232. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алийни ўпдилар. Ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис бор эди. Ақраъ: «Менинг ўнта болам бор, лекин бирортасини ҳам ўпмаганман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар-да, «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу гапларнинг маъноси – ким бандага раҳм қилмаса, Аллоҳ таоло унга ҳам раҳм қилмайди, деганидир.
Бандаларга раҳм қилишнинг энг олий намунаси ёш болаларга раҳм қилишдир. Чунки улар раҳм-шафқатга энг муҳтож тоифадирлар.
Шундай бўлганидан кейин, ҳар бир ота-она ўз боласига меҳрибон бўлиши, уларга раҳм-шафқатли бўлиши лозим.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бир кишини шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлди. Котиб фармонни ёзаётганда бир гўдак кириб халифанинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олди. Халифа болакайни ўпиб, эркалади. Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб: “Бу гўдак ўз ўғлингизми?” – деб сўради. “Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман”, – деди ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу. У киши халифанинг мулойим қалбли, шафқат, марҳаматли эканига ажабланиб: “Менинг кўп фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?” деди.
Халифа бу гапни эшитиб, ёзилган фармонни йиртиб ташлади: “Бу одамни ҳоким этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин?!” – деди.
Бола психологияси мутахассислари ҳам гўдак ҳаётининг илк даврида ота-онаси кўрсатган меҳр-эътибор инсон руҳиятининг тўғри шаклланишига замин яратишини айтишади. Айниқса, етти ёшгача болалар учун ота-онасининг фикри, муҳаббати етакчи ҳисобланади. Шу боис ҳам болада соғлом руҳий ҳолат шаклланиши учун ҳаётининг илк йилларида ота-онасининг меҳри, эркалашини ҳис қилиши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, меҳр олган меҳр беради.
232 - وَعَنْ أَبِي هُريْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَبَّلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الْحَسَنَ ابْنَ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا وَعِنْدَهُ الأَقْرعُ بْنُ حَابِسٍ، فَقَالَ الأَقْرَعُ: إِنَّ لِي عَشَرَةً مِنَ الْوَلَدِ مَا قَبَّلْتُ مِنْهُمْ أَحَدًا!! فَنَظَرَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «مَنْ لَا يَرْحَمْ لَا يُرْحَمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5997، م 2318].