196-ҳадис

196. Мўминлар онаси Уммул Ҳакам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига даҳшатга тушган ҳолда кириб: «Лаа илааҳа иллаллоҳ! Яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой! Бугун Яъжуж ва Маъжуж деворидан мана шунча очилди», дедилар. – У бошмалдоғи билан ёнидагисини ҳалқа қилди. – Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда солиҳлар бўла туриб ҳам ҳалок бўлаверамизми?» дедим. У зот: «Ҳа, агар нопоклик кўпайса», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида:

 

«Улар: «Эй, Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан? » дедилар», деган (94-оят).

Ўша икки тоғ орасидаги бирон гапни англамайдиган қавм Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят этдилар. Уларнинг ер юзидаги бузғунчиликларидан арз қилдилар.

«Улар: «Эй, Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир».

Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса ўз одатимизча, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.

«Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан? » дедилар».

Мазкур қавм Зулқарнайндан, агар харож тўплаб берсак, ўша Яъжуж ва Маъжужлар билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми, деб сўрадилар. Шу билан уларнинг ҳужумларидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлдилар.

Зулқарнайн мазкур қавм билан Яъжуж ва Маъжуж орасида радм–улкан ва мустаҳкам тўсиқ қура бошлади. Дастлаб:

 «Менга темир парчаларини келтиринг», деди.

Яъни, одамларни темир топиб келишга буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ орасига тўплата бошлади.

 «Ниҳоят, икки тоғ томонлари ила баробарлашганда: «Дам уринглар», деди».

Яъни, темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдирдилар. Ундан кейин Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди.

«Ниҳоят, у(тўп темир)ни ўтга айлантиргач: «Олиб келинглар устидан мис қуяман», деди» (96-оят).

Яъни, икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб алангалатиб, эритиб олов ҳолига келтирдилар. Ана шунда Зулқарнайн одамларига, энди эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман, деди.

Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ҳалиги қавмнинг Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган.

«Бас, улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар» (97-оят).

Яъни, Яъжуж ва Маъжужлар Зулқарнайн қурган радм–девор тўсиқ устига чиқа олмадилар ва улар уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят қилиб ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эди.

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:

 «Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида. Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар», деган (96-97-оятлар).

«Каҳф» сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири–Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир. Ушбу оятда:

«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида» деб айтилмоқда.

Демак, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар.

«. . . Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг. . . »

Яъни, қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унинг даҳшатидан, қўрқинчи ва азобидан

«. . . Куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади.

Кўзларини юма олмайдилар. Айни пайтда, ўз ҳолларига йиғлай бошлайдилар:

«Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик».

Яъни, қиёмат қойим бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, сўроқ-савол, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлишидан ғафлатда эдик. Бундай бўлишини ўйлаб кўрмаган эдик.

«Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар».

Йўқ, биз ғафлатда эмас эдик. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмаган эдик. Зулм қилган эдик, дерлар.

Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганишиб, қуйидаги хулосани айтадилар:

«Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан бир аломатдир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлғазадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».

196 - السَّادسُ : عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ أُمِّ الْحَكَمِ زَيْنَبَ بِنْتِ جَحْشٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَيْهَا فَزِعاً يَقُولُ: «لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَيْلٌ لِلْعَرَبِ مِنْ شَرٍّ قَدِ اقْتَرَبَ، فُتِحَ الْيَوْمَ مِنْ رَدْمِ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ مِثْلُ هَذِهِ» وَحَلَّقَ بإِصْبَعَيهِ الإِبْهَامِ وَالَّتِي تَلِيهَا. فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَنَهْلِكُ وَفِينَا الصَّالحُونَ؟ قَالَ: «نَعَمْ، إِذَا كَثُرَ الْخَبَثُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3346، م 2880].


Улашиш
|
|
Нусха олиш