245-ҳадис
245. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозага қатнашиш, айтилган жойга бориш ва акса урганга ташмит қилиш (яъни, акса уриб «Алҳамдулиллаҳ», деса, «Ярҳамукаллоҳ», деб жавоб бериш)», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагича келтирилади:

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир. Уни учратганингда салом бергин. Сени таклиф қилса, боргин. Маслаҳат сўраса, маслаҳат қилгин. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ташмит айтгин. Бемор бўлиб қолса, кўргани боргин. Вафот этса, (жанозасига) қатнашгин».

 

 

Шарҳ:  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо яхши ва фойдали нарсаларга амр қилганлар.

1. «Саломга алик олиш».

Салом бериш суннат, алик олиш вожиб, дейилгани ҳам шу сабабдан. Чунки саломга алик олинмаса, орада адоват, уруш-жанжал ва мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқади.

2. «Бемор кўриш».

Бу ҳам мусулмон кишининг дин қардоши олдидаги бурчи. Бу иш дуо ва яхши тилакларга сабаб бўлиши, савоб олишга восита бўлиши билан бирга, ўзаро муҳаббат ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамланишига ҳамда яна бошқа кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади.

Демак, бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор. У ҳам бўлса, улар келиб беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари бемор олдида бурчлари ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам қайси бир дин қардошимизнинг бемор бўлганини эшитсак, уни кўргани боришга шошилишимиз керак. Ўша биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз уни бориб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилишимиз билан бўлади.

3. «Жанозага қатнашиш».

Яъни, биров ўлганда жанозасида қатнашиб, намозини ўқиб, дафнида иштирок қилиш. Бу иш билан инсон мусулмон биродарининг ўзида бўлган ҳаққини адо этади. Ўлим ўзига яраша оғир мусибат. Ўлган мусулмонни ҳурмат-эҳтиром билан жойига қўйиш тирик мусулмонларга фарзи кифоя. ҳар кимнинг бошида ҳам ўлим бор. Ким бошқа кишиларнинг ўлимида ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам бошқалардан ҳурмат-эҳтиром кўради.

Шунингдек, ўлганнинг яқин кишилари, қариндош-уруғларининг ҳурмати, эътибори ҳам бор. Қайғули пайтда кўрсатилган одамгарчилик ижтимоий алоқаларни яхшиланишига сабаб ҳам бўлади. Қолаверса, жанозада иштирок этган инсон ўзи учун кўпгина ваъз-насиҳатлар, ибратлар олади. У ўлимни эслайди, ўзини ўнглаб юриш кераклигини ёдга олади.

4. «Чақириққа жавоб бериш».

Яъни, шариатга мувофиқ зиёфат, тўй ва маросимларга чақирилганда бориш. Бу ҳам ўзаро дўстлик, муҳаббат ва алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўладиган иш.

5. «Акса урганга соғлик тилаш».

Бу ҳам мусулмонлик бурчи. Ўзаро алоқаларни яхшилаш омилларидан бири.

Ташмит – акса уриб Алҳамдулиллаҳ деб айтган кишига қарата «Йарҳамукаллоҳ» – «Аллоҳ сенга раҳм қилсин» дейиш. Бунда мусулмон одам айнан мазкур жумлани ишлатиши керак. «Соғ бўлинг», «Саломат бўлинг» ёки шунга ўхшаш бошқа иборалар унинг ўрнига ўтмайди.

Имом Муслимнинг ривоятларида бу бешта нарсага олтинчиси, яъни «Маслаҳат сўраса, маслаҳат қилгин» сўзи зиёда қилинган.

Насиҳат қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Насиҳат қилиш одоблари ҳақида фикр юритишдан олдин, “насиҳат нима” деган саволга жавоб бериб ўтсак.

«Насиҳат» сўзи «самимий маслаҳат», «ўгит», «хайрихоҳлик»  деган маъноларни  англатади.

Бир инсоннинг бошқа инсонга холис ниятда маслаҳат бериши, уни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чорлаши насиҳат дейилади.
Ҳар бир инсон насиҳат сўраб келган кишига холис насиҳат бериши лозимдир. Зеро, насиҳат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг биродаридаги ҳақларидан биридир.

 

245 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلَامِ، وَعِيَادَةُ الْمَرِيضِ، وَاتِّبَاعُ الْجَنَائِزِ، وَإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ، وَتَشْمِيتُ العَاطِسِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1240، م 2162].

 وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «حَقُّ الْمُسْلِمِ سِتٌّ: إِذَا لَقِيْتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ، وَإِذَا اسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْ لَهُ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اللهَ فَشَمِّتْهُ. وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ، وَإِذَا مَاتَ فَاتَّبِعْهُ». [2162/5].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш