25-ҳадис

 

25. Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдирди. Кейин дунёдаги энг илмли одамни сўради. Уни бир роҳибга йўллашди. У роҳибнинг олдига бориб, ўзининг тўқсон тўққизта одамни ўлдирганини айтиб, «Энди менга тавба борми?» деди. У «Йўқ», деган эди, уни ҳам ўлдириб, (ўлдирган одамлари сонини) юзтага етказди. Кейин у яна дунёдаги энг илмли одамни сўради. Уни бир олим кишига йўллашди. У унга ўзининг юзта одам ўлдирганини айтиб, «Энди менга тавба борми?» деди. У шундай деди: «Ҳа. Сени тавбадан ким ҳам тўса оларди? Сен фалон-фалон жойга боргин, у ерда Аллоҳ таолога ибодат қиладиган одамлар бор. Улар билан Аллоҳга ибодат қилгин, лекин ўз юртингга қайтмагин, чунки у ёмон ердир», деди. У йўлга тушди. Ярим йўлга етганда унинг ажали етди. Шунда раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари унинг устида тортишиб қолишди. Раҳмат фаришталари: «У тавба қилиб, қалби Аллоҳга юзланган ҳолда келган эди», дейишди. Азоб фаришталари эса: «У ҳеч бир яхши амал қилмаган эди», дейишди. Шу пайт одам суратидаги бир фаришта келиб қолди. Уни ўрталарида ҳакам қилишди. У: «Икки ернинг орасини ўлчанглар. У қайсинисига яқин бўлса, ўшан(инг аҳли)дан бўлади», деди. Ўлчаб кўришса, у кетаётган ерига яқинроқ экан. Шундай қилиб, уни раҳмат фаришталари олиб кетишди».

 

Муттафақун алайҳ.

 

Бошқа бир саҳиҳ ривоятда: «Яхши юртга бир қарич яқин экан. У ўша шаҳар аҳлидан саналибди», дейилади.

Яна бир бошқа саҳиҳ ривоятда эса қуйидагича айтилади:

«Аллоҳ таоло: «Келган тарафдаги ерга узоқ бўл, бораётган тарафдаги ерга яқин бўл», деб ваҳий қилди. Ва: «Икковининг орасини ўлчанглар», деди. Натижада бораётган томонига бир қарич яқин экан. Бас, у мағфират қилинди».

Бошқа ривоятда: «Кўкси билан ўша томонга йиқилган», дейилган.

 

Шарҳ: Роҳиб унинг учун тавба йўқ, деб айтиш билан илми ва фаросати оз эканини ҳамда фатво айтишга яроқсиз кимса эканини билдириб қўйди. Ибодатга қараганда илм фазилатли экани шундан билинади. Аввалги киши роҳиблик ва ибодатга берилиб, илмсиз фатво берди. Бу билан ўзи ҳам ҳалок бўлди ва бошқани ҳам барбод қилди. Иккинчиси эса илмга машғул эди, шу сабабли ҳақ нарсага муваффақ қилинди. У бу фатвоси билан ўзини ҳам тирик қолдирди ва бошқа кимса ҳам тирик қолди.

Имом Нававий «Саҳиҳул муслим» китобига ёзган шарҳларида айтадилар.

«Тавба қилувчи киши гуноҳлар содир қилган макондан кўчиб чиқиб кетиши ва яхши ва салоҳиятли кишилар яшайдиган жойга ўзгартириши маҳбубдир. Бу билан унинг тавбати чин экани билинади».

Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни тавба туфайли кечиради, билиб, тушуниб, қасддан қилинганларини эмас... 

Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ-яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмас. Аллоҳ таоло «Қасас» сурасида: «Аммо тавба қилган, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган киши шоядки нажот топгувчилардан бўлса», деган. Демак, ҳар бир инсон ўзига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етиши билан дарҳол тавба қилиб, мусулмон бўлиб, солиҳ амалларни қилишга ўтиши керак. Ўзига берилган фурсатдан фойдаланиб қолиши лозим. Одамлар ўзларича ҳар хил баҳоналар топиб, Исломдан қочаверадилар. Аслида, бу дунё ишлари уларнинг ихтиёрида эмас. Тинчлик-омонлик ҳам, фаровонлик ва тўкин-сочинлик ҳам одамларнинг хоҳиши билан бўлмайди.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилурман. Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳмлидирман», деган. Гуноҳнинг ёмонлигини билгач, тавба қилишнинг ўзигина унинг қабулига кифоя эмас экан. Балки тавбадан кейин у аҳли солиҳлардан бўлиши, яхши ишларни қилиши ва аввал бузган нарсаларини тузатиб ҳамда одамлардан беркитган нарсаларини баён қилиб-тушунтириб берганларидан сўнггина уларнинг тавбасини қабул қилишни Аллоҳ таъкидлаяпти. «Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилурман».
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло Ўзининг тавбаларни кўплаб қабул қилувчи, раҳмли зот эканини эслатиб, кишиларни умидвор бўлишга ундамоқда. «Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳмлидирман». Аллоҳ раҳмли бўлмаганида, ҳақиқатни яширган одамларнинг гуноҳини ҳеч кечмас эди. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Магар шундоқ бўлгандан кейин тавба қилиб, яхши амалларни қилганлар бўлса, бас, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир», деган.

Тавба эшигининг очиқ қўйишнинг ўзи Аллоҳнинг бандаларига бўлган улкан раҳматидир. Ожиз инсон билиб-билмай хатога йўл қўйса, кейин ўзига келиб, хатосига афсус қилса, марҳамат, тавба қилсин. Содир этган гуноҳидан қайтсин. Лекин тавбага фақат оғиз билан гуноҳдан қайтганликни эълон қилиш ёки дилдан ўтказиш кифоя эмас. Балки тавбасининг ҳақиқий эканлиги тавбадан кейин яхши амалларни қилиши билан собит бўлади. Агар шундай қилсалар: «...бас, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир». У ўша банданинг гуноҳларини мағфират қилади ва ўз раҳматига олади.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиладир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир», деган.

Уламоларимиз жаҳолатнинг бу ердаги маъносини, ҳидоят йўлидан адашиш, деб таърифлаганлар. Шунга биноан, йўлдан адашиб, гуноҳ ишларни қилиб юрганлар, биз қиладиганимизни қилиб бўлдик, энди кеч бўлди, тавба қилиб қаерга борар эдик, деган фикрга бормасликлари керак. Улар хатоларини қанчалик тез тушинсалар, қанчалик тезроқ тавба қилсалар, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Агар улар дарров тавба қилсалар, уларнинг тавбасини қабул этишни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган.

«Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир».

Бу эса, инсонга Аллоҳ таоло томонидан ўзини ўнглаб олиши учун, тўғри йўлга тушиб, янги ҳаёт бошлаши учун берилган катта имкониятдир. Бу қулай фурсатдан фойдаланмаганлар ўзларига ёмонлик қиладилар. Чунки: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз». Кофир ҳолида ўлганларнинг иши ўз-ўзидан маълум: улар тўппа-тўғри дўзахга равона бўладилар. Уларнинг тавбалари ботил ва ҳеч қачон қабул бўлмайди. Аммо мўмин бўлиб туриб, мўминликка тўғри келмайдиган иш қилганлар-чи? Уларга иймонлари ҳурматидан ўзини ўнглаб олиш имкони берилган эди. Тавба эшиги очилган эди. Улар гуноҳлардан тавба қилишлари, яъни, қайтишлари лозим эди.

Арабчада «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Гуноҳдан қайтиб, савобга юриш керак эди. Аммо вақтида бу ишни қилмади. Энди ўлим кўзига кўриниб қолганда, тавба қилдим, деганидан нима фойда? Энди тавба ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганишга киришайлик.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барча одам боласи хатокорлардир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

 

Аллоҳ гар бандаси исроф қилган бўлса ҳам тавбасини қабул қилур

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир», деган.

Ширк келтириш катта гуноҳ эканлиги бошқа оятларда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Аммо бу оятда, ширк ягона кечирилмас гуноҳ эканлиги билдирилмоқда. «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас». Аслида, ширк–яратувчиликда, ибодат ва тарбиякунандаликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақидани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади. Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган зотга, ризқ берган зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди. Аммо иймон билан ўтганларнинг-ширк келтирмаганларнинг бошқа гуноҳлари бўлса, Аллоҳ хоҳлаган одамини мағфират қилаверади. «Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир». Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа, уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа кечиради», деганлар.

Аллоҳ таоло: «Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур», деган. Яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзигина бандаларнинг тавбасини қабул қиладиган зотдир. Тавбани қабул қилувчи ундан ўзга ҳеч бир зот йўқ. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина бандаларнинг гуноҳларини афв қилади. Гуноҳни афв қиладиган ундан ўзга ҳеч бир зот йўқ. Аллоҳ таоло бандалари нима қилаётганини ҳам жуда яхши билади. Ким ҳақиқатда ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиб, пайғамбарлик бурчини омонат ила бажараётгани, ким саркашлик қилиб, унга ваҳий тушгани йўқ, у Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпти, деяётганини ҳам яхши билади.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларидан ҳикоя қилароқ:

«Банда гуноҳ қилди ва: «Эй, Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди. Шунда У зот таборака ва таоло: «Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди», дейди. Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва: «Эй, Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди. Шунда У зот таборака ва таоло: «Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳни мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди», дейди. Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва: «Эй, Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди. Шунда У зот таборака ва таоло: «Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди. Хоҳлаганингни қилавер, батаҳқиқ, сени мағфират қилдим», дейди», дедилар».

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч ҳам яхшилик қилмаган бир одам ўз аҳлига қачон ўлса уни куйдириб кулининг яримини қуруқликка, яримини денгизга сочиб юборишни айтди. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ уни тутса уни оламлардан бирортасини азобламаган азоб ила азоблашидан қўрқди. Ўша одам ўлганда унинг айтганини қилдилар. Бас, Аллоҳ қуруқликка амр қилди. У анинг ўзидаги нарсаларини жамлади. Аллоҳ денгизга амр қилди. У анинг ўзидаги нарсаларини жамлади. Сўнгра У зот унга: «Нима учун бундоқ қилдинг?» деди. «Сендан қўрққанимдан. Эй, Роббим. Ўзинг билувчисан», деди. Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди».

Ушбу иккитани икки шайх ривоят қилган.

 

Тавбага шунчалар қаттиқ тарғиб бўлганидан уламоларимиз, тавба қилиш ҳар бир банда учун фарз айндир, деганлар.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти мартадан кўп айтганларини эшитдим. Мен у зотнинг: «Кифл Бани Исроилдан эди. У гуноҳдан сақланмас эди. Унинг олдига бир аёл келди. У унга устига чиқиш шарти ила олтмиш динор берди. У эр хотинига қандоқ ўтирадиган бўлса унга ўшандоқ ҳолда ўтирган чоғида аёл йиғлай бошлади. Бас, у: «Нимага йиғламоқдасан? Мен сени мажбур қилдимми?» деди. «Йўқ. Аммо мен бу ишни ҳеч қилмаган эдим. Муҳтожликгина мени бунга мажбур қилди», деди. «Сен ҳали шундоқмисан? Мен бу ишни қилмайман. Бор, кетавер! Пуллар ҳам сеники», деди. Сўнгра у «Йўқ. Аллоҳга қасамки, бундан кейин Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмайман» деди. У ўша кечаси ўлди. Бас, унинг эшигига «Албатта, Аллоҳ кифлни мағфират қилди» деб ёзилиб қолди», деганларини эштидим». Термизий ривоят қилган.

 

25 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ سَعْدِ بْنِ مَالِكِ بْنِ سِنَانٍ الْخُدْرِيِّ رضي الله عنه: أَنَّ نَبِيَّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كَانَ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ قَتَلَ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ نَفْسًا، فَسَأَلَ عَنْ أَعلَمِ أَهْلِ الأَرْضِ، فَدُلَّ عَلَى رَاهِبٍ، فَأَتَاهُ فَقَالَ: إِنَّهُ قَتَلَ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ نَفْسًا، فَهَلْ لَهُ مِنْ تَوْبَةٍ؟ فَقَالَ: لَا فَقَتَلَهُ فَكَمَّلَ بِهِ مِئَةً، ثُمَّ سَأَلَ عَنْ أَعْلَمِ أَهْلِ الأَرْضِ، فَدُلَّ عَلَى رَجُلٍ عَالِمٍ فَقَالَ: إنَّهُ قَتَلَ مِئَةَ نَفْسٍ فَهَلْ لَهُ مِنْ تَوْبَةٍ؟ فَقَالَ: نَعَمْ، وَمَنْ يَحُولُ بَيْنَهُ وَبَيْنَ التَّوْبَةِ؟ انْطَلِقْ إِلَى أَرْضِ كَذَا وَكَذَا، فَإِنَّ بِهَا أُنَاسًا يَعْبُدُونَ اللهَ تَعَالَى فَاعْبُدِ اللهَ مَعَهُمْ، وَلَا تَرْجِعْ إِلَى أَرْضِكَ، فَإِنَّهَا أَرْضُ سُوءٍ، فَانْطَلَقَ، حَتَّى إِذَا نَصَفَ الطَّريقَ أَتَاهُ الْمَوْتُ، فَاخْتَصَمَتْ فِيهِ مَلَائِكَةُ الرَّحْمَةِ وَمَلَائِكَةُ الْعَذَابِ، فَقَالَتْ مَلاَئِكَةُ الرَّحْمَةِ: جَاءَ تَائِباً مُقْبِلًا بِقَلْبِهِ إِلَى اللهِ تَعَالَى، وَقَالَتْ مَلاَئِكَةُ الْعَذَابِ: إِنَّهُ لَمْ يَعْمَلْ خَيْرًا قَطُّ، فأَتَاهُمْ مَلَكٌ فِي صُورَةِ آدَمِيٍّ فَجَعَلُوهُ بَيْنَهُمْ، فَقَالَ: قِيسُوا مَا بَيْنَ الأَرْضَينِ فَإِلَى أَيَّتِهِمَا كَانَ أَدْنَى فَهُوَ لَهُ، فَقَاسُوا فَوَجَدُوهُ أَدْنَى إِلَى الأَرْضِ الَّتِي أَرَادَ، فَقَبَضَتْهُ مَلَائِكَةُ الرَّحْمَةِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3470، م 2766].

وَفِي رِوَايَةٍ فِي الصَّحِيحِ: «فَكَانَ إِلَى الْقَرْيَةِ الصَّالِحَةِ أَقْرَبَ بِشِبْرٍ، فَجُعِلَ مِنْ أَهْلِهَا». [م 2766، 47].

وَفِي رِوَايَةٍ فِي الصَّحِيحِ: «فأَوْحَى اللهُ تَعَالَى إِلَى هَذِهِ أَنْ تَبَاعَدِي، وَإِلَى هَذِهِ أَن تَقرَّبِي، وَقَالَ: قِيسُوا مَا بَيْنَهُمَا، فَوُجِدَ إِلَى هَذِهِ أَقَرَبَ بِشِبْرٍ، فَغُفِرَ لَهُ» [خ 3470، م 2766/48].

وَفِي رِوَايَةٍ: «فَنَأَى بِصَدْرِهِ نَحْوَهَا». [م 2766/47].


Улашиш
|
|
Нусха олиш