259. Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Сизларга жаннатийлар кимлигини айтиб берайми? Ҳар бир заифҳол, нотавонлар. Агар у Аллоҳга қасам ичса, У Зот унинг қасамини албатта рўёбга чиқаради. Сизларга дўзах аҳли кимлигини айтиб берайми? Ҳар бир дағал, қўпол, кибрли одам».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу мавзуга оид бошқа ҳадислар ҳам келган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қанчадан-қанча заиф, ожиз, кийими юпун кишилар борки, агар Аллоҳ таоло номига қасам айтса, албатта, Аллоҳ таоло унинг қасамини амалга оширади. Баро ибн Молик ўшалардандир”, дедилар.
Саҳобалар, ораларида Баро ҳам бор эди, мушриклар қўшинининг катта бир гуруҳига йўлиқиб қолдилар. “Эй Баро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга: “Агар Аллоҳ номига қасам айтсанг, албатта, сенинг қасамингни амалга оширади”, деганлар. Аллоҳга қасам айтгин”, дедилар. Баро: “Эй Раббим! Сенга қасам ичиб айтаман, албатта, бизга уларнинг қанотларини маҳв қилиб берасан!” деди. Бас, мушриклар қўшинининг бир қаноти енгилди. Сўнг Сус кўприги устида яна мушрикларнинг катта қўшинига йўлиқдилар. Мусулмонлар орасида ваҳима бошланиб, улар: “Баро, Аллоҳга қасам айтгин”, дедилар. Баро: “Эй Раббим! Сенга қасам ичиб айтаман, албатта, Сен бизга уларнинг қанотларини маҳв қилиб бериб, мени Пайғамбарингга етказасан”, деб дуо қилди. Мусулмонлар жойларидан қўзғалиб, жангга кирдилар. Мушрикларнинг отлиқ қўшини енгилди. Баро эса шу жангда шаҳид бўлди. Унинг шаҳид бўлиши Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида бўлган эди.
(Имом Термизий ривояти. Ҳасан ҳадис).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қанчадан қанча ғобор босган ва эшиклар олдидан ҳайдаладиганлар бор. Агар улар Аллоҳга қасам ичсалар, албатта, У зот уларнинг қасамини рўёбга чиқаради», дедилар».
Имом Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда ҳам кишиларни ҳақир санамасликка тарғиб бор. Бандалар кишиларнинг зоҳирий кўринишларига, кийим бошларига қараб эҳтиром қиладилар ёки таҳқирлайдилар. Аслида бу жуда ҳам нотўғри тасарруфдир. Кишиларнинг кўплари усти ялтироқ ичи қалтироқ бўлиши турган гап. Шу билан бирга бунинг тескариси бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор бировни ташқи кўринишига қараб ҳақир санамаслик лозим. Одамлар ичида ўзи ўта кўримсиз бўлса ҳам Аллоҳ таолога етишиб қолганлари, У зотдан бирор нарсани сўраса ўша заҳоти берадиганлари ҳам кўп.
Кибр – фақат Аллоҳга хос. Чунки у барча айбу нуқсон ва камчиликлардан холи, ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотгагина ярашади. Инсон эса ожиз, нотавон ва гуноҳкордир. Шунинг учун инсон ўзи унга лойиқ бўлмаган сифат ила безанмоқликка ҳаракат қилиши ножоиздир.
Аллоҳ таоло бу сифатни фақатгина Ўзига лойиқ кўрган ҳамда бандаларини бу сифатдан четланишини буюрган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Азизлик изорим, кибрлик эса ридоимдир (яъни, бу икки сифат менга хосдир). Кимки менинг бу сифатларим устида мен билан низо қилса, уни азобимга гирифтор қиламан” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадиснинг маъносини Қуръони каримнинг ушбу ояти тасдиқлайди: “У қудрат соҳибидир, бўйсундиргувчидир, танҳо кибр эгасидир” (Ҳашр сураси, 23-оят)
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Бир марта кибрлангани сабаб шайтон алайҳилаъна Аллоҳга сажда қилишдан маҳрум бўлди. Жаннат аталмиш беқиёс манзилдан, абадий роҳатдан, Оламлар Роббисининг розилигидан айрилди ва то қиёматга қадар мўминлар тилида лаънатланган ҳолда қолди.
Кибр - ёлғиз Парвардигорга хос. Уни талашган кимсанинг ҳаридори дўзахдир.
Хўш, инсон нега кибрланади? Инсон такаббурлик қилиш ила ўзгалардан ўзини юқорироқ туришини, обрў ва эътиборга тушишни, азизликни ҳохлайди. Таассуфки, азизлик ва эътибор, ҳурмат ва эҳтиромга такаббурликда эмас, балки айнан такаббурликнинг акси бўлган тавозеъ орқали эришилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуълик қилса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен мартабани такаббурликда талаб килдим, лекин уни тавозуъда топдим”.
Қолаверса, охиратдаги даражотларнинг баланд ёки паст бўлиши ҳам айнан тавозеъга боғлиқдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки камтарин бўлса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунида даражасини баланд қилиб қўяди. Ким кибр қилса, Аллоҳ таоло уни қиёматда даражасини паст қилади”.
Шунинг учун ҳар бир мўмин киши кибрдан сақланиши ва камтарин бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг даражасини икки дунёда юқори қилиб қўяди.
259 - عَنْ حَارِثَةَ بْنِ وَهْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ الجَنَّةِ؟ كُلُّ ضَعِيفٍ مُتَضَعَّفٍ لَوْ يُقْسِمُ عَلَى اللهِ لأَبَرَّهُ، أَلَا أُخْبِرُكُمْ بَأَهْلِ النَّارِ؟ كُلُّ عُتُلٍّ جَوَّاظٍ مُسْتَكْبِرٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4918، م 2853].
«الْعُتُلُّ»: الْغَلِيظُ الجَافِي. «وَالجَوَّاظُ» بِفَتْحِ الجِيمِ وَتَشْدِيدِ الوَاوِ وَبِالظَّاءِ الْمُعْجَمَةِ، وَهُوَ الجُمُوعُ الْمَنُوعُ، وَقِيلَ: الضَّخْمُ الْمُخْتَالُ فِي مِشْيَتِهِ، وقيلَ: الْقَصِيرُ الْبَطِينُ.