215-ҳадис

215. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени (Яманга) юбораётиб, шундай дедилар: «Сен аҳли китоб қавмдан бирининг ҳузурига боряпсан. Уларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва менинг Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик беришга чақир. Агар улар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга ҳар кеча-кундузда беш маҳал намозни фарз қилганини билдир. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, фақирларига бериладиган закотни фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, (закот олишда фақат) энг яхши мол-мулкини олишдан эҳтиёт бўлгин. Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлгин, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқдир».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий санада, Видолашув ҳажидан аввал Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий, қози ва муаллим этиб юборганлар. Бу ҳодиса жуда машҳур бўлиб, кўпгина ҳадислар бу ҳақда турли маънодаги баёнларни ифода этган. У ҳадисларнинг ҳар бири Ислом давлати раҳбари томонидан чет вилоятларга волий, қози ва муаллим юбориш ишининг намунаси, қўлланмаси бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк раҳбарлик услублари, ўз вакилларини юбораётган юрт ва унинг шароитлари, одамларнинг маълумотларини ҳисобга қандай олганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига борасан», деганларини яманликлар яҳудий ёки нас­роний эканлар, деб тушунмаслик керак. Яман эски маданий марказ бўлгани учун ўқиш-ёзишни биладиган, илмли, Таврот ва Инжилдан хабардор одамлар борлиги кўзда тутилиб, улар аҳли китоб, деб аталмоқда. Демак, бир жойга вакил бўлиб борадиган одам борган жойнинг одамлари билан муомала қилганида адашиб кетмаслиги учун бу ҳолатни эътиборга олиши керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бошқа қавмга борган мусулмон вакил уларга аввало иймонни талқин қилиши зурурлиги.

Уларни Аллоҳни бир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ Пайғамбар деб гувоҳлик беришга даъват қилиши зарурлиги. Бу эса, мусулмонлар қаерга борса, уруш бошлаганлар, деган даъвонинг ботил эканини кўрсатади.

2. Иймон келтирган одамга дарҳол намоз фарз эканини баён қилиш лозимлиги.

Банда шаҳодат калимасини айтиш ила мўмин-мусулмонлар жамоасига аъзо бўлади, энди шу жамоанинг аъзоси сифатида Аллоҳ томонидан фарз қилинган амалларни ўташинг керак; улар намоз, закот, рўза, ҳаж, деб тушунтиришга ўтилган.

3. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз экани. Намозни Аллоҳ фарз қилгани. Ким намоз ўқимаса, Аллоҳга қарши чиққан ҳисобланиши.

4. Закотни ҳам Аллоҳ таоло фарз қилгани.

Муҳаммад алайҳиссалом ёки Ислом давлати томонидан солинган солиқ эмаслиги.

5. Ислом фақат қалбдаги эътиқод, тилдаги гап эмас, балки ҳаётдаги тўла амал, ҳаттоки мол-мулкдаги тасарруфот ҳам экани.

6. Закотни бойлардан олиниб, камбағалларга берилиши.

Закот билан шуғулланадиган махсус идора ва кишилар бўлган. Уларнинг Қуръондаги номлари Омили закот, яъни, закот ишчисидир. Бизда закотчи, деб таржима қилинган. Ана ўша масъул кишилар закот илмини яхши билганлар. Одамларнинг закотини ҳисоб-китоб қилиб олиб, ҳақдорларга бўлиб берганлар.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «бойларидан олиб камбағалларига қайтариладиган», деганларидан уламоларимиз ҳар бир юрт­нинг бойларидан олинган закот ўша юртнинг камбағалларига тарқатилади, деган ҳукмни олганлар.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи Хуросондан тўпланиб, Шомга олиб келтирилган закотни яна Хуросонга қайтариб юборган. Чунки ўз юртида ҳожат бўлатуриб, закотни бошқа томонга олиб кетиш турли гап-сўзларга, норозиликларга, ҳатто юрт раҳбарларига қарши фитналар, ҳаракатлар уюштирилишига сабаб бўлиши мумкин. Зотан, адолат юзасидан ҳам тўғри келмайди. Агар закот тўпланган юртда унга ҳожат бўлмасагина у бошқа юртга олиб бориб тарқатилади.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «яхши молларини олишдан ҳазир бўл», деганлари закотчилар учун умумий қоидадир.

Закотчи, мисол учун, бировнинг қўйларини санаб, ўнта қўйни закотга олишни аниқлади дейлик. Шунла қўрадаги энг яхши ўнта қўйни танлаб олмайди. Балки яхшиларини эгасига қолдиришга ҳаракат қилади.

Бунинг муқобили ўлароқ, закот берувчига энг ёмон молни закотга бермаслик тарғиб қилинган, у ҳам бунга амал қилишга ўтади. Натижада ўртача сифатга эга қўйлар закот учун олинади.

Бу қоида ҳамма нарсанинг закотида ҳам қўлланилади. Чунки бир кишининг моли ичидаги энг яхшиларига унинг алоҳида муҳаббати бўлади. Бошқасини олиш имкони бўла туриб, закотчи танлаб-танлаб, айнан мол соҳиби яхши кўрганларини олиб кетса, мол соҳиби кўнглида ғашлик қолиши мумкин.

9. Мазлум кишининг дуосидан қўрқиш.

Бу золимларга танбеҳ бўлиши керак. Бировга зулм қилган одам эртами-кечми офатга, дуои бадга учраши турган гап. Чунки золимнинг зулмини кўрган мазлум, ўзига ўхшаш бир банда томонидан хорланса ҳам Аллоҳ томонидан тақдирланади. Аллоҳнинг ҳузурида мазлум инсоннинг мартабаси кўтарилади. ҳаттоки, Аллоҳ ўртадаги пардани ҳам кўтариб қўяди. Мазлумнинг дуосини тўсиқсиз қабул қиладиган бўлади. Ана ўшанда мазлум қилган дуо кўп нарсаларга сабаб бўлиши мумкин. Золим бўлмаган кишилар ҳам мазлумнинг дуосидан сақланиб юришлари, яъни, унга ёмонлик қилмасликлари лозим. Аксинча, кўнглини кўтариб, яхшилик қилиб дуосини олишга уринишлари керак.

Албатта, бу ҳадисда Исломнинг рукнлари ва фарз­ларининг бир қисми баён қилинди.

215 - وَعَنْ مُعَاذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَعَثَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «إنَّكَ تَأْتِي قَوْماً مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ، فَادْعُهُمْ إِلَى شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إلَّا اللهُ، وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لِذَلِكَ، فَأَعْلِمْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدِ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِي كُلِّ يَومٍ وَلَيْلَةٍ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لِذَلِكَ، فَأَعْلِمْهُمْ أَنَّ اللهَ افْتَرَضَ عَلَيهِمْ صَدَقَةً تُؤْخَذُ مِنْ أَغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لِذَلِكَ، فَإِيَّاكَ وَكَرَائِمَ أَمْوَالِهِمْ. وَاتَّقِ دَعْوَةَ الْمَظْلُومِ؛ فَإِنَّهُ لَيْسَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ اللهِ حِجَابٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1496، م 19].


Улашиш
|
|
Нусха олиш