21. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла кундузи ёмонлик қилган одам тавба қилиши учун кечаси қўлини очади. У Зот кечаси ёмонлик қилган одам тавба қилиши учун кундузи қўлини очади, токи қуёш ботган жойидан чиққунига қадар шундай бўлади», деб айтдилар.
Имом Муслим ривояти. [2759].
Шарҳ: Қуёш мағрибдан чиқадиган кун – Қиёматдир, яъни, қуёш машриқдан чиқар экан, тавба эшиклари очиқдир. Ёки руҳ халқумига етгунча тавба эшиклари очиқдир.
Аллоҳ таолога нисбатан «қўли» сўзининг ишлатилиши ақийдага оид масаладир. Саҳиҳ хабарларда келтирилган бундай маълумотларга қандай бўлса, шундайлигича иймон келтириш, уларнинг тугал маъносини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. «Аллоҳнинг қабзаси», «кулиши», «важҳи», «қўли», «кўзи», «қадами» ва шу каби васфлар Аллоҳ таолонинг Ўзига хос сифатлари бўлиб, махлуқотларнинг сифатларидан мутлақо бошқадир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, бу сифатларга уларнинг қандайлигини тасаввур қилмаган, суриштирмаган ҳолда иймон келтириш вожибдир. Бу борада Аллоҳ таолонинг «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» деган сўзи асосий қоида бўлади.
21 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى عَبْدِ اللهِ بنِ قَيْسٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ تَعَالَى يَبْسُطُ يَدَهُ بِاللَّيْلِ، لِيَتُوبَ مُسِيءُ النَّهَارِ، وَيَبْسُطُ يَدَهُ بالنَّهَارِ لِيَتُوبَ مُسِيءُ اللَّيْلِ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2759].