285. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминларнинг иймони комилроғи, хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз, хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар».
Имом Термизий ривояти. Имом Термизий ҳасан, саҳиҳ, дедилар.
Шарҳ: Эр уйда раҳбар дегани қўпол, қўрс, тўрс, сўконғич, уронғич бўлиши дегани эмас. Балки у гўзал хулқли, одоб-ахлоқли бўлиши, мулойимлик, юмшоқлик сифати билан зийнатланган бўлиши лозим. Барчамиз бўйсунишга, буйруқларини бажариб, ман этган ишларидан тийилишга маъмур бўлганимиз, бутун башариятнинг раҳбари ва саййиди пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўта гўзал хулқ соҳиби эдилар. Аллоҳ таоло у зотга юмшоқлик ато этган, мўминларга меҳр кўрсатиб, хокисор ва тавозели бўлишга буюрган эди. Аллоҳ таоло деди:
“Эй пайғамбар, Аллоҳнинг сизга ва асҳобларингизга бўлган раҳмати туфайли сиз асҳобларингизга юмшоқ кўнгил ва меҳрибон бўлдингиз. Агар ёмон хулқли, тошбағир бўлганингизда, асҳобларингиз атрофингиздан кетиб қолишган бўларди. Улардан содир бўлган айрим ишлар туфайли уларни айбдор қилманг ва Аллоҳдан уларнинг гуноҳларини кечиришини сўранг. Маслаҳатлашиш керак бўлган ишларда улар билан маслаҳатлашинг” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Аллоҳ таоло аёл кишини эрига итоат этишга буюрган экан, ўз навбатида эр ҳам ҳотинига нисбатан меҳрибон, ҳалим, ғамхўр бўлиши талаб қилинади.
Аллоҳ таоло эрни хотини билан ором топадиган қилиб қўйган экан, эр ҳам аёлига меҳр-муҳаббатли бўлиши керак.
Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳнинг буюклигига, қудратининг комиллигига далил бўлувчи оятлардан бири нафсларингиз ором олиши, яъни роҳат топишларингиз учун (эй эркаклар), ўз жинсингиздан (яъни одам жинсидан) жуфтлар яратди. Ҳамда эр-хотин ўртасига меҳр-муҳаббат солиб қўйди” (Рум сураси, 21-оят).
285 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَاناً أَحْسَنُهُمْ خُلُقاً، وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. [1162].