265-ҳадис
265. Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жаннатнинг эшиги олдида турдим. Унга кирганларнинг асосий қисми мискинлар экан. Давлатмандлар ушлаб турилибди. Фақат дўзах эгалари дўзах сари амр қилинган. Дўзах эшигида ҳам турдим. Унга кирганларнинг асосий қисми аёллар экан».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисда нима учун дўзахга тушадиганларнинг аксари аёллар экани зикр қилинган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давр­ларида қуёш тутилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бирга намоз ўқидилар. Бақара сурасича узоқ қиём қилдилар. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Кейин рукуъдан туриб, узоқ қиём қилдилар. Бу биринчи қиёмдан қисқароқ бўлди. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Бу биринчи рукуъдан қисқароқ бўлди. Кейин рукуъдан туриб, яна узоқ қиём қилдилар. Бу биринчи қиёмдан қисқароқ бўлди. Кейин узоқ рукуъ қилдилар. Бу ҳам биринчи рукуъдан қисқароқ бўлди. Кейин туриб, сажда қилдилар. Сўнгра (намоздан) чиқдилар. Қуёш очилиб бўлган эди. Шунда у зот: «Қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан (белгиларидан) иккисидир. Улар на бировнинг ўлими, на ҳаёти туфайли тутилади. Қачон шуни кўрсангиз, Аллоҳни зикр қилинглар», дедилар.

Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни мана шу турган жойингизда бир нарсани ушлаганингизни, сўнгра чўчиб орқага тисарилганингизни кўрдик», дейишди. У зот: «Шубҳасиз, мен жаннатни кўрдим [ёки менга жаннат кўрсатилди]. Бир шингил (узум) ушладим. Агар уни олганимда, дунё тургунча ундан ер эдингиз. Дўзахни кўрдим. Бугунгидек манзарани асло кўрмаганман. Унинг аҳли аксар аёллар эканини кўрдим», дедилар. «Нима учун, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Ношукрликлари учун», дедилар. «Аллоҳга куфр келтиришадими?» дейишди. «Эрларига ношукрлик қилишади. Яхшиликка ношукрлик қилишади. Бирортасига умр бўйи яхшилик қилсанг‑у, кейин сендан бирор (ёмон) нарса кўрса, «Сендан ҳеч яхшилик кўрганим йўқ», дейди», дедилар».

 

265 - وَعَنْ أُسَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «قُمْتُ عَلَى بَابِ الْجَنَّةِ؛ فَكَانَ عَامَّةَ مَنْ دَخَلَهَا الْمَسَاكِينُ، وَأَصْحَابُ الجَدِّ مَحْبُوسُونَ، غَيْرَ أَنَّ أَصْحَابَ النَّارِ قَدْ أُمِرَ بِهِمْ إِلَى النَّارِ، وَقُمْتُ عَلَى بَابِ النَّارِ؛ فَإِذَا عَامَّةُ مَنْ دَخَلَهَا النِّسَاءُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5196، م 2736].

وَ«الجَدُّ» بِفَتْحِ الجِيمِ: الحَظُّ وَالْغِنَى، وَقَولُهُ: «مَحْبُوسُونَ» أَيْ: لَمْ يُؤذَنْ لَهُمْ بَعْدُ فِي دُخُول الجَنَّةِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш