251-ҳадис

251. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмонларнинг бир-бирига зулм қилиши ҳаромдир. Мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. Мусулмон одам бирор сабабга кўра зулмга учраб қолса, биродари уни бу зулмдан қутқаришга қўлидан келганича ҳаракат қилиши керак.

Бир биродарининг ҳожатини раво қилиш ҳам мусулмон кишининг фазилатларидан биридир. Бу фазилатнинг мукофоти эса, юқорида айтиб ўтилди. Биродарининг ҳожатини раво қилган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи раво қилади.

Айниқса синовли кунларда мусулмон киши ўз биродарини қўлида имконияти бўлса муҳтож ташлаб қўймаслиги лозим.

Шунингдек, мусулмон одам биродарининг ғам-ташвишларини аритиш учун ҳам имкон қадар ҳаракат қилади. Чунки у мазкур ҳадисга амал қилади ва биродарининг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритишига ишонади.

Кимдир нонга муҳтож кимдир бошқа ҳожатлари бор бўлган кишиларга, қўни кўшнимиз,маҳалладошларимизга қўлимиздан келганча ёрдам беришимиз айни динимиз талаб қилган биродарлик бурчимиз эканини унутмайлик.
Мусулмон одам ўз биродарининг айбларини беркитишга интилади, уларни фош қилиб, уни хижолат қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича, биродарининг айбини яширган одамнинг айбини Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи яширади.

“Айбни яшириш” ёки “айбни беркитиш”дан мақсад бошқаларга унинг айбини айтмаслик ва барчанинг кўз ўнгида эълон қилмасликдир. Лекин, бу масалада қуйидагиларни ёдда тутиш лозим:

— айбни беркитиш учун ёлғон сўзламаслик. Шунинг учун, кимдир у айб ҳақида сўраса, дастлаб жавоб беришни орқага суришга ҳаракат қилади. Мабодо, жавоб беришга мажбурласа, воқеликка зид бирор сўз айтмасдан, ҳақиқатни айтади;

— айб бошқаларга таъсир қилмасагина, уни яшириш мумкин. Агар унинг бошқаларга зарар келтириш хавфи бўлса, тегишли одамларга хабар бериш нафақат жоиз, балки савобли амалдир. Бунда, бошқаларга зиён етиб қолишининг олдини олиш ният қилиниши ва айбдорни камситишлик кўзланмаслиги шарт. Масалан, бир шахснинг ёлғон билан одамларнинг пулини олиб, еб юбориш одати бўлса ёки қарз олиб қайтариб беришга эътибор қаратмайдиган бўлса, буни билмайдиган инсон у билан муомала қилиб, зарар кўришнинг олдини олиш учун одамларни бундан бохабар қилишнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Шунингдек, уйига совчи келганда, келин хонадони куёв бўлмишни ўрганишни исташи табиийдир. Албатта, бундай ҳолатда уларга тўғри маълумот бериш лозим. Лекин, барча ўринларда асосий мақсад бошқаларни зарар кўришдан сақлаш бўлиши даркор.

251 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ أَخُــو الْمُسْلِمِ؛ لَا يَظلِمُهُ وَلَا يُسْلِمُهُ، مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيْهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ، وَمَنْ فَرَّجَ عنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ بِهَا كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَومِ القِيَامَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِماً سَتَرَهُ اللهُ يَومَ الْقِيَامَةِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2442، م 2580 وسبق برقم 240].


Улашиш
|
|
Нусха олиш