222-ҳадис

222. Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Сизлардан кимни бирон ишга омил қилсам, бир дона игна ёки ундан каттароқ нарсани биздан яширса, бу хиёнат бўлиб, Қиёмат куни ўша билан келади!» дедилар. Ансорлардан бир қоратанли киши туриб, у зотнинг олдиларига келгани ҳамон кўз ўнгимда. У: «Эй Аллоҳнинг Расули! (Берган) ишингизни мендан қабул қилиб олсангиз», деди. У зот: «Сенга нима бўлди?» дедилар. У: «Шундай-шундай деганингизни эшитдим», деди. У зот шундай дедилар: «Энди эса бундай дейман: «Сизлардан кимни бирон ишга омил қилсак, (закот моли) кам бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам олиб келсин. Кейин ундан нима берилса, ўшани олсин, нима тақиқланса, ўшандан тийилсин».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бу тоифа «закотчи», «садақачи», «закот омили» деб ҳам аталган. Шунингдек, закот идораси, ташкилоти ёки шунга ўхшаш муносиб ном билан номлаш мумкин.

Улар закотни бойлардан йиғиб олиб, ҳақдорларига тарқатгунча бўладиган ишларни адо этадилар. Бевосита закот йиғувчими, ҳисобчими, қоровулми, котибми ёки бошқами, барибир, шу тоифага киради.

Қуръони карим закот йиғиш муҳим иш бўлгани учун бу ишловчиларни саккиз тоифадан учинчиси қилиб белгиланган.

Қуръонда закот ишчиларига закотдан алоҳида улуш ажратилади. Бу Исломда закот ишига алоҳида эътибор берганини кўрсатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча саҳобаларни закотчи қилиб турли тарафларга юборганлар.

У зотнинг халифалари ҳам закот йиғиб, ҳақдорларга тарқатиш ишига алоҳида эътибор берганлар.

Ҳазрати Абу Бакр мискин ва фақирларнинг ҳақларини ҳимоя қилиб закотни ман қилувчиларга қарши қандоқ уруш очганларини яхши биласиз.

Аллоҳ таоло закот ходимига ҳам закотдан улуш ажратди. У закотдан олишга ҳақдор саккиз тоифадан бири. Закот ходими бой бўлса ҳам закотдан олади. Чунки у хизмати учун олади. Қанча олиши эса, маконга, замонга ва шароитга қараб белгиланади. Яъни, бажарган ишига қанча ҳақ бериш керак бўлса, шунча олади. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, тузган шартномасига биноан олади.

Лекин ўшандан бошқани олиши қатъиян ман қилинади. Закот ходими масъуллар томонидан ишга қўйилганидан кейин ўшалар нима деса, шуни қилади. Улар кўрсатган минтақадагина закот йиғади ва улар кўрсатган жойлардагина закот тарқатади. Қўлига тушган молнинг заррачасини ҳам ўз фойдасига ёки ўзбошимчалик билан сарф қилмайди.

Имом Термизий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам мени Яманга ишга жўнатдилар. Бир қадар юрганимдан сўнг орқамдан одам юбордилар, қайтиб келдим. У зот:

«Нима учун орқангдан одам юборганимни биласанми? Менинг изнимсиз ҳеч нарсани олмайсан. Чунки, бу ғулулдир. «Кимки, хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади», дедилар».

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларига оғишмай амал қилдилар ва мансабларидан фойдаланиб, бирор чақа ҳам олишга ўтмадилар.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда омманинг молидан яширинча олиб ейиш «ғулул» дейилади. Бу сўз одатда ўлжа тақсимланмасдан олдин ундан бирор нарсани махфий равишда олишни билдиради, лекин уламолар бу нарса омманинг молидан яширинча ейишнинг барча кўринишларини ўз ичига олишини таъкидлашади.

Руммоний айтади: «Ғулул сўзи «ғолалун» сўзидан олинган бўлиб, аслида сувнинг дарахтлар орасига сингишига айтилади. Хиёнатда мулкка одамлардан махфий суратда, ҳалол бўлмаган йўл билан кирим бўлгани учун бу гуноҳ «ғулул» деб аталган».

 

222 - وَعَنْ عَدِيِّ بْنِ عَمِيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ يَقُولُ: «مَنِ اسْتَعْمَلْنَاهُ مِنْكُمْ عَلَى عَمَلٍ، فَكَتَمَنَا مِخْيَطاً فَمَا فَوْقَهُ كَانَ غُلُولًا يَأْتِي بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ» فَقَامَ إِلَيهِ رَجُلٌ أَسْوَدُ مِنَ الأَنْصَارِ كَأَنِّي أَنْظُرُ إِلَيْهِ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ اقْبَلْ عَنِّي عَمَلَكَ، قَالَ: «وَمَا لَكَ؟» قَالَ: سَمِعْتُكَ تَقُولُ كَذَا وَكَذَا، قَالَ: «وَأَنَا أَقُولُهُ الآنَ: مَنِ اسْتَعْمَلْنَاهُ مِنْكُمْ عَلَى عَمَلٍ فَلْيَجِيءْ بِقَلِيلِهِ وَكَثِيرِهِ، فَمَا أُوتِي مِنْهُ أَخَذَ، وَمَا نُهِيَ عَنْهُ انْتَهَى». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1833].


Улашиш
|
|
Нусха олиш