250. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ичиб олган бир кишини олиб келишди. «Уни уринглар», дедилар. Кимдир қўли билан урди, кимдир шиппаги билан урди, кимдир эса кийими билан урди. Калтаклаб бўлишгач, қавмдан бир киши: «Аллоҳ сени хор қилсин!» деган эди, у зот: «Бундай деманглар, унинг зарарига шайтонга ёрдам берманглар», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Мусулмон киши гарчи маъсиятга қўл урган бўлса ҳам, унда Исомнинг асли ва Аллоҳу Расулига муҳаббатнинг асли сақланиб қолади. Бинобарин, буни ундан нафий қилиш (йўқ деб санаш) ва унинг зарарига шайтонга ёрдам берадиган сўз билан дуо қилиш жоиз бўлмайди. Балки, унга ҳидоят, мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилиш керак бўлади.
Бир ривоятда: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Унинг таъзирини бериб қўйинглар», дедилар. Шунда улар унга юзланиб: «Аллоҳдан тақво қилсанг бўлмайдими», «Аллоҳдан қўрқмайсанми», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаё қилсанг бўлмайдими», деган гаплар билан таъзир беришди, сўнг қўйиб юборишди». Ушбу ривоят охирида келади: «Лекин, «Эй Аллоҳим, уни мағфират қил, эй Аллоҳим, унга раҳм қил» денглар» (Абу Довуд ривояти).
Бир ривоятда: «Ҳалиги одам кетгач, қавмдан бир киши: «Аллоҳ сени расво қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бундай деманглар, унга қарши шайтонга ёрдам берманглар, балки «раҳимакаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) денглар», дедилар» (Аҳмад ривояти).
Ривоят қилинишича, салафлардан бўлган кишининг биродари истиқомат (тўғри йўл)дан оғиб кетди. Шунда биродарига: «Ундан алоқани узиб, узоқлашмайсизми?» деб айтилганида, у киши: «Аксинча, тойилган бу пайтда у менга кўпроқ муҳтождир. Уни койиш ўрнига қўлидан тутиб, лутф-марҳамат кўрсатаман ва уни асл ҳолатига қайтишини сўраб дуо қиламан», дея жавоб берди.
250 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِرَجُلٍ قَدْ شَرِبَ، قَالَ: «اضْرِبُوهُ» قَالَ أَبُو هُرَيْرةَ: فَمِنَّا الضَّارِبُ بِيَدِهِ، وَالضَّارِبُ بِنَعْلِهِ، وَالضَّارِبُ بِثَوبِهِ. فَلَمَّا انْصَرَفَ قَالَ بَعْضُ الْقَوْمِ: أَخْزَاكَ اللهُ، قَالَ: لَا تَقُولُوا هَكَذَا، لَا تُعِينُوا عَلَيهِ الشَّيْطَانَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [6777].