269-ҳадис

269. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимни қарамоғига олган мен билан жаннатда мана бундайдир» деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан, уларнинг орасини очиб ишора қилдилар».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Араб тилида «етим» деб отаси вафот этган вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади.

Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни ҳақиқий диндор деб бўлмайди.
Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади.

Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади.
Шу ва бошқа бир қанча ҳикматлар асосида Исломда етимга яхшилик қилиш қаттиқ тарғиб қилинган. Етимга яхшилик қилувчиларга катта ваъдалар эълон қилинган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» (177-оят).

Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани, бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак.

Ислом динида яхшилик–Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «...Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир» (220-оят).

Боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, ояти каримада ана ўшалар ҳақида савол берилмоқда. «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экани маълум бўлади. Чунки оятда:  «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.

Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир.

Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, «Анъом» сурасидаги: «Етимларнинг молига яқин келманг...» ояти ва «Нисо» сурасидаги: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар» ояти ва бошқалар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, ушбу икки оят туширилгандан кейин етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан. Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда: «Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз». Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса бўлгани. «Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади».
Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.

Тушунтириш учун айтиш керакки, етим–отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Ўша молларни етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўз молига, еб юбормаслик шарти билан, аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, бўлмаса, «Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди». Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз. «Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз».

Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У ҳикмат эгаси ҳам, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида айтади: «Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур» (2-оят).

Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўладилар. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун, кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги:

«Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳаққига эътибор берилмайди, бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳаққига хиёнат авж олгандир. Исломда эса, уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.

«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига аралаштириб-алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз мол деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки, узоқ давом этган худосиз тузум  бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани, уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол-пок молини берган-алмаштирган бўлади. «Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг».
Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси  яққол кўриниб турибди. Кафиллар: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган маънодаги даъволар билан ўзларига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одати бор эди. Бу эса, етимга нисбатан катта зулмдир. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этяпти. Бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти. «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир» (3-оят).
Бу ояти кариманинг маъноларини тўғри тушуниш, ундан келиб чиқадиган ҳукмларни ўз ўрнида англаш учун бир қанча қўшимча маълумотларга эҳтиёж тушади. Сиртдан қараганда, етимларга адолат қила олмасликдан қўрққан кишига иккита, учта ёки тўртта хотин олишни тавсия қилиш ғалати туюлади. Бу сирни англашда бизга Имом Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоят ёрдам беради: «Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Ойиша онамиздан, «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз» ояти ҳақида сўраган экан, у киши розияллоҳу  анҳо: «Эй жиян! Бир етим қиз кафилининг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, уларга уйланишдан қайтарилдилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилиндилар», деб жавоб қилибдилар.

Демак, оятдаги «етимлар»дан мурод етим қизлар экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига–ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, бошқа ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин ёки чўри тутиш билан кифоялансин.

Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан бирга қайд қилинмасдан, мутлоқ зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қандай адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керак. Жумладан, эркак бу қизга фақат моли учун уйланганда, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиш натижасида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини умуман топмаслиги мумкин. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида айтади: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10-оят).

Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчанлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қиёматда қоринларидаги у нарса оловга айланади.

«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар».

Сўнгра шу ҳолда–қоринларидаги олов алангалаган ҳолда дўзахга кирадилар.

«Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар».

Дўзах алангаси ҳам авж олиб туради. Демак, етим молини ноҳақ еган одам ичию ташидан ўт азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли!

Бу ояти каримада келган маънони таъкидловчи, шарҳловчи кўпгина ҳадиси шарифлар бор.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар», дедилар. «Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўралди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш», деб жавоб бердилар.

Машҳур тафсирчилардан ас-Суддий: «Қиёмат куни етимнинг молини еган одам оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам уни етимнинг молини еганлигини билиб олади», деган.

Ибн Мурдавайҳи Абу Барзадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қиёмат куни бир қавмлар оғизларидан олов пуркалиб турган ҳолда тирилтириладилар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар?» деб сўрашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўладилар», деганини билмайсанми?» дедилар.

Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифнинг–аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», деганлар.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтади: «Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли» (152-оят).

Етимнинг молини ейиш ижтимоий алоқаларни бузишдир. Етим заиф ҳол бўлгани учун жамият уни ҳимоя қилиши керак. Етимнинг молини ноҳақ еган одам унинг ҳаққига зулм қилган бўлади, шу билан бирга, жамият ҳаққига ҳам зулм қилади. Чунки молсиз қолган етимни энди жамият боқиши керак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас. Магар яхши йўл билан бўлса, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб вояга етганда унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли.

Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида айтади: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят).

Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.
Аллоҳ таоло «Моъуун» сурасида айтади: «Охират (жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? У етимни қўполлик билан ҳайдайдир» (1-2-оятлар).
Охират жазосини ёлғонга чиқарувчи нобакор киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.
Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охиратни ёлғонга чиқарувчиларнинг шундай сифатлади.


       269 - وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الجَنَّةِ هَكَذَا» وَأَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَالْوُسْطَى، وَفَرَّجَ بَيْنَهُمَا». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [5304].

وَ«كَافِلُ الْيَتِيمِ»: الْقَائِمُ بِأُمُورِهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш