23. Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта Аллоҳ азза ва жалла банданинг тавбасини ғарғара келгунча қабул қилади», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳадис ҳасандир, дедилар. .[3537].
Шарҳ: Жон ҳалқумга келмасдан аввал тавба қилиб қолмоқ лозим. Ундан кейин кеч бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз», деган (Нисо сураси, 18-оят).
Демак, ўлим келмасдан туриб, ўз вақтида тавба қилиб қолиш керак. Ўлим келганда қилинган тавбадан фойда бўлмайди. Қиёмат қоим бўлгунча кечасию кундузи Аллоҳ таоло бандаларнинг тавбасини қабул қилади. Банда ўзидан камчилик ўтганини сезиши билан вақтини суриштирмай, тавбага шошилмоғи даркор.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар. Модомики ўлим фаришта келганини кўриб, ўлимга аниқ ишонса ёки руҳнинг баъзи аъзолардан чиққанини ҳис қилса, унинг тавбаси қабул қилинмайди. Бу худди Қуёшнинг мағрибдан чиққани кабидир.
23 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يَقْبَلُ تَوْبَةَ العَبْدِ مَالَم يُغَرْغِرْ» رَوَاهُ التِّرمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [3537].