256. Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муъайт розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Одамларнинг орасини ислоҳ қилаётган киши ёлғончи эмас, зеро у яхшиликни етказади [ёки «яхшиликни айтади»]», деганларини эшитдим.
Муттафақун алайҳ.
Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагилар зиёда қилинган:
Умму Кулсум: «Одамларнинг ҳеч бир гапида ёлғонга рухсат берилганини ҳеч қачон эшитмаганман. Уч ҳолатгина мустасно: урушда (ҳийла учун айтилган ёлғон); одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун (айтилган ёлғон) ҳамда эрнинг хотинига, хотиннинг эрига (ислоҳ учун) айтган гапи», дедилар.
Шарҳ: Ораларида жанжал келиб чиққан икки мусулмон ўртасини ислоҳ қилиш улкан савобли ишдир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:
“Албатта мўминлар оға-инидирлар. Бас, сизлар икки оға-инингиз ўртасини тузатиб қўйинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шояд раҳм қилинсангизлар”.
(Ҳужурот сураси, 10-оят)
Бошқа бир оятда шундай дейилади:
“Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангизлар”.
(Анфол сураси, 1-оят)
Икки мусулмон орасини ислоҳ қилиш ва уларнинг алоқаларини тикланишига уриниш нақадар яхши амал экани Қуръони каримнинг юқоридаги кўрсатмаларидан маълум бўлмоқда.
Кишилар орасини ислоҳ қилиш учун, уларга ўрталарида муҳаббат пайдо қиладиган, англашилмовчилик барҳам топишига сабаб бўладиган сўзларни етказишга ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун зоҳиран воқеликка зид бўлган гапларни айтиш ҳам жоиздир. Масалан, икки одам бир-биридан ранжиб қолди. Улардан бирига: “У киши сизнинг ҳаққингизга дуои хайрлар қиляпти", деб ичида «У киши барча мусулмонлар учун умумий мағфиратни сўраб дуо қилади», деб ният қилса, «барча мусулмонлар» ичига қаршисидаги одам ҳам киради.
Умму Кулсум: «Одамларнинг ҳеч бир гапида ёлғонга рухсат берилганини ҳеч қачон эшитмаганман. Уч ҳолатгина мустасно: урушда (ҳийла учун айтилган ёлғон); одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун (айтилган ёлғон) ҳамда эрнинг хотинига, хотиннинг эрига (ислоҳ учун) айтган гапи», деб айтганлар.
Одамлар ўртасида ғазаб ва адоват тарқатиш шайтоний ишдир. Ҳадисларда маълум бўлишича, иблис инсонларни бир-бирига душман қилишдан хурсанд бўлганчалик бирор ишдан хурсанд бўлмас экан. Шунингдек, ҳадисларда шайтон эр-хотин ўртасига тафриқа солишни ўзининг энг катта ишларидан, деб билади. Бунинг акси ўлароқ, эр-хотин орасидаги совуқчиликни кетказиш ҳамда уларнинг ўрталарини ислоҳ қилишга ҳаракат қилиш бениҳоя ажру савобли ишдир.
Бу сўзларни айниқса катта оилада биргаликда истиқомат қиладиган кишилар ёдда тутишлари лозим. Бизнинг жамиятда қайнона, келин ва овсинлар ўртасида турли келишмовчиликлар бўлиб туради. Шундай ҳолатларда исломнинг мазкур таълимотини ёдда тутиб, унга амал қилсалар, дунё-ю охиратда икки баробар мукофотга эга бўладилар.
256 - وَعَنْ أُمِّ كُلْثُومٍ بِنْتِ عُقْبَةَ بْنِ أَبي مُعَيْطٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لَيْسَ الْكَذَّابُ الَّذِي يُصْلِحُ بَيْنَ النَّاسِ فَيَنْمِي خَيْراً، أَوْ يَقُولُ خَيْراً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2693، م 2605].
وَفِي رِوَايَةِ مُسْلِمٍ زِيَادَةٌ: قَالَتْ: وَلَمْ أَسْمَعْهُ يُرَخِّصُ في شَيْءٍ مِمَّا يَقُولُهُ النَّاسُ إِلَّا في ثَلَاثٍ، تَعْنِي: الحَرْبَ، وَالإِصْلَاحَ بَيْنَ النَّاسِ، وَحَدِيثَ الرَّجُلِ امْرَأَتَهُ، وَحَدِيثَ الْمَرْأَةِ زَوْجَهَا.