210. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Зулмдан сақланинглар, чунки зулм Қиёмат кунида зулматдир. Бахилликдан сақланинглар, чунки бахиллик сизлардан аввалгиларни ҳам ҳалок қилган, уларни ўзаро қон тўкиш ва ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол қилишгача олиб борган».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Зулм Ислом дини наздида мункар ва ҳаром иш. Ер юзида зулм қолмаслиги керак. Мусулмонлар доимо зулмга қарши курашмоқлари керак. Жумладан, мазлумга ёрдам бермоқлари лозим. ҳар ким имконига қараб, кимдир гап-сўз билан, кимдир амал билан мазлумдан зулмни кўтаришга уриниши керак.
«(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил» деб ўйламанг!»
Биз ҳаётимизда зулмнинг турли кўринишларига дуч келамиз. Баъзида бу ишнинг зулм эканини ҳам унутиб қўямиз. Хўш ўзи зулм нима? Унинг қандай турлари бор?!
Зулм сўзи араб тилида «Золама» феълидан олинган бўлиб, луғатда “ҳаддан ошиш”, “адолатсизликка йўл қўйиш” деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса, бирор бир масалада ҳақ устидан ботилга ўтиб кетиш, адолатсизлик қилишга нисбатан айтилади.
Зулмнинг бир неча турлари бор:
1) Аллоҳ таоло ҳаром қилган жонни ўлдириш. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳадиси шарфларда марҳамат қилганларидек, ҳаром қилинган жонни ўлдириш бу зулмдир. Яъни қурбонлик учун, ёхуд бизга зарар етказмаслиги учун қурбонлик қилиб ўлдиргадиган жонзотлардан ташқари жонларни ўлдириш назарда тутилмоқда.
2) Аёл ўз эрининг ҳақларини бузиши. Эр ўз аёлига моли, жони ва ҳатто болаларини ишониб топширади. Бундан ташқари эрнинг ўз аёли устидаги ҳақлари ҳам мавжуд. Агар аёл ушбу ҳақларни бузса, у ўз эрига зулм қилган бўлади.
3) Етимнинг молини ейиш. Етим фарзанд аслида ўз ота-онасидан айрилиб, мусибатга ботган ҳисобланади. Айни шу ҳолида унинг молини ейиш унга нисбатан жуда ҳам катта зулмдир.
4) Инсон ўзига ўзи зулм қилиши. Дин жиҳатидан қаралганда инсон тоат-ибодатлардан узоқлашиб, маъсиятларга берилиб кетиши ўзи учун нисбатан амалга оширган зулмидир. Бундан ташқари инсон ўз соғлигига тўғри келмайдиган, умрининг озайишига олиб келадиган ҳар қандай ишларни қилиши ҳам ўзи учун зулмдир.
5) Гуруҳ бўлиб йиғилган молдан ейиш. Бир гуруҳ инсонлар бирор нарса учун пул йиғсалар-у бошқа бир инсон уларнинг розилигисиз у пулдан олиши ҳам зулмдир.
6) Инсонлар ҳаққини бермаслик. Бу ҳолатга ҳаётимизда жуда ҳам кўп бора дуч келамиз. Бирор инсон билан бир иш устида келишсакда, унинг ҳаққини ўз вақтида бермасак у инсонга нисбатан зулмдир. Бунга мисол қилиб бировдан қарз олган инсонни ҳам айтишимиз мумкин. Қарздор ўз қарзини вақтида бермаслиги қарз берган инсонга нисбатан зулмдир.
7) Тарозидан уриб қолиш. Агар сотувчи ҳаридор айтган миқдорда махсулот тортмай, балки озайтириб бериши нафақат харидор ҳаққини ҳаром йўл билан олиши, балки харидорга нисбатан зулм ҳамдир.
8) Савдо-сотиқ жараёнига ўз маҳсулотини сотиш учун ёлғон қасам ичиш. Бу ҳам ҳаридор ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб, унга зулм қилишликдир.
Бундан ташқари зулмнинг бир неча турлари бор. Бировнинг ҳақ ҳуқуқларини поймол қилишлик ва уни устидан ҳукмронлик қилиш, уни уриш, ҳақоратлаш ила инсонларга зулм қилиб қўйиш мумкин.
Баъзи инсонлар жуда ҳам кўп зулм қилганларидан қилаётган ишлари зулм эканини билмай ҳам қоладилар. Аллоҳ таоло Шуъаро сураси, 227-оятда қуйидагича марҳамат қилади: «Золим кимсалар яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар».
Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам золимлар қисмати қандай эканини қуйидагича марҳамат қиладилар:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта Аллоҳ золимга узоқ умр беради. Уни ушлаган вақтда эса, қутула олмайди», деб Ҳуд сурасининг 102-оятини ўқидилар”.
Аллоҳ таоло зулмни шу қадар ёмон кўрганидан ҳадиси қудсийда: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманглар» дея бандаларга хитоб қилган.
Мана зулм нима-ю унинг оқибатлари нимага олиб келиши ҳақида билиб олдик. Агар инсон зулм қилаётганини билиб қолса, энди нима қилиши керак?!
Аввало Аллоҳ таолога тавба қилиши ва бу оғир гуноҳга умри давомида қайтмаслигига амин бўлиши, ўзини ўзи тарбиялаб бориши, Аллоҳ таоло буюрган ишларни қилиб қайтарганларидан қайтиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига итоат этиши, золимлар қилаётган ишларга ақлан қараши, мазлумларнинг бечора аҳволларини тушуниб етиши, золимларнинг охиратда оқибатлари нима бўлишини эслаб, тафаккур қилиши лозим. Ана шунда инсон ўз-ўзидан бу ишлари нотўғрилигини ҳис қилиб, унда ачиниш ҳисси пайдо бўлади, Аллоҳга тавба қилади, албатта Аллоҳ мағфирати кенг зотдир.
Бахиллик, хасислик, очкўзлик ва баднафслик энг тубан маънавий иллатлардан ҳисобланади. Инсон ўзини ўзи тафтиш қилиб юрмаса, ўз нафсини қийнаб бўлса ҳам сахийликка, олийжанобликка одатлантирмаса бундай илатларга мағлуб бўлиши ҳеч гап эмас.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қораланган ёмон хулқлардан бири бахилликдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ уларга Ўз фазлидан ато қилиб қўйган нарсаларда бахиллик қилувчи кимсалар бу ишларини ўзлари учун яхшилик деб ўйламай қўя қолсинлар. Балки, бу ишлари улар учун ёмонликдир. Ўша бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак!” ("Оли Имрон" сураси, 180-оят).
Бахиллик Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида мазаммат қилинади, барча улуғ зотлар, олиму фозиллар, зоҳиду обидлар томонидан қораланади ва барча халқларда жирканч ва тубан хулқ деб билинади. Агар бироз фикр юритсак, бахиллик нафсда мавжудлиги, нафслар бу разилликка ўта мойил эканлигини тушунамиз. Шу билан бирга ундан қутулиш, сақланиш ҳам мумкинлигини англаймиз.
Ҳа, инсон ўзгаларга холис эҳсон қилар экан ўша эҳсонининг кўламига қараб унинг аммора нафси қийналади, талвасага тушади ва зўр бериб бу ишдан қайтаришга ундайди. Ояти каримада айтилгани каби шайтон унга "агар бу пулингни бериб юборсанг ўзинг муҳтож бўлиб қоласан" каби сўзлар билан фақирликдан қўрқитади. Шунда инсон шайтоннинг эмас балки, Аллоҳнинг ваъдасига қулоқ тутиши маъқулдир. Аллоҳ эса саховат ва эҳсон учун мағфират ва фазлни ваъда қилади. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бахиллик ва баднафсликдан қайтариб шундай дейди: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз. Шубҳасиз, Раббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир”. ("Исро" сураси, 29-30 оятлар)
Бахиллик фақат пул бериш, таомлантириш каби улуғ фазилатлардан ўзини тийишда чекланиб қолмайди. Ўзидаги ҳунар, билим ёки касбни шогирдларига ўргатмаслик ҳам бахилликка киради. Керак бўлган ўринда обрў ва мартабасини ишлатиб одамларга яхшилик қилмаслик ҳам бахилликнинг бир кўринишидир.
Иймон билан бахиллик бамисоли ўт билан сув каби бир-бирига ёт нарсалардир.
210 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اتَّقُوا الظُّلْمَ؛ فَإِنَّ الظُّلْمَ ظُلُمَاتٌ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَاتَّقُوا الشُّحَّ؛ فَإِنَّ الشُّحَّ أَهْلَكَ مـَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَاءَهُمْ وَاسْتَحَلُّوا مَحَارِمَهُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2578]