271. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-икки хурмо, бир-икки луқма билан қаноатланадиган киши мискин эмас. Мискин иффатини сақлайдиган кишидир. Хоҳласангиз, Аллоҳнинг «Одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар» деган сўзини ўқинг», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Икки саҳиҳ ривоятда:
«Одамлар орасида айланиб юрадиган, бир-икки луқма, бир-икки хурмо билан қаноатланадиган киши мискин эмас. Мискин – ўзини беҳожат қиладиган бойлик ҳам топа олмаган, (ҳожатмандлиги) билинмаганидан садақа ҳам қилинмайдиган, ўзи ҳам туриб бориб, одамлардан сўрамайдиган кишидир».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши ноилож ҳолда мискинликка учраб қолганида ҳам ўзини қандай тутиши лозимлигини баён қилмоқдалар.
Аслида мусулмон одам мискин, фақир-камбағал бўлиши керак эмас. Қўлидан келган барча ҳалол имкониятларни ишга солиб, ўзини ўзи таъминлаб фаровон турмуш кечиришга интилиши лозим. Бу мусулмонга фарз. Аммо дунё бир хил турмайди, турли ҳодисалар рўй беради, инсон хоҳлаган нарса бўлавермайди. Ана шу сабабга кўра танг ҳолатга тушиб қолган мусулмон ҳам ўзини бардам тутиши керак. Одамлар унинг бу ҳолини билиб қолмаслиги керак. Дарҳол бировлардан ёрдам, садақа сўрашга шошилиш яхши эмас. Ўзини ана шундоқ тутган одам мискин бўлади. Бошқа мусулмонлар уларни қидириб топишлари, закотга ҳақдор санаб, ҳақларини топширишлари лозим.
Одамлардан хиралик ила нарса сўраб юриш, бир-икки луқма учун ҳам тиланишдан қайтмаслик тиланчининг иши. Тиланчилик эса, мусулмонликда қоралангандир. Тиланчи шу йўл билан ҳожатини чиқарса, мискин ўзи сўрамагани учун кишилар унинг ҳолидан хабардор бўлиб турадилар.
Ҳанафий мазҳаби таърифида, мискин ҳеч нарсаси йўқ, фақир эса баъзи нарсалари бор-у, лекин моли шаръий нисобга етмаган одамдир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, закот бериши вожиб бўлмаган одамдир.
Бир одамнинг маскани ва мулки бўлиб, ундан келадиган даромад харажатини қоплай олмаса, бой ҳисобланмайди, закотга ҳақдор бўлиб тураверади. Қолаверса, ўзига етарли кийимлари, ҳайитда киядиган охорли кийимлари, ҳунар асбоблари, китоблари, аёлларида ўзига яраша тақинчоқлари бўлган киши ҳам бой ҳисобланмайди.
Бировнинг моли бўлса-ю, ундан фойдаланиш йўлида тўсиқ бўлиб, оғир аҳволда қолса, мискин-фақир саналиб, улар закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушига ҳақдор ҳисобланадилар.
271 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَيْسَ الْمِسْكِينُ الَّذِي تَرُدُّهُ التَّمْرَةُ وَالتَّمْرتَانِ، وَلَا اللُّقْمَةُ وَاللُّقْمَتَانِ، إِنَّمَا الْمِسْكِينُ الَّذِي يتَعَفَّفُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4539، م 1039/102].
271/1 - وَفِي رِوَايَةٍ فِي «الصَّحِيحَينِ»: «لَيْسَ الْمِسْكِينُ الَّذِي يَطُوفُ عَلَى النَّاسِ تَرُدُّهُ اللُّقْمَةُ وَاللُّقْمَتَانِ، وَالتَّمْرَةُ وَالتَّمْرتَانِ، وَلَكِنَّ الْمِسْكِينَ الَّذِي لَا يَجِدُ غِنًى يُغنْيِهِ، وَلَا يُفْطَنُ بِهِ فيُتَصَدَّقَ عَلَيهِ، وَلَا يَقُومُ فَيَسْأَلَ النَّاسَ». [خ 1479، م 1039].