261. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннат ва дўзах (мартаба талашиб) даъволашиб қолди. Дўзах: «Менда золимлар, мутакаббирлар бўлади», деди. Жаннат: «Менда одамларнинг заифи ва мискинлари бўлади», деди. Аллоҳ уларнинг ўртасида ҳукм қилди ва: «Эй жаннат, сен Менинг раҳматимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан раҳмат қиламан (яъни, сенга уни киргизаман). Эй дўзах, сен Менинг азобимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан азоб бераман (яъни, сенга уни киргизаман). Икковларингизни тўлдириш Менинг зиммамдадир», деди», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Аллоҳ таоло айтади: «Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят- мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, Тўғри йўлни кўрсалар уни(ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат – нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф сураси, 146-оят).
Яъни, такаббур кимсаларни оятларимни фаҳмлаш, у ҳақда фикр юритиб, тадаббур қилишдан маҳрум қиламан ва кибру ҳаво қилганларига жазо сифатида қалбларини муҳрлаб қўяман.
«Албатта, У Зот мутакаббир кимсаларни севмас» (Наҳл сураси, 23-оят).
Яъни, ҳаққа қулоқ солиб, унга бўйсунишдан кибр қилган кимсаларни севмайди.
«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма ва ерда кибру ҳаво билан юрма. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверди».
(Бухорий, Насаий ва бошқалар ривояти).
Амр ибн Шуъайбнинг бобосидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги «Булис» деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар» (Насаий ва Термизий ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Бир одам кийими ва пойабзали бежирим бўлишини яхши кўради, шу нарса кибрми?» деб сўради. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни хуш кўради, у кибр эмас. Кибр ҳаққа унамаслик – рад этиш ва одамларни масхара қилиш – таҳқирлашдир», дедилар.
(Муслим, Термизий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки ўзини бошқалардан афзал деб билса, ёки кибр-ҳаво билан юрса, Аллоҳ таолони ғазабланган ҳолда учратади», деганларини эшитдим». (Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа кўрсатилди. Золим амир, молидаги Аллоҳ ҳақини адо қилмайдиган бой ва мутакаббир камбағал» (Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ривояти).
Айрим салафи солиҳлар айтганларки, Аллоҳга осийлик қилиб содир этилган биринчи гуноҳ кибрдир. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди» (Бақара сураси, 34-оят).
Кимки Иблисга ўхшаб ҳақдан кибр қилса, унинг иймони бефойдадир.
Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса энг ёмон мутакаббирдир. Унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ – тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуъга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.
Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, юқоридаги оят ва ҳадисларда айтилганидек жаннатга кирмайди».
Куч ва қувват буюк ва олий Аллоҳникидир.
261 - وَعَنْ أَبي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «احْتَجَّتِ الجَنَّةُ وَالنَّارُ؛ فَقَالَتِ النَّارُ: فِيَّ الجَبَّارُونَ وَالْمُتَكَبِّرُونَ، وَقَالَتِ الجَنَّةُ: فِيَّ ضُعَفَاءُ النَّاسِ وَمَسَاكِينُهُمْ، فَقَضَى اللهُ بَيْنَهُمَا: إِنَّكِ الجَنَّةُ رَحْمَتِي أَرْحَمُ بِكِ مَـنْ أَشَاءُ، وَإِنَّكِ النَّارُ عَذَابِي أُعَذِّبُ بِكِ مَــنْ أَشَاءُ، وَلِكِلَيكُمَا عَلَيَّ مِلْؤُهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2847].