228-ҳадис

228. Ҳамза розияллоҳу анҳунинг хотинлари Хавла бинти Омир ал-Ансориййа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳнинг молига ўзини ноҳақ урадиган кишиларга қиёмат куни дўзах бўлади», деганларини эшитганман».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, «Яъни мусулмонларнинг мол-мулкини ботил тасарруф этадиганлар», дея изоҳлайди.

Демак, мусулмонларнинг молига масъул бўлган киши уни ўзига эмас, бировга ноҳақ берса ҳам, ўзига дўзахни сотиб олган бўлар экан.

Бу ҳадиси шарифда эътибор бериладиган яна бир нукта шуки, омманинг моли Аллоҳнинг моли ҳисобланар экан. Бинобарин, халқнинг мулкини ўмараётган кимса Аллоҳнинг молидан олаётганини унутмаслиги керак.

Кимдир «Нима учун омманинг моли етимнинг ҳақига тенглаштирилмоқда?» дейиши мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Омманинг молида етимнинг ҳақи бўлиши тайин, чунки умумий бойликда бутун халқнинг ҳақи бор, жамиятда эса етимлар бўлиши табиий. Бинобарин, омманинг мулкидан ноҳақ олган киши қайсидир етимнинг ҳақини ҳам олган бўлади. Аммо у қайси етимнинг қанча ҳақини олганини била олмайди ва шу жиҳатдан бунинг гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Бу гуноҳнинг тавбаси чин қалбдан надомат чекиш, бу ишни қайтиб қилмасликка қатъий жазм қилишдан ташқари ўша ноҳақ олинган молни тўлалигича ўз жойига қайтариш билангина бўлади.

Омманинг мулкида барчанинг ҳақи бор бўлгани учун ундан ўғирлаш бир кишидан эмас, бутун халқнинг чўнтагидан ўғирлаш ҳисобланади, миллионлаб одамларнинг молига тажовуз қилиш саналади.

Воқелик тасдиқлаб келган исломий тушунчага кўра, мол-дунёни ҳалолдан топиш кишига қувват бўлса, уни ҳаром йўл билан топиш, ноҳақ ўзлаштириш инсонни очкўз қилиб қўяди ва охир-оқибат ҳалокатга дучор этади.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«Бу мол-дунё тотлидир. Ким уни ҳақли равишда олиб, ҳақли ўринга қўйса, у қандай яхши ёрдамчи! Аммо ким уни ҳақсиз олса, ебтўймасдир».

Омманинг молидан ҳақсиз равишда, яширинча олиш ҳатто шаҳидни ҳам дўзахга улоқтиради.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Бир қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётган эди, тўсатдан дайди ўқ келиб, ўша қулга тегди. Одамлар: «Унга шаҳидлик қутлуғ бўлсин!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни ўлжалардан улушлар тақсим бўлмай туриб олган шамласи (ўраниб олинадиган устки кийим) унинг устида олов бўлиб ловуллайди», дедилар. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитган заҳоти бир пойабзал ипини олиб келиб, «Мен мана шуни олган эдим», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу дўзахдан (олинган) пойабзалнинг ипи!» дедилар».

Қаранг, ким омманинг молидан бирор нарса олса, дўзахдан ўшанча улуш олган ҳисобланар экан. Бир ип олса, дўзахдан бир ип, бир кўйлак олса, дўзахдан бир кўйлак олган бўлади. Бу маъно бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланади.

Имом Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаромдан битган ҳар бир эт дўзахга муносибдир», деганлар.

228 - وَعَنْ خَوْلَةَ بِنْتِ عَامِرٍ الأَنْصَارِيَّةِ - وَهِيَ امْرَأَةُ حَمْزَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ وَعَنْهَا - قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ رِجَالًا يَتَخَوَّضُونَ فِي مَالِ اللهِ بِغَيْرِ حَـقٍّ فَلهُمُ النَّارُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [3118].


Улашиш
|
|
Нусха олиш