284. Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Аёлларимизнинг зиммамиздаги қандай ҳақлари бор?» дедим. У зот шундай дедилар: «Есанг, уни ҳам едирасан, кийсанг, уни ҳам кийдирасан. Юзига урма. Ҳақоратлама ва уйдан бошқа жойда ҳажр қилма».
Ҳасан ҳадис бўлиб, Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: “Аёллар итоат қилсалар, уларга зулм қилишдан сақланинглар. Албатта, Аллоҳ олий ва буюкдир” (Нисо сураси, 34-оят).
Хотини итоат этса ҳам ундан кучли бўлгани учун унга зулм қилишни нафси чиройли қилиб кўрсатган ҳой эрлар, билиб қўйинг, олий ва буюк Аллоҳ аёлларнинг валийсидир ва У аёлларга зулму тажовуз қилган кимсалардан интиқом олиб, аёлларга ёрдам беришга, зулмни улардан даф қилишга қодир Зотдир.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида қуйидагиларни айтган: “Агар хотин эри хоҳлаган барча мубоҳ ишларда унга итоат этса, бундай аёлга озор беришга йўл излаши эрга дуруст бўлмайди. Уни уриш, тўшакни алоҳида қилиб қўйиш мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ олий ва буюкдир” деган сўзлари хотинига зулм қиладиган, сабабсиз таъзирини берадиган эрларга таҳдиддир. Олий ва буюк Аллоҳ аёлларнинг валийсидир ва У аёлларга зулму тажовуз қилган кимсалардан интиқом олади”.
Шунга ўхшаш сўзларни Ибн Жарир Табарий ҳам айтган, фақат озгина қўшимча қилиб: “Агар аёл эрига итоат этаётган бўлса, бироқ эрини яхши кўрмаса, эри уни яхши кўришга мажбурлаши ва шу боис унга озор бериши мумкин бўлмайди. Чунки муҳаббат қўйиш ё қўймаслик аёлнинг қўлида эмас”, деган.
284 - وَعَنْ مُعَاويَةَ بْنِ حَيْدةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ مَا حَقُّ زَوْجَةِ أَحَدِنَا عَلَيْهِ؟ قَالَ: «أَنْ تُطْعِمَهَا إِذَا طَعِمْتَ، وَتَكْسُوهَا إِذَا اكْتَسَيْتَ وَلَا تَضْرِبِ الْوَجْهَ، وَلَا تُقَبِّحْ، وَلَا تَهْجُرْ إِلَّا فِي الْبَيْتِ» حَدِيثٌ حَسَنٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَقَالَ: مَعْنَى: «لَا تُقَبِّحْ» أَيْ: لَا تَقُلْ قَبَّحَكِ اللهُ. [د 2142].