263-ҳадис
263. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Қора танли бир аёл [ёки йигит] масжидни супуриб юрар эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тополмай, у аёл [ёки киши] ҳақида сўрадилар. «У вафот қилди», дейишди. У зот: «Буни менга айтмабсизлар-да», дедилар. У аёлнинг ишини [ёки у кишининг ишини] арзимас санашгандек эди. У зот: «Менга унинг қабрини кўрсатинглар», дегандилар, у зотга кўрсатишди. Шунда у зот унга жаноза ўқидилар­да, сўнгра: «Бу қабрлар ўз аҳли учун зулматга тўладир. Аллоҳ азза ва жалла менинг намозим билан уларни мунаввар қилади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Ислом дини масжидни тоза тутиш учун хизмат қиладиган ходимни нақадар улуғлашини кўриб турибмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли аслзодалар,  бой-бадавлат одам­лар ва казо-казоларнинг ўлимидан бехабар қолганлари учун эмас, масжидни тозалаб юрувчи бир қора танли ходимнинг жанозасидан бехабар қолганлари учун саҳобаларини койидилар.

Масжид Аллоҳнинг уйидир. Аллоҳ уйининг хизматини қилувчи одамнинг ҳам мақоми улуғдир. Албатта, ўша одам бу мақомга лойиқ бўлиш шарти ила.

Эҳтимол, саҳобаи киромларнинг хаёлига бир қора қулнинг ўлими ҳақида хабар қилиб, Расулуллоҳни овора қилмайлик, деган фикр келган бўлса ажабмас. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат уни эслаб жанозасига чақирмаганлари учун саҳобаларни койидилар, балки қабрини топиб бориб, унга жаноза намози ўқидилар. Ўша кўпчилик назаридан четда юрган қора танли ходим Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улкан эътиборларига сазовор бўлди. Ўша туфайли шариатимизда қабр устида жаноза намоз ўқиш ҳукми жорий қилинди.

Ҳа, масжиднинг хизмати, хусусан, уни пок тутиш учун бўладиган хизмат Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлардан қолган меросдир.

Қадимда Аллоҳ Оли Имронни ҳам Ўз ибодатхонасининг хизматини қилиш имконини бериш ила улуғлаган эди. Имроннинг аёллари ҳанна эса, туғадиган боласини «Масжидул Ақсо»га хизматкор қилиб атаган эдилар. Биби Марям туғилдилар. У кишидан Ийсо алайҳиссалом туғилдилар.

Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид қуришда ва уни пок сақлашда шахсан ишлаганларини тарихдан яхши биламиз.

Масжид ходими бўлиш улкан бахт эканини тўла англаб етишимиз лозим. Кимга бу бахт насиб этса, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилсин.

 

263 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ امْرَأَةً سَوْدَاءَ كَانَتْ تَقُمُّ الْمَسْجِدَ أَوْ شَابّاً، فَفَقَدَهَا أَوْ فَقَدَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَسَأَلَ عَنْهَا أَوْ عَنْهُ، فَقَالُوا: مَاتَ، قَالَ: «أَفَلَا كُنْتُمْ آذَنْتُمُونِي؟!» فَكَأَنَّهُمْ صَغَّرُوا أَمْرَهَا أَوْ أَمْرَهُ، فَقَالَ: دُلُّونِي عَلَى قَبْرِهِ» فَدَلُّوهُ، فَصَلَّى عَلَيهَا، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ هَذِهِ الْقُبُورَ مَمْلُوءَةٌ ظُلْمَةً عَلَى أَهْلِهَا، وإِنَّ اللهَ تَعَالَى يُنَوِّرُهَا لَهُمْ بِصَلَاتِي عَلَيْهِمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1337، م 956].

قَولُهُ: «تَقُمُّ» هُوَ بِفَتْحِ التَّاءِ وَضَمِّ الْقَافِ؛ أَيْ: تَكنُسُ، وَ«الْقُمَامَةُ»: الْكُنَاسَةُ، وَ«آذَنْتُمونِي» بِمَدِّ الْهَمْزَةِ: أَيْ: أَعْلَمتُمُونِي.


Улашиш
|
|
Нусха олиш