213-ҳадис

213. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир қарич ерни ноҳақ ўзлаштириб олса, унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Умавийлар даврида  Расулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг улуғ саҳобийларидан, ашараи мубашшаралардан бири, Саид ибн Зайд билан Мадина аҳли уни узоқ вақт гапириб юрадиган ҳодиса содир бўлди. Арво бинти Увайс Саид ибн Зайд унинг ерини бир қисмини босиб олиб ўзининг ерига қўшиб олди деб даъво қилди. Аёл гапини мусулмонлар орасида тинмай қайтарар ва ҳаммага айтиб берар эди. Сўнгра ишини Мадинаи мунаввара волийси Марвон ибн Ҳакамга олиб чиқди. Марвон бу ҳақида гаплашиш учун Саид ибн Зайднинг олдига бир қанча одамларни юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳобасига бу иш жуда оғир ботди ва уларга шундай деди: “Мени у аёлга зулм қилаяпди деб ўйлаяпсизларми!! Қандай қилиб унга зулм қиламан?! Ахир мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир қарич ерни ноҳақ ўзлаштириб олса, унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади” деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ у аёл мени унга зулм қилди деб даъво қилаяпди. Агар ёлғончи бўлса унинг кўзини кўр қилгин ва уни мен билан талашаётган ердаги қудуғига улоқтиргин. Мен унга зулм қилмаганимни мусулмонларга баён қиладиган ҳужжатни зоҳир қилгин”.

Орадан кўп ўтмай Мадинанинг Ақиқ водийсида олдин унинг мисли кузатилмаган кучли сел оқди. Сел иккаласи ихтилоф қилаётган чегарани очиб ташлади. Шунда барча мусулмонларга Саид ибн Зайдни ростгўй эканлиги равшан бўлди. Шундан кейин бир ой ўтмасдан аёл кўр бўлиб қолди ва ўша ерини айланиб юрганида қудиғига йиқилди. Абдуллоҳ ибн Умар айтади: Биз ёшлигимизда бир инсон бошқаси билан уришиб қолса: “Аллоҳ сени Арвони кўр қилганидек кўр қилсин” деганини эшитар эдик.

Буни ҳеч ажабланарли жойи ҳам йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мазлумнинг дуосидан сақланинг, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ” дер эдилар. Агар бу мазлум тириклигида жаннат башоратини олган ўнта саҳобийдан бири Саид ибн Зайд бўлсачи?!

Инсонларнинг ҳаққи борасида Аллоҳдан қўрқайлик. Аллоҳнинг ҳузурига Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги мингта гуноҳ билан бориш, гарданида банданинг ҳаққи билан боришдан яхшироқдир. Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ва авфи билан Ўз ҳаққидан истаса воз кечиши мумкин. Аммо адолати билан бандалар ҳаққини олиб беради.

Эй меросдаги ака-укалари ҳаққини эгаллаб олганлар! Эй мардикорни ишлатиб ҳаққини бермасдан ҳайдаб юборганлар! Эй гувоҳсиз бировдан қарз олиб ундан тонадиганлар! Эй ёлғон гувоҳлик бериб ҳақни ноҳақ ва ноҳақни ҳақ қиладиганлар! Ўзингизга келинг. Охират маҳкамаси қоим қилиниб самолар ва ернинг Қозиси маҳкамага тортмасидан ҳақларни эгаларига қайтаринг. У ерда доллар йўқ, сўм йўқ. Ўша кунда золим қутилиш учун бутун борлиғини беришга тайёр бўлади. Аммо ундан қабул қилинмайди.

Бугун амал бор, жазо йўқ. Эртага эса жазо бор, амал бўлмайди. Ҳаром қилинган қонни тўкмасдан, бировга зулм қилмасдан Аллоҳга йўлиққанларга, бировнинг обрўсини тўкмасдан, молини емасдан охиратга борганларга саломлар бўлсин!

213 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ ظَلَمَ قِيدَ شِبْرٍ مِنَ الأَرْضِ طُوِّقَهُ منْ سَبْعِ أَرَضِينَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2453، م 1612].


Улашиш
|
|
Нусха олиш