252-ҳадис

252. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир мўминдан дунё ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир қийналган одамга енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунёю охиратда енгиллик қилиб беради. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм излаб йўлга тушса, шу сабабли Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг байтларидан бирида тўпланиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни бир-бирига ўргатса, устларига сакина нозил бўлади, уларни раҳмат чулғаб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилади. Амали ортга тортган одамни насаби олға сура олмайди».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар. Шу орқали сиз билан биз умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Келинг, ўша амаллар ва уларнинг натижаларини бирма-бир кўриб чиқайлик:

1.«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак гапларида ҳар бир мўмин учун бошқа бир мўминнинг бошига тушган оғирликни аритишга ёрдам бериш учун катта чорлов бор.

Бу дунёда одамларнинг бошига тез-тез турли ғам-ғусса, қийинчилик ва машаққатлар тушиб туради. Бошига машаққат тушган одам дарҳол ўз яқинларидан ёрдам кутади. Чунки бир ўзи машаққатга қарши туриши осон эмас.

Ислом дини мусулмон жамиятидаги кишиларни доимо ўзаро ёрдам асосида яшашга чақиради. Айниқса, қийинчиликда қолган кишиларга алоҳида эътибор беришни тайинлайди. Лекин ҳозирги пайтда кўпчилик бошига машаққат тушган кишидан ўзини олиб қочади, унинг машаққатига шерик бўлишни хоҳламайди. Аксинча, яхшилик ичида юрган одам атрофида ўралашади. Унинг яхшилигидан фойда олишни умид қилади. Бу эса, беш кунлик дунёнинг матоҳига учган кишиларнинг ишидир.

Ҳақиқий мўмин – охиратни ўйлаган киши ушбу ҳадисга амал қилади. Бошига иш тушган биродарининг машаққатини аритишга ҳаракат этади. Шу билан қиёмат куни ўз бошига тушадиган бир машаққатни аритган бўлади. Демак, у биров учун эмас, ўзи учун амал қилибди. Шунинг учун у бошига машаққат тушган биродарига миннат қилмай, раҳмат айтиши, «Эй биродар, Аллоҳ сенга сабр берсин, сенинг сабабингдан мен охират машаққатларининг биридан халос бўлдим», дейиши керак.

2.«Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади».

Бу дунёда қийинчилик билан кун кўрадиган кишилар доимо учраб туради. Чунки дунё ўзи шундоқ тузилган.

Шу билан бирга, мусулмонлар жамиятида ҳам қийинчилик билан кун кечирадиган, камбағал, бечора кишилар ҳамиша топилади. Шундай кишиларга нисбатан бошқа мўмин-мусулмонлар қандоқ муносабатда бўлишлари зарурлиги ушбу ҳадисда аниқ баён этилмоқда.

Демак, бошқа мусулмонлар қийин кун кечираётган биродарининг мушкулини осон қилиш учун ҳаракат этмоқлари лозим. Кийим-кечакдан қийналаётган бўлса, кийим-кечак олиб бериши, озиқ-овқат топиш машаққат бўлса, уни топишни енгиллаштириши лозим. Турар жойсиз қолган бўлса, жой топишда ёрдам беришлари, даволанишда қийналаётган бўлса, бу ишда кўмаклашишлари керак ва ҳоказо. Қийинчиликда яшаётган мўмин кишининг оғирини енгил қилиш сиртдан бировга ёрдам бериш бўлса ҳам, аслида ёрдам берувчининг ўзига фойда. Фойда бўлганда ҳам бу дунёю охиратда фойда! Чунки ўша қийинчиликда яшаётган мўминнинг ишини енгиллаштиришга ёрдам бергани учун Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охиратдаги ишларини енгиллаштириб қўяди.

3.«Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади».

Уламоларимизнинг айтишларича, айбини беркитиш моддий ва маънавий жиҳатдан бўлади.

Биринчиси, моддий камчиликларни беркитиш, мисол учун, баданини беркитиш учун кийим олиб бериш бўлса, маънавийси эса ёмон иш қилганини кўриб қолиб, ҳеч кимга айтмай беркитишдир. Бу ҳам инсон ҳаётида доимо учраб турадиган ҳолат. Бир жамиятда яшаб турган кишилар бир-бирларининг айбларини беркитиб яшасалар, яхши бўлади.

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, демак, ўша одамда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкора қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди.

Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Чунки у бировнинг айбини ошкора қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши мумкин. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди, жамият таназзулга юз тутади.

4.«Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади».

Бу, сен бировга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради, деганидир. Фуқаролари бир-бирларини қўллаб, ўзаро ҳамият кўрсатиб яшайдиган жамият кучли жамият бўлади. Чунки ўзаро ёрдам кишилар орасидаги алоқаларни яхшилайди, уларни дўст-биродар қилади, турли қийинчиликларни бирга бартараф қилишни ўргатади.

Шунинг учун ҳам Ислом мусулмонларни доимо бир-бирларига ёрдам беришга чақиради. Ўз биродарига ёрдам берган мусулмонга ўзининг ёрдамидан бир қанча кўп баробар ёрдамни ваъда қилади. Ожиз банда ўз биродарига ўзининг ожизона ёрдами билан улуғ Аллоҳнинг улуғ ёрдамига сазовор бўлади.

Шунинг учун ҳам бир мўмин бандага ёрдам берган инсон у ёрдамини миннат қилиши керак эмас. Балки ўзи Аллоҳнинг ёрдамига сазовор этгани сабабидан биродарига ташаккур айтиши керак.

5.«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради».

Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарсага, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради. Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишнинг боши экан. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиққай, иншааллоҳ!

Кези келганда яна бир масалани эслаб ўтайлик. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ўртасида баъзи тушунмовчиликлар юради. Баъзилар оят ва ҳадисларда зикр этилган илмдан мурод диний илмлардир, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Диний илмлар албатта, биринчи ўринда туради. Аммо бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейиш мутлақо нотўғридир. Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса, алоҳида қайд қилинади. Мисол учун, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди, деган каби. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда ҳам уларнинг номи ва сифати зикр қилинади.

Яна бир тоифа кишилар илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда ким бўлса ҳам илмли бўлса, бас, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли, дейдилар. Кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз кишилар томонидан илмга уриниш бўлса, уларни ҳам мазкур ваъдаларда ҳаққи бор, дейдилар. Бундоқ кишилар Исломда ҳар бир амални қабул бўлиши, савоби етиши учун иймон, ният, ихлос шарт эканини унутиб қўйган одамлардир.

Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонларгина эришади, дейишимиз тўғри бўлади.

Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга татбиқ этадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамият учун, инсонлар учун фойдали илмга «бу менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринсагина, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.

6. «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» дейилганда масжидлар кўзда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг китоби-Қуръони каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.

Бу ҳадиси шарифда эса уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда:

а) «Албатта, уларнинг устига сакийна тушади».

«Сакийна»-сокинликдан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.

Демак, масжидда жам бўлиб Қуръони каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.

б) «Уларни раҳмат ўраб олади».

Яъни, ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак?!

в) «Фаришталар қуршаб олади».

Яъни, ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!

г) «Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

«Аллоҳнинг ҳузуридагилар» «Малауъил аъло» номли олий мақом зотлардир. Бу энг олий мақом бўлиб, Қуръон тиловат қилган, уни ўрганган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олий мақом зотлар билан бирга зикр қилар экан.

Бу дунёда бирор мансабдор бир одамнинг номини тилга олиб қўйса, ўша одам умрбод «фалончи акам мени фалон жойда, фалон вақтда зикр қилган», деб ғурурланиб юради.

Энди Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги энг олий мақом зотлар қаторида зикр қилиши қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг китоби – Қуръони каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керак, холос.

7. «Амали ортга тортган одамни насаби олға сура олмайди».

Яъни, охиратда ҳамманинг насабига эмас, амалига қараб даража берилади. Кимнинг амали яхши бўлса, насаби қандай бўлишига қарамай, олдинга сурилади, олий мартабаларга эришади. Кимнинг амали ёмон бўлса, у ортга сурилади, иши чатоқ бўлади. Насаби қанчалик олий бўлмасин, иши олдинга сурилмайди. Шунинг учун ҳеч ким насабига ишонмаслиги, мағрурланмаслиги керак. Аксинча, кўпроқ яхши амал қилишга уриниш лозим.

252 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَومِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِماً سَتَرَهُ اللهُ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَاللهُ فِي عَوْنِ العَبْدِ مَا كَانَ العَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ، وَمَنْ سَلَكَ طَريقاً يَلْتَمِسُ فِيْهِ عِلْماً سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ، وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ تَعَالَى، يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلَّا نَزَلَتْ عَلَيهِمُ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلَائِكَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ، وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2699].


Улашиш
|
|
Нусха олиш