234. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унга раҳм қилмайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Уламолар: «Бу раҳмдиллик умумий бўлиб, ёш болалар ва улардан бошқаларни ҳам ўз ичига олади», деб айтишган.
Ҳофиз Муҳаммад Маъмар айтдилар. Ким одамларга раҳм-шафқат кўрсатмаса, демак Аллоҳ халойиққа улашган раҳматдан бенасиба экан. Чунки у кимса қуйидаги ҳадисдан келган насибадан маҳрум қилинган экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўз ҳузурида тутиб қолди. Ерга бир қисмини нозил қилди. Махлуқотлар ўша қисмдан бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳаттоки от боласига зарар етказишдан қўрқиб туёғини ундан кўтаради», деяётганларини эшитдим».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолонинг раҳмати қанчалар кенг эканини билиб оламиз.
Ер юзидаги махлуқотларга назар соладиган бўлсак, бир-бирига раҳм қилиш уларнинг хилқатларида борлигини кўрамиз. Ҳаттоки кўринган нарсага даҳшат соладиган йиртқич ҳайвонлар ҳам ўз боласига ўта раҳмли бўлишлари ҳеч кимга сир эмас.
Бу ҳолат ҳар бир махлуқда бор. Бундан истисно бўлган бирор махлуқ йўқ. Бу раҳмни уларга Аллоҳ таоло бермаса, қаердан ҳам олар эдилар. Аммо дунёни тўлдириб турган бу раҳмлилик Аллоҳ таолонинг раҳматининг юздан бири, холос.
Ўша раҳматнинг қолган тўқсон тўққиз қисми Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳақида Қуръони Каримда бир қанча оятлар келган. Аллоҳ таоло: «У Ўз зиммасига раҳматни ёзган», деган («Анъом» сураси, 12-оят).
Аслида, ягона Аллоҳ Холиқ, Молик ва Ҳоким сифатида нима қилса, ҳаққи бор эди. Аммо Ўз фазли ила Ўзига Ўзи раҳмлиликни, меҳру шафқатни ёзиб қўйган.
Аллоҳ таоло Роҳман ва Роҳиймдир, Ўз махлуқотлари билан қиладиган муомаласи ана шу қоида – раҳм-шафқат ва мурувват асосида бўлиши лозимлигини ирода этган. Ҳатто бандаларга етган баъзи мусибатлар ҳам, оқибати ўйланса, раҳм ва шафқатдандир.
Умуман, исломий тасаввурда Аллоҳ таолонинг оламларга қиладиган барча муомаласи раҳм-шафқат асосидадир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло махлуқотларни яратганида Арши устидаги китобга «Раҳматим ғазабимдан ғолибдир», деб ёзиб қўйган», деганлар».
Ушбу асосий қоидадан келиб чиқиб, Исломда раҳм-шафқат масаласига кенг қаралади. Дунёдаги барча мавжудотларга раҳм-шафқат қилиш, улар орасида ўзаро меҳрибонлик бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор берилади.
Имом Термизий Амр ибн Оснинг ўғилларидан қилган ривоятда Набий алайҳиссалом:
«Раҳмлиларга Аллоҳ таоло раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг. Сизга осмондаги Зот раҳм қилади», деганлар.
Буюк имомлар – Бухорий, Муслим ва Термизийлар Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди», деганлар.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳмдиллик фақат бадбахтнинг қалбидангина суғуриб олинади», деганлар.
Демак, раҳмдиллик саодатмандлик аломати бўлса, раҳмсизлик бадбахтлик аломатидир.
Ислом инсонларга раҳм-шафқат кўрсатиш ҳудудидан чиқиб, бутун мавжудотга раҳм қилиш шиорини олға суради. Мусулмон инсон борлиқдаги барча нарсаларга раҳмли бўлиши зарурлигини таъкидлайди.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Бир чумоли Аллоҳнинг Пайғамбарларидан бирини чақиб олганида, амр қилиб, чумолининг уясини куйдирган экан. Шунда Аллоҳ таоло ўша Пайғамбарга ваҳий юбориб:
«Бир чумоли сени чаққани учун тасбеҳ айтиб турган умматлардан бирини куйдирдингми?!» деган экан», дедилар.
Бу мавзуда қанча гапирсак, оз. Фиқҳ китобларимизда ҳайвонларни соғувчилар тирноқларини олишлари лозимлиги, соғилаётган ҳайвоннинг елинига зарар етказмаслик кераклиги, ҳайвонларни қийнаб, уларга оғир юк юклаш, оч қолдириш мумкин эмаслиги ва шунга ўхшаш таълимотлар ипидан-игнасигача баён қилинган. Бу ҳам Ислом раҳм-шафқат дини эканига далилдир.
234 - وَعَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ لَا يَرْحَمِ النَّاسَ لَا يَرْحَمْهُ اللهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 7376، م 2319].