262. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни улкан, семиз одам келади. У Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик ҳам вазнга эга бўлмайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда жасаднинг катталиги Қиёмат кунида эътиборсиз эканига ишора бордир.
Инсон катта жасадга табиий ҳолда эга бўлиши, қандайдир касаллик сабабли қориндор бўлиши ёки ирсий тарафдан қорни катта бўлиши маломат қилинмайди.
Лекин бу сифатга эга кофир кимсалар Қиёматда ёмон ҳолатда бўлиши оятда зикр қилинган.
«Куфр келтирганлар ҳузур қилурлар ва худди чорва ҳайвонлари егандек ерлар ва дўзах уларнинг жойидир» (Муҳаммад сураси, 12-оят).
Улар бу дунёда лаззатларига бериладилар, ейиш-ичишлари ҳам чорва ҳайвонлари сингаридир. Уларнинг қорин тўйдиришдан ўзга ғамлари йўқ. Улар Аллоҳнинг эмас, қориннинг бандаларидир. Бундан, овқат еб, ҳузурланмаслик керак экан-да, деган хулосага келмаслик керак. Чунки мусулмонлар ҳам ҳузурланадилар, яхши овқатларни ейдилар. Бу ерда ҳақиқий насиба ҳақида гап кетяпти. Кофирларга бу дунёда мол каби еган таомидан ўзга насиба йўқ. Иккинчидан, бу дунёда мўмин ҳалол-пок нарсаларни меъёрида, завқ билан, ундан ҳосил бўлган қувватни тақво, савоб ва хайрга сарф қилиш учун еб-ичади. Кофирнинг эса унга эслатиб турувчи на тақвоси бор, у на савобни ёки гуноҳни ўйлайди, унинг дунёдаги асосий мақсади қорин тўйдиришдир. Шунинг учун ҳам у ҳалол-ҳаром, пок-нопокнинг фарқига бормай, молдек еяверади. Ҳамда охиратга унга бундан бошқа ҳеч қандай насиба қолмайди.
262 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّهُ لَيَأْتِي الرَّجُلُ العْظِيمُ السَّمِينُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لَا يَزِنُ عِنْدَ اللهِ جَنَاحَ بَعُوضَةٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4729، م 2785].