225. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис (синган) кимлигини биласизларми?» дедилар. «Бизнингча, муфлис – дирҳами ҳам, ҳеч бир матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди. У зот шундай дедилар: «Умматимдаги ҳақиқий муфлис шуки, у Қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади, лекин кимнидир сўккан, кимнидир зинода туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнингдир қонини тўккан, кимнидир урган бўлади. Шунинг учун унинг яхшиликларидан ўшаларга олиб берилади. Агар зиммасидагиларни адо қилишдан аввал яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга ортилади. Сўнгра у дўзахга отилади».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ақлли инсон бу дунёда ҳаёт кечирар экан, ҳам Холиқни, ҳам халқни рози қилмоғи керак. Юқоридаги ҳадисда келган ҳолат бу дунёда Аллоҳни рози қилиб, лекин инсонларга тили ва қўли билан азият бериб, нохақдан молини еб, нохақдан қонини тўккан инсон тўғрисидадир. Қиёмат куни Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги ҳисобдан мақбул намоз, мақбул закот, мақбул рўзалар билан жаннатий бўлиш арафасидаги мўмин инсон, инсонлар билан ўртасидаги муомаладан, яъни кимнидир хақорат қилган, кимнидир урган, кимнидир молини нохақ еган, кимнидир жонига қасд қилган. Энди уларни рози қилиш учун Парвардигор тарафидан унга ато этилган савобларни бериб рози қилишни бошлайди. Савоблари тугаб уларни гуноҳини ўзига олишни бошлайди. Шу тариқа жаннатий бўлиш арафасидаги мўмин инсон дўзах аҳлига айланади.
Тасаввур қилинг! Бир марта сажда қилишнинг савобига муҳтож бўлиб турганингизда, минглаб, миллионлаб одамларнинг гуноҳини бўйинга олиш қанчалик даҳшат!
Огоҳ бўлинг! Қилаётган солиҳ амалларимиз қиёмат куни бизники бўлиши учун, бу дунёда инсонлар билан муомаламизни гўзал ҳолатда бўлиши лозим.
Бугун имконимиз бор. Бирор инсонга қўлимиз ёки тилимиз билан озор етказган бўлсак, узр сўраб олайлик. Бирор инсонни молига хиёнат қилган бўлсак, қўлимизда молимиз бор, уни адо этиб қўяйлик.
Эртага на дирҳам, на дийнор йўқ қиёмат кунида «Муфлис»лардан бўлиб қолмайлик.
225 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَنِ الْمُفْلِسُ؟» قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا: مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: «إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي: مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2581].