб, ёзадилар:
“Яъни, шундай одамлар борки, мавъиза ва насиҳатдан таъсирланмайдилар, бироқ ҳокимнинг калтаги ёки қиличини кўришлари билан ҳақ олдида бўйин эгиб, қаршиликни тўхтатадилар”.
Ҳоким амри маъруф ва наҳий мункарга бефарқ бўлса, фисқу фасод аҳли ўзларини жуда эркин ҳис қиладилар. Осий кимсалар шариат аҳкомларини ҳурмат қилмасдан маъсият ва бузғунчиликка киришадилар. Шу боис Аллоҳ таоло марҳамати билан ўз салтанатида собит турган, ҳақ йўлдан тойилмаган ҳокимлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни ўзларига асосий шиор қилиб олишади. “Албатта Аллоҳ ўзига (яъни динига) ёрдам берган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Улар - агар Биз уларни ер юзида ҳоким қилсак - намозни тўкис адо этадиган, закотни ато этадиган, яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган зотлардир. Ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир”. (Ҳаж сураси, 40-41-оятлар).
Ушбу улкан вожибни эътиборсиз қолдирган ҳокимлар Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилган, панд-насиҳат этишлари шарт бўлган раиятни қаровсиз қолдирган бўладилар. Энг даҳшатлиси раҳбар шахсларнинг маъсият ботқоғига ботиб, панд-насиҳатга қулоқ осмай қўйишларидир. Ундан ҳам ёмони масъул амирларнинг ўзлари ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришга тушганларида кўринади. Табиийки, бундай чоғда улар шариат билан ҳукм юритмаётган бўладилар.
Ислом раҳбарлари, аввало, Аллоҳнинг шариатини ўрганмоқлари лозим. Амирлар дин ҳимояси, шариат устиворлиги, раиятни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳамда жамиятда эзгуликни кенг ёйиб, фисқу фасодни таг-томири билан йўқотиш йўлида ҳаракат қилиб, Пок Парвардигордан мадад сўрасинлар. Тағин дўзахга чақирувчи доҳийлардан бўлиб қолмасинлар! “Уларни дўзахга чорлаб турадиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмас”. (Қасос сураси, 41-оят).
17. Панд-насиҳат қилувчининг одоблари.
Панд-насиҳати бировларга таъсир қилиши учун, аввало, кишининг ўзи айтаётган сўзларига амал қилмоғи лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло бандасининг амалини даргоҳида қабул этади ва унинг сўзлари Қиёматда ўзига қарши ҳужжат бўлмайди. Беамал насиҳатгўйларнинг мавъизалари Қиёмат кунида ўзларига қарши ҳужжат бўлиб, уларни жаҳаннам қаърига бошлайди. “Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани гапирасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишларни гапиришларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир”. (Саф сураси, 2-3-оятлар).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Қиёмат кунида бир кимса олиб келиниб, дўзахга ташланади. Шунда қорнидан ичак-чавоғи чиқиб кетади. У дўзах ўтида худди тегирмонни айланаётган эшакдек чархпалак бўлади. Дўзахийлар унинг ёнига келиб сўрайдилар:
- Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?!
- Тўғри, - деб жавоб беради ҳалиги одам - Бироқ мен бировларни яхшиликка буюрардим-у, ўзим уни қилмасдим. Бировларни мункардан қайтарардим-у, лекин ўзим уни қилардим”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
18. Иймон хислатларидан.
Амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ иймон хислатларидандир. Панд-насиҳат қилувчининг фазилати ушбу амал даражасига қараб белгиланади. Мункар ишни қўли билан ўзгартувчи киши албатта тили билан ўзгартувчидан афзал бўлади. Тили билан мункарни ўзгартувчи кимса фақат қалби билан мункарни ўзгартиришга қодир биродаридан афзал саналади. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари далилдир: “Бу энг заиф иймондир!”; “Кучли мўмин кучсиз мўминга қараганда яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир. Албатта барчаларида хайр-яхшилик бор”.
19. Ниятнинг поклиги.
Панд-насиҳат қилувчи шахс шуҳрат ёки обрў-эътибор топиш каби дунёвий ғаразларни кўзламасдан холис Аллоҳ таоло розилиги учун яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарсин. Мўмин киши ҳаром ишни кўрганида Аллоҳнинг фармони бажарилмаётгани учун дарғазаб бўлиб, мункардан қайтаради. У биродарлари Парвардигор ғазабини келтирадиган ишларни қилиб қўйиб, аламли азобга гирифтор бўлмасликлари учун амри маъруф қилади. Ҳавои нафсга бўйсуниб ҳақ йўлдан тойилиб кетмасликка чақиради. Ҳақиқий мўмин ўз зиммасидаги амри-маъруф ва наҳий мункар масъулиятини чуқур ҳис қилади. Парвардигори ғазабига йўлиқмаслик учун фақат Унинг ҳузуридаги ажру мукофотлар умидида яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради.
Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен намозни тўкис адо этишга, закотни беришга ва барча мусулмонларга насиҳат қилишга сўз бериб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бердим”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
20. Ҳақиқий қуллик.
Чин мўминлар Аллоҳ таолони жуда улуғлаганларидан, Унга исён қилинишини, Унинг унутилишини тасаввур эта олмаганликларидан амри маъруф ва наҳий мункарга астойдил эътибор берадилар. Улар ҳақли равишда пок Парвардигор ҳамиша улуғланиши, Унга шукроналар айтилиши лозим деб биладилар. Аллоҳ таоло муҳаббати улар қалбининг тўридан жой олиб, қон-қонларига сингиб кетган бўлади. Шунинг учун бундай ихлосли зотлар инсонларнинг маъсиятдан қайтиб, тоат-ибодатларга берилиши йўлида ҳеч нарсаларини аямайдилар. Ҳатто даъват ортидан келган азият ва зарарларни ҳам мамнуният билан қабул қиладилар. Улар баъзан ўзларига ёмонлик қилган кимсаларга ҳам Аллоҳдан ҳидоят ва мағфират тилайдилар. Албатта бундай улуғ мартабага фақат ҳақиқий иймон ва ихлос эгаларигина мушарраф бўлурлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрик қавмдан зулм-азият кўрган ҳолатларида юзларидан оққан қонларини артиб, яна ўша золим кимсалар ҳақига дуо қилардилар: “Парвардигоро! Қавмимни Ўзинг мағфират этгин. Улар билмасдан қилаяптилар!”
Салафлардан бири айтганлар: “Майли, танамни қайчилар билан қиймалаб ташласинлар, фақат бутун инсоният Аллоҳга итоат этса, бас!”.
Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдулазиз оталарига дедилар: “Аллоҳ йўлида иккимизни қозонларга солиб қайнатишса ҳам, розиман”.
Аллоҳ муҳаббати билан тўлиб-тошган бу қалблар ўзларига яхши кўрган хайрли неъматни ўзгаларга ҳам чин маънода соғинадилар.
21. Улуғ олимнинг хулосаси.
Ислом оламининг илми сербарака ва серманфаат бўлган раббоний олимларидан бири - имом Нававий “Саҳиҳи Муслим” шарҳида ушбу мавзу, яъни амри маъруф ва наҳий мункар мавзусида ҳам сўз юритганлар. Қуйида улуғ имомнинг нодир хулосаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз: “Амри маъруф ва наҳий мункар бобининг аксарият қисмига узоқ замонлардан буён амал қилинмайди. Бизнинг замонамизда фақат ундан айрим расм-русумларгина қолган, холос. Аслида амри маъруф ва наҳий мункар боби жуда кўп ишларга калит ҳисобланмиш улкан бобдир. Жамиятда бузғунчилик кўпайса, яхши-ёмон бирдек жазоланади. Агар ҳеч ким золимнинг қўлини зулмдан тўхтатмаса, Аллоҳнинг балоси ҳаммага ёғилади. “Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар”. (Нур сураси, 63-оят).
Аллоҳ розилиги йўлида ҳаракат қилувчи ва Охират талабгори бўлган ҳар бир мусулмон фарзанди ушбу бобга қаттиқ эътибор берсин. Зеро, бугун амри маъруф ва наҳий мункарнинг катта қисми зое бўлган. Панд-насиҳат қилувчи киши ниятини холис қилиб, ишга киришсин. Қаршисидаги кимсанинг юқори мартаба эгаси эканлиги уни ҳақ сўзни айтишидан тўсиб қўймасин. Зеро Аллоҳ таоло бундай деган: “Албатта Аллоҳ ўзига (яъни, динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур!” (Ҳаж сураси, 40-оят); “Ким Аллоҳга боғланса, бас, аниқки, у тўғри йўлга ҳидоят қилинибди”. (Оли Имрон сураси, 101-оят); “Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилган-курашган зотларни албатта ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз”. (Анкабут сураси, 69-оят); “Одамлар: “Иймон келтирдик”, дейишлари билангина имтиҳон қилинмаган ҳолларида қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан олдингиларни имтиҳон қилган эдик-ку?! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ (“Иймон келтирдик”, деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур”. (Анкабут сураси, 2-3-оятлар).
Собир бандалар бошларига тушган мусибатнинг катта-кичиклигига қараб ажр оладилар. Мўмин киши биров билан яхши муносабатда бўлгани ёхуд унинг дўстлиги учун амри маъруф ва наҳий мункардан тўхтамайди. У ўрталарида қандай муносабат-манфаат мавжудлигидан қатъиназар, биродарини ҳамиша яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради. Албатта биродарликнинг маълум ҳақ-ҳурмати бор. Биродарини Охират яхшилигига чақириб, уни аламли азобдан огоҳ этмоқ ҳам шу дўстликнинг ҳақлари ичига киради. Ҳақиқий дўст биродарининг охирати обод бўлишини истайди. Бу йўлда яқин ўртоғининг мол-давлати бироз камайса ҳам парво қилмайди. Душман эса инсонни Охиратда маҳрумлар қаторида туришини кўзлайди. Майли, айни маҳрумлик кишига ҳаёти дунёда қўшимча фойдалар келтирса ҳам, у рози. Фақат Охиратда хайрли насибадан бебаҳра қолса, бас. Мана шунинг учун шайтон бизга душман ҳисобланади. Пайғамбарлар - уларга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! - мўминларниг чин дўстларидир. Чунки улар мудом умматларнинг охирати ҳақида ғам чекканлар, ҳидоятга чорлаганлар. Марҳаматли Аллоҳ таолодан бизни, яқинларимизни ва барча мусулмонларни ўз розилигига муваффақ этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло барчамизни раҳмати ва марҳамати соясига олсин. Валлоҳу аълам.
Имом Нававий яна бундай дейдилар: “Панд-насиҳат қилувчи киши кўзлаган мақсадига эришмоғи учун хушмуомала бўлмоғи лозим.
Имом Шофеъий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким биродарига яширинча мавъиза қилса, дарҳақиқат, унга насиҳат ва яхшилик қилибди. Ошкора панд-насиҳат ўқувчи киши, биродари обрўсини тўккан ва уни ёмонотлиқ қилган бўлади”.
Амри маъруф ва наҳий мункар бобида кўпчилик қуйидаги камчиликка бепарво қарайди: Масалан, сиз бировнинг айб-нуқсонли нарса сотаётганини кўриб, индамадингиз. Албатта, бу очиқ-ойдин кўриниб турган хато. Олимлар фатвосига кўра, нуқсонни кўриб-билиб турган киши сотувчини бу ишдан қайтариши ва олувчини молнинг айби-нуқсонидан огоҳ этиши вожиб. Аллоҳнинг ўзи Билгувчироқдир!”
Мукаллаф – балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлган инсон.
Шаҳидлар саййиди – ажр-мукофоти улуғроқ ва Аллоҳга яқинроқ шаҳид.
Мансух қилинган – ҳукми бекор қилинган.
191 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَراً فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيْمَانِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [49].