221. Абу Умома Иёс ибн Саълаба ал-Ҳорисий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким (ёлғон) қасам билан бир мусулмоннинг ҳаққини олиб қўйса, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни ҳаром қилибди», дедилар. Шунда бир киши у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, озгина нарса бўлса ҳамми?» деди. «Арокнинг бир чўпи бўлса ҳам», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Арок – илдизи ва новдасидан мисвок тайёрланадиган дарахт.
Ушбу ҳадисдан ёлғон қасам эвазига эришилган нарсанинг
катта кичиклигидан қатъи назар, гуноҳкорга дўзах азоби бўлаверишини билиб оламиз.
Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келади:
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мусулмон одамнинг (ёки ўз биродарининг, дедилар) молини узиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга мулоқот бўлганида У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлур. Бас, Аллоҳ ўшанинг тасдиғини: «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга, охиратда ҳеч насиба йўқдир», деб нозил қилди», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, АбуДовуд, Термизий ва Насаий ривояти.
Ушбу ҳадисда ровий шакда бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ровий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «мусулмон одамнинг» ёки «биродарининг» деганларини аниқ ажрата олмай қолган. Шунинг учун омонатга хиёнат қилмаслик мақсадида икки лафзни ҳам келтирган.
Бировнинг молини ноҳақдан, меники, деб даъво қилиб, сўнгра, ботил даъвосини тасдиқлаш учун маҳкамада ёлғон қасам ичган одам қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлганида, Аллоҳ азза ва жалла ўша одамдан ғазабланган ҳолда бўлар экан. Бундоқ ноқулай ҳолдан ҳар бандани Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони айтиб туриб, ўз сўзларининг тасдиғи учун, «Албатта Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга охиратда ҳеч насиба йўқдир», ояти каримасини тиловат қилдилар.
Бундан эса, ноҳақдан бировнинг молини олиш учун ёлғон қасам ичишни Аллоҳ таоло қасамни озгина баҳога сотиш, деб атаганини билиб оламиз. Ундоқ одамларнинг охиратда ҳеч қандай насибаси қолмас экан. Бу эса, ўз навбатида, ёлғон қасам ўз эгасини жаҳаннам оловига шўнғитишига яна бир ёрқин далилдир.
221 - وَعَنْ أَبِي أُمَامةَ إِيَاسِ بنِ ثعْلَبَةَ الْحَارِثِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنِ اقْتَطَعَ حَقَّ امْرِيءٍ مُسْلِمٍ بيَمِينِهِ فَقَدْ أَوْجَبَ اللهُ لَهُ النَّارَ، وَحَرَّمَ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ»، فَقَالَ رَجُلٌ: وَإِنْ كَانَ شَيْئاً يَسِيراً يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَقَالَ: «وَإِنْ قَضِيباً مِنْ أَرَاكٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [137].