253-ҳадис

253. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳожатманд одам келадиган бўлса, бирга ўтирганларга юзланиб, шундай дер эдилар: «Сизлар шафоатчилик қилаверинглар, ажр олаверасизлар. Аллоҳ Набийсининг тили билан Ўзи яхши кўрган нарсани тақдир қилади».

Муттафақун алайҳ.

Баъзи ривоятда «Хоҳлаган нарсаси билан ҳукм қилдиради» бўлиб келган.

 

Шарҳ: Шафоат, луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ‎ёрдам бериш ва ёнини олиб, бирор нарсани унинг учун ‎сўрашдир. Кўпинча, шафоат, мартабаси ва ҳурмати юқори ‎шахснинг ўзидан паст одамнинг тарафини олиб унга ‎қўшилишига истеъмол қилинади. Қиёматдаги шафоат ҳам ‎шундандир. ‎Шафоатчи ўзини, шафоат қилинадиган шахсга унга ‎ёрдам бериш ва унинг учун бир нарсани тилаш учун, ‎қўшади. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳузурида шафоат ‎берувчилар ҳам, гуноҳкорларга кўмак берадилар.

Шафоатнинг турлари:

1.‎ Бу улуғ шафоат бўлиб, барча пайғамбарлар ичидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу ‎алайҳи васалламнинг ўзларига хос қилингандир. Бунинг ‎далили, Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган ‎‎«улкан шафоат» ҳадисидир.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ‎яхшиликлари ва ёмонликлари баробар бўлиб қолган ‎одамларни жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари. ‎‎

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ‎дўзахга амр қилинган одамларни унга ‎кирмасликлари учун шафоат қилишлари.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ‎жаннатга кирган одамларнинг амаллари савоби тақозо ‎қилган даражадан юқори даражага кўтариш учун шафоат ‎қилишлари.

‎‎5. Баъзи қавмларни жаннатга ҳисобсиз киришлари ‎ҳақидаги шафоат. ‎Бу қисмга далил Укоша ибн Мусонинг ҳадисидир. ‎Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дуо ‎қилиб, Аллоҳ уни жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш ‎минг кишилардан қилишини сўраганлар. (Имом Бухорий ва ‎Муслим ривояти).

6. Азобга сазовор одамлардан азобни енгиллатиш учун ‎шафоат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалланинг ‎амакилари Абу Толибнинг азобини енгиллатиш ҳақидаги ‎шафоатларига ўхшаш. (Имом Муслим Абу Саъид ал-Худрий ‎розияллоҳу анҳудан қилган ривоят бунга далилдир).

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ‎барча мўминларга жаннатга кириш изни берилишини ‎сўраб қиладиган шафоатлари. Имом Муслим Анас ибн ‎Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бунга ‎далилдир. ‎Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‎‎«Мен жаннат ҳақидаги биринчи шафоатчиман», ‎деганлар. Яъни, одамларнинг жаннатга киришлари учун, ‎деганлари.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ‎умматларидан гуноҳи кабира қилганларига шафоат ‎қилишлари. Шафоатнинг ушбу тури ҳақидаги ҳадислар ‎кўпдир. Ушбу турдаги ҳадислардан бири: ‎Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадислари ‎бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‎‎«Шафоатим умматларимдан аҳли кабоирлар (гуноҳи ‎кабира қилганлар)гадир», дейдилар. (Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу саккиз тур Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ‎васалламга ва шафоат қилинувчига нисбатандир. ‎Энди шафоат шафоатчига қараб ҳам саккиз турли ‎бўлади:

1. Анбиё алайҳиссалломларнинг умматларига ‎шафоати.

2. Фаришталарнинг гуноҳкорларга шафоати.

3. Кичик болаларнинг ота-онасига шафоати.

4. Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганнинг ўз аҳлидан ‎етмиш кишига шафоати.

5. Қуръонни ёд олган кишининг аҳли байтига шафоати.

6. Мўминларнинг бир-бирлари ҳақидаги шафоати.

7. Қуръони каримнинг ўз қорисига шафоати.

8. Рўзанинг рўзадорга шафоати.

‎Далил: қуйидаги оятлар:

1. «У зотнинг ҳузурида шафоат берадиган, фақат Унинг изни ила бўлур». (Бақара сураси, 255-оят).

2. «У ишнинг тадбирини қиладир. Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас». (Юнус сураси, 3-оят)

3. «Шафоатга молик бўлмаслар. Фақат Раҳмон ҳузурида аҳд олгангина бўлур». (Марям сураси, 87-оят).

4. «Ўша Кунда шафоат наф бермас. Фақат кимга Раҳмон изн берса ва унинг гапиришига рози бўлса (наф ‎берур)». (Тоҳа сураси, 109-оят).

‎‎5. «Ва шафоат бермаслар, фақат кимга рози бўлса ‎‎(берурлар). Улар Роббиларидан қўрққан ҳолларидадир». ‎‎(Анбиё сураси, 28-оят).

6. «Осмонларда қанчадан-қанча фаришталарнинг шафоатлари ҳеч бир нарсани аритмас. Фақат Аллоҳ хоҳлаган ва рози бўлган одамга изн бергандан кейингина ‎‎(аритар)». (Нажм сураси, 26-оят).

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: ‎‎«Бас Аллоҳ таоло: «Фаришталар шафоат берди. ‎Набийлар шафоат берди. Мўминлар шафоат берди. ‎Арҳамур Роҳиймийндан бошқа ҳеч ким қолмади», дейди. ‎Сўнгра дўзахдан бир сиқим олади ва ундан ҳеч бир ‎яхшилик қилмаган одамларни чиқаради», деган ‎ҳадислари. (Имом Муслимнинг Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу ‎анҳудан ривоят қилган).

8. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ‎шаҳиднинг олти хислатини баён қилган ҳадислари ‎охирида: «Ва ўз қариндошларидан етмиш кишига шафоат ‎беради», дейилган. (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‎‎«Албатта, менинг умматимдан кўпчиликка шафоат ‎берадиганлар, қабилага шафоат берадиганлар, ота томон ‎қариндошларга шафоат берадиганлар ва бир кишига, токи ‎жаннатга киришлари учун шафоат берадиганлар бор», ‎деганлар. (Имом Термизий ривояти).

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва ‎Қуръон бандага шафоат берадилар», деганлар. (Байҳақий ‎‎«Шуабул Иймон»да ривоят қилган).

11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ‎‎«Сиқт»-(балоғатга етмай ўлган бола) ота-онасини дўзахга ‎киргизган чоғда Роббиси ила тортишади. Шунда унга: «Эй ‎Роббиси ила тортишувчи бола, ота-онангни жаннатга ‎кирит», дейилади», деганлар. (Ибн Можа ривояти). ‎


253 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَتَاهُ طَالِبُ حَاجَةٍ أَقْبَلَ عَلَى جُلَسَائِهِ فَقَالَ: «اشْفَعُوا تُؤجَرُوا، وَيَقْضِيَ اللهُ عَلَى لِسَانِ نَبِيِّهِ مَا أَحَبَّ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1432، م 2627].

وَفِي رِوَايَةٍ: «مَا شَاءَ».


Улашиш
|
|
Нусха олиш