27. Абу Нужайд Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зинодан ҳомиладор бўлган жуҳайналик бир аёл Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳадга лойиқ бўлиб қолдим, уни менга ижро қилинг», деди. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг валийсини чақириб, «Унга яхши қара. Туққач, уни олиб кел», дедилар. У шундай қилди. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар, уни (аёлни) ўз кийимига чирмашди. Сўнг буюрдилар, у тошбўрон қилинди. Кейин унга жаноза ўқидилар. Шунда Умар: «Эй Аллоҳнинг Набийси! Зино қилган бўлса ҳам унга жаноза ўқийсизми?» деди. У зот шундай дедилар: «У шундай тавба қилдики, агар уни Мадина аҳлидан етмиш киши орасида тақсимланса, уларга етиб ортган бўларди. Ўзини Аллоҳ таоло учун қурбон қилган аёл(нинг тавбаси)дан афзалроқ тавбани кўрганмисан?»
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Зинодан ҳомиладор аёл то туғмагунича уни тошбўрон қилинмаслигига ҳадис далилдир. Ҳомиласи ўлиб қолмаслиги учун шу нарсага ижмоъ қилинган. Шунингдек ҳомиладор аёл то туғмагунича дарра уриб бўлмаслигига ҳам ижмоъ қилинган. Зинодан ҳомиладор бўлган аёл то боласини эмизиб бўлгунича тошбўрон қилинмай туради. Агар ўрнига эмизадиган топилса, тошбўрон қилинаверади. Агар эмизадиган топилмаса, бола сутдан чиқишини кутилади, сутдан чиққач тошбўрон қилинади. Бу имом Шофеъий, Аҳмад, Исҳоқ ва Моликнинг машҳурроқ сўзидаги мазҳабга мувофиқдир. Аммо Абу Ҳанифа ва Моликдаги бир ривоятга кўра, зинокор аёл туғиши билан тошбўрон қилинади. Уни сутдан чиқишини кутилмайди.
Бунга имом Муслимдан қилинган қуйидаги ривоят далил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:
«Моиз ибн Молик Асламий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ўзимга зулм қилиб, зино қилиб қўйдим. Мени поклашингизни ҳоҳлайман», деди. У зот уни қайтариб юбордилар. Эртаси куни у яна келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мен зино қилиб қўйдим», деди. У зот уни иккинчи марта қайтариб юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қавмига: «Унинг ақлида сизларга ғалати туюлган нарса йўқми?» дея одам юбордилар. Улар: «Унинг ақли бутун, у бизнинг солиҳларимиздан деб биламиз», дейишди. У учинчи бор келган эди, у зот уларга яна одам юбориб, у ҳақда сўрадилар. Улар у зотга унинг ўзида ҳам, ақлида ҳам нуқсон йўқлигини айтишди. Тўртинчисида унинг учун чуқур қаздирдилар. Кейин буюрдилар, у тошбўрон қилинди.
Кейин Ғомидлик аёл келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мен зино қилдим, мени покланг», деди. У зот уни ҳам қайтариб юбордилар. Эртаси куни: «Эй Аллоҳнинг Расули, нега мени қайтариб юборасиз? Сиз мени ҳам Моизни қайтариб юборгандек қайтариб юбормоқчисиз шекилли? Аллоҳга қасамки, мен (ўша зинодан) ҳомиладорман», деди. «Ундай бўлса, бор, туғиб олгунингча (кутиб тур)», дедилар. У туққач, гўдакни бир матога ўраб келди‑да, «Мана, мен туғдим», деди. У зот: «Бор, уни сутдан чиқаргунингча эмизгин», дедилар. У уни сутдан чиқаргач, гўдакни қўлида бир бурда нон билан олиб келди ва: «Мана, эй Аллоҳнинг Набийси, уни сутдан чиқариб ҳам бўлдим, овқат еяпти», деди. У зот гўдакни мусулмонлардан бирига топширдилар. Сўнг буюрдилар, унинг кўксидан келадиган қилиб чуқур қазилди. У зот одамларга буюрдилар, уни тошбўрон қилишди. Холид ибн Валид бир тош олиб келиб, унинг бошига отган эди, қон Холиднинг юзига сачради. У аёлни сўкиб юборган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг сўкканини эшитиб, «Қизишма, эй Холид! Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, у шундай тавба қилдики, агар солиқхўр* шундай тавба қилса, кечирилар эди», дедилар. Сўнгра буюрдилар, унга жаноза ўқидилар ва у дафн қилинди».
* «Солиқхўр» деб таржима қилинган сўз матнда «соҳибул макс» деб келган бўлиб, йиғувчи, тўпловчи деган маънони англатади. Бу сўз жоҳилият даврида тижоратчилардан зўрлик билан ўлпон ундириб юрадиган одамга айтилган бўлиб, одамларнинг мулкини зулм билан олиб, ўзлаштирган кимсани «соҳибул макс» дейиш мумкин.
«Моиз тошбўрон қилинганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У шундай тавба қилдики, агар уни бир уммат орасида тақсимланса, албатта, уларга етиб ортарди», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Моиз ҳақида: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у ҳозир жаннат анҳорларига шўнғиб юрибди», дедилар».
Абу Довуд ривояти.
Абу Довуддан қилинган бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ», дедилар.
27- وَعَنْ أَبي نُجَيْدٍ - بِضَمِّ النُّونِ وَفَتْحِ الْجيِمِ - عِمْرَانَ بْنِ الحُصَيْنِ الخُزَاعِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ امْرَأَةً مِنْ جُهَيْنَةَ أَتَتْ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهِيَ حُبْلَى مِنَ الزِّنَا، فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَصَبْتُ حَدًّا فَأَقِمْهُ عَلَيَّ، فَدَعَا نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَلِيَّهَا فَقَالَ: «أَحْسِنْ إِليْهَا، فَإِذَا وَضَعَتْ فَأْتِنِي» فَفَعَلَ، فَأَمَرَ بِهَا نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَشُدَّتْ عَلَيْهَا ثِيَابُهَا، ثُمَّ أَمَرَ بِهَا فرُجِمَتْ، ثُمَّ صَلَّى عَلَيْهَا. فَقَالَ لَهُ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: تُصَلِّي عَلَيْهَا يَا رَسُولَ اللهِ وَقَدْ زَنَتْ؟! قَالَ: لَقَدْ تَابَتْ تَوْبةً لَوْ قُسِمَتْ بَيْنَ سَبْعِينَ مِنْ أَهْلِ الْمَدِينَةِ لَوَسِعَتْهُمْ، وَهَلْ وَجَدْتَ أَفْضَلَ مِنْ أَنْ جَادَتْ بِنفْسِهَا للهِ عَزَّ وجَلَّ؟!» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1696].