219-ҳадис

219. Ва яна ўша зотдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларига Киркира деган киши мутасадди эди. У ўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Бориб, уни қарашган эди, бир абоа* топиб олишди. У буни ўлжага хиёнат қилиб олган экан».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Абоа - жундан тикилган, чопонга ўхшаш устки кийим.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги пайғамбарларга душман билан бўлган урушда қўлга тушган ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган эди. Улар ўлжаларга эга бўлолмас, улардан фойдаланмас эдилар. Баъзилари ўлжаларни бир ерга тўплаб, ўт қўйиб кетар эдилар. Кейинчалик баъзи пайғамбарларнинг умматлари ўз динлари, пайғамбарлари таълимотига хилоф равишда ўлжаларни олишган бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло бу масалада ҳам, Ўзининг Пай­ғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга лутфи карам кўрсатди. Ислом душманларига қарши олиб борилган шаръий урушларда тушган ўлжаларни ҳалол қилди. Бунинг ҳукми Қуръони Каримнинг Анфол (Ўлжалар) сурасида баён қилинган. Тушган ўлжаларнинг бешдан бири Аллоҳ ва Унинг Расули учун ажратилади. Қолгани эса, ҳақдорларга махсус тартиб асосида тақсимлаб берилади.

Анфол сурасида Аллоҳ таоло: «Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деган (69-оят).

Ўлжага олинган молларни ҳалол қилиб бериш ҳам Аллоҳ таолонинг мусулмонларга кўрсатган бир мар­ҳаматидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло асирлар учун, яъни, уларни озод қилиш учун олинадиган молни ҳам ҳалол қилди. Бу нарса олдинги пай­ғамбарлар умматларига ҳалол қилинмаган эди.

Ўлжа ва тўлов моли дунё иши бўлгани учун эҳтиёткорлик қилинмаса, ҳаром аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда:

«Аллоҳга тақво қилинглар», демоқда. Юқорида айтиб ўтганимиз мусулмонларга берилган инъомларнинг ўз ўрни бор, улар ҳам яхши. Аммо энг катта неъмат Аллоҳ талодан мўминларга келадиган мағфират ва раҳматдир.

«Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳм­ли Зотдир».

Ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. Киркира деган одамни дўзахдадир деб айтишларига сабаб, чунки бу кимса ўлжа тақсимланишидан олдин чўпонга ўхшаш кийимни беркитиб олган эди. Исломда ўлжа бошлиқ томонидан тақсимланганидан кейин олиш орқали ҳалол бўлади. 

219 - وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ عَلَى ثَقَلِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ كِرْكِرَةُ، فَمَاتَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «هُوَ فِي النَّارِ» فَذَهَبُوا يَنْظُرُونَ إِلَيْهِ، فوَجَدُوا عَبَاءَةً قَدْ غَلَّهَا. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [3074].


Улашиш
|
|
Нусха олиш