286-ҳадис

286. Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг чўриларини урманглар», дедилар. Кейин Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Хотинлар эрларига бўйсунмай қўйишди», деди. Шунда у зот уларни уришга изн бердилар. Шундан кейин кўп аёллар Оли Муҳаммаднинг ҳузурига эрларидан шикоят қилиб келишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўп аёллар Оли Муҳаммаднинг ҳузурига эрларидан шикоят қилиб келишди. Ана ўшалар (хотинини урадиган эрлар) сизларнинг яхшиларингиз эмас», дедилар».

Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

 

Шарҳ: Уламолар аёл кишини урмасдан, таҳдид билан кифояланиш маъқул дейишган.

Оиша онамиз айтишларига кўра: “Пайғамбаримиз қўллари билан на бир аёлни, на бир хизматчини ва на бир жонзотни урганлари йўқ. Фақат Аллоҳнинг йўлида урганлар” (Имом Муслим ривояти).

Муовия ибн Абу Суфён ва Абу Жаҳм розияллоҳу анҳумлар Фотима ибн Қайс розияллоҳу анҳога совчи қўйишди. Фотима ибн Қайс розияллоҳу анҳо хабарни Пайғамбаримизга айтганида, у зот: “Аммо Абу Жаҳм таёғини елкасидан туширмайди. Муовия бўлса моли йўқ камбағал. Сен Усома ибн Зайдга турмушга чиқ”, дедилар.

Расулуллоҳнинг “Таёғини елкасидан туширмайди” деган сўзларининг маъноси сафари, саёҳати кўп деган маънода. Яна айтилишича, аёлларининг уриши кўп дейилганидир. Шуниси тўғрироқ. Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда: “Аммо Абу Жаҳм аёлларни кўп урувчи кишидир”, дейилган.

Имом Насоийнинг ривоятида келган “Албатта, яхшилиги бўлмаган ёмон кишидир”, дейилган ҳадис юқоридаги “Аммо Абу Жаҳм аёлларни кўп урувчи кишидир” деган ҳадисга таъвил қилинади.

Имом Термизийнинг ривоятида эса: “Аёлларга қаттиқ кишидир”, дейилган.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон шуни яхши билиб олиши керак. Албатта, таҳдидлар фойда бермаган кишини қамчи қайтара олмайди. Кўпинча лутф - уришдан кўра фойдалироқ бўлади. Чунки уриш юз ўгурувчи кишини бўйсунмасликда зиёдалаштиради”.

Ҳадисда: “Сизлардан бирингиз аёлини қулни ургандек уриб, сўнгра у билан ётишга ҳаё қилмайдими?”, дейилган. Шунинг учун агар фойда берадиган бўлса, лутф қилиш яхшироқдир.

Доктор Муҳаммад Тақийюддин Ҳилолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Маълумки, аёллар табиати бир хил эмас. Уриш айримларини тўғрилашга хизмат қилса, бошқа бирларини эса бузади. Шариатнинг мақсади эса ислоҳ қилиш, бузиш эмас. Турмушга чиққан айрим ёш қизлар  маълум тарбияга муҳтож бўлади. Бундай ҳолатда ақлли эр уни турмуш ишларида тарбиячи вазифасини ҳам ўташига тўғри келади.

Аллоҳ таоло, сабаблар мавжуд бўлса-да, ваъз-насиҳат ва ётоқда тарк қилишнинг фойда бўлмаганидан кейингина аёлни уришга рухсат беради. Буни Имом Бухорийнинг саҳиҳларида келган ҳадис ҳам қувватлайди. Пайғамбаримиз айтдилар: “Сизларга нима бўлдики, аёлини эркакни ургандек уради. Балки ўша тунда аёли билан бирга ётар?!”

Чунки киши аёлини уриб, сўнгра уни қучоғига тортиши қандай ақлга сиғиши мумкин?! Бу икки ҳолат бир-бирига умуман тескари-ку? Бири нафратланиш белгиси бўлса, иккинчиси гўзал ҳаёт воситасидир.

Сўнгра Доктор Муҳаммад Ҳилолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билган нарсаларимиз ва тажрибаларимиз шуни кўрсатдики, аёл ёш ёки ақли паст бўлсагина эрни тўшагидан ман қиладиган уриш фойдали бўлади. Аксар аёлларни уриш улардаги нафратни зиёда қилади. Натижада аёл киши талаб қилинган ишнинг тескарисига жазм этади. Уриш аёлни эрига яқинлаштириш ўрнига узоқлаштиради, йиртиқни эса катталаштиради”.

Саҳиҳ ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшиларингиздир. Мен аҳлимга сизларнинг яхшиларингман”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Шунинг учун ҳам Пайғамбарга итоатсизлик қилган аёлни урганлари ҳақида ривоят келмаган. У аёл Жавннинг қизи бўлиб, Расулуллоҳ унга уйланган эдилар. Аёлга яқинлашган пайтларида у: “Аллоҳдан сендан паноҳ сўрайман”,  деди. Шунда Пайғамбаримиз у аёлга: “Паноҳ сўраладиган нарса билан паноҳ сўрадинг. Аҳлингга боравер”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳнинг амалий суннатлари аёлларни урмаслик эди. Қавлий суннатлари юқорида ўтди. Яъни, “Ана ўшалар сизларнинг яхшиларингиз эмас”. Демак, афзали аёлларни урмасликдир.

 

Мўмин киши мўмина аёлдан ғазабланмасин

Ўз навбатида эркак киши ҳам хотинидан буткул ғазабланмаслиги лозим. Негаки, бир мўмина аёл мутлақ ҳамма жиҳатдан ёмон бўлиши мумкин эмас. Бир сифати ёқмаса, ёқтирадиган бошқа сифати ҳам бўлади. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис бор: “Мўмин киши мўмина аёлдан ғазабланмасин. Унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқа ёқтирадиган хулқи ҳам бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло деди: “(Агар бирор дунёвий сабаб билан) хотинларингизни ёқтирмай қолсангиз, (шунда ҳам сабр қилинглар). Зеро, сизлар қайсидир бир ишни ёмон кўришингиз, бироқ ўша ишда кўп яхшиликлар бўлиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).

Бир аёлда барча яхши хислатлар жамланиши ўта нодир ҳолатдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Одамлар ичидан бир дона минишга ярайдигани топилмайдиган юзта туяга ўхшайдилар” Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Бу дегани бирдек ҳам шижоатли жасур, ҳам қўли очиқ саховатли, ҳам олим ва қори, ҳам муҳсин ва солиҳ, ҳам ғазабини ютувчи ва кечиримли, ҳам кечалари намозда қоим, кундузлари рўзадор соим, ҳам қариндошлардан хабар олувчи, ота-онасига яхшилик қилувчи кишини топишингиз ўта қийин. Бунча хислатга эга бўлган киши ўта нодир, худди юзта туя кабики, уларнинг бирини кўрсангиз очликка, чанқоқликка чидамли бўлади, осуда юради, табиати босиқ, сути кўп бўлиши мумкин, лекин бундайини топиш амримаҳолдир. Эркакларки ичидан бир дона минишга ярайдигани топилмайдиган юзта туяга ўхшар экан, эгри қовурғадан яралган аёллар ичида барча яхши хислатларни ўзида жамлаган аёлни топиш амримаҳолдир.

Аёллардан бири гўзал, чиройли бўлиши мумкин, лекин шу билан бирга тили заҳар, баджаҳл. Бошқаси чиройли, гўзал ва ширин сўз бўлиши мумкин, лекин тежамкор эмас, исрофчи, эрининг молини беҳудага сарфлаб юборади. Тежамкор бўлса пазанда бўлмаслиги мумкин. Гўзал хулқли, оила ишларида моҳир, оёқ-қўли чаққон бўлса, ибодатларга бепарво бўлади ва ҳоказо бир кам дунё дегандай бири бўлса бири йўқ.

Мен шу ўринда солиҳа, Аллоҳга ва эрларига итоат қилувчи, эрлари билмаган ҳолатда ҳам ўзларига омонат қўйилган нарсаларни Аллоҳнинг ҳифзи билан асраб-авайловчи энг фозила аёллардан ҳам камчилик содир бўлиши мумкинлигига бир қанча мисоллар келтираман.

Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳо:

Бу фозила аёлнинг дини ҳақида сўрасангиз – ўта диндор, ибодатгўй аёл бўлган. Кечаси билан намозда қоим, қиёмда узоқ турганидан чарчаб ҳолдан тойса, йиқилиб кетмаслик учун арқонга осилиб намоз ўқир эди. То Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу даражада ўзини қийнашдан қайтармагунларича шу ҳолида давом этди.

Бундан ташқари, Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳо ўз қўли билан касб қилиб пул топарди. Оғир, машаққатли иш – тери ошлаш билан шуғулланиб пул топарди. У мол-дунёни ундан лаззатланиш, ҳузурланиш учун эмас, балки садақа қилиш учун топар эди. Чунки у садақа қилиш фазилатини жуда яхши биларди, шундан бўлса керак, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ичида энг кўп садақа қилувчи аёлга айланди.

Унинг насаби ҳақида сўрасангиз – Зайнаб бинти Жаҳш олий насабли аёл бўлиб, унинг онаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммаларидир.

Унинг тақвоси ҳақида сўрасангиз – Аллоҳ таоло уни парҳезкорлиги сабаб ҳалокатдан сақлаган эди.

Унинг ҳусни ҳақида сўрасангиз – ўта гўзал, чиройли, ҳусндор аёл эди.

Зайнаб бинти Жаҳш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларидаги мартабада, ўзига хос мавқега эгаликда Оиша разияллоҳу анҳо билан рақобатлаша оларди. Буларнинг барига қўшимча тарзда Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга никоҳланишини амр этган ва айни шу билан у бошқа оналаримизга фахрланар эди.

Лекин…

Лекин шундай фазилат ва хислатларга эга бўлиши билан бирга тили ўткир эди, аммо тезда қайтарди. Яъни тилидан қаттиқ-қаттиқ гаплар чиқар, лекин яхши тарафи ­­- айтганидан тезда қайтар эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланишларидан олдин Зайнабнинг олдинги турмуш ўртоғи Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ундан шикоят қилиб келганида Пайғамбаримиз: “Хотинингни никоҳингда қолдир, уни талоқ қилма, Аллоҳдан қўрқ”, дедилар. Лекин Аллоҳ ўз амрини амалга оширди ва у иккисининг турмуши узоққа чўзилмай ажрашиб кетишди.

Мўминлар онаси Оиша разияллоҳу анҳо Зайнаб бинти Жаҳшни сифатлаб бундай деган эди: “Зайнаб бинти Жаҳш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ичида манзилат жиҳатидан менга рақобатлаша оладиган аёл эди. Мен аёллар ичида Зайнабдан кўра диндор, тақводор, ростгўй, қариндошлардан хабар олиб турувчи, кўп садақа берувчи, Аллоҳга яқин қиладиган амалларда жонини фидо қилиб юборувчироқ аёлни кўрмадим. Фақат бир сифати – тили ўткирлиги бор эди, лекин яхши тарафи айтганидан тезда қайтар эди” (Имом Муслим ривояти).

Оиша онамиз Зайнаб разияллоҳу анҳо ҳақида айтган яна бир сўзини келтирамиз: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туҳмат воқеасида Зайнаб бинти Жаҳшдан менинг ишим ҳақида: “Эй Зайнаб, нима биласан, нимани кўрдинг?” деб сўраганларида у: “Эй Расулуллоҳ, билмаганимни биламан, кўрмаганимни кўрдим дейишдан қулоқ ва кўзимни сақлайман. Аллоҳга қасамки, мен уни фақат яхши деб биламан”, деди. Дарҳақиқат, Зайнаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ичида менга рақобатлаша оладиган аёл эди. Аллоҳ таоло уни парҳезкорлиги сабаб ҳалокатдан сақлади” (Имом Бухорий ривояти).

Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Зайд ибн Ҳориса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига аёлидан шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан қўрқ, хотинингни никоҳингда қолдир, уни талоқ қилма”, дедилар. Анас разияллоҳу анҳу сўзида давом этиб деди: “Агар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон нарсани яширган бўлганларида, мана шуни яширган бўлар эдилар. Зайнаб Расулуллоҳнинг аёлларига фахрланиб: “Сизларни ота-оналарингиз турмушга берган бўлса, мени Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан турмушга берган”, дер эди” (Имом Бухорий ривояти).

Яна Имом Бухорий келтирган ҳадисда Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: “Ҳижоб ояти Зайнаб бинти Жаҳш ҳақида нозил бўлган. Унинг валиймасида уни нон ва гўшт билан таомлантирган. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига фахрланиб: “Аллоҳ мени осмонда турмушга берган”, деб айтарди (Имом Бухорий ривояти).

Мўминлар онаси Сиддиқ қизи Сиддиқа Оиша разияллоҳу анҳо:

Аллоҳ таоло Оиша разияллоҳу анҳонинг поклигини етти осмон устидан оятлар нозил қилиб эълон қилди. Бу оятлар то қиёматга қадар тиловат қилинадиган, қалбларда жо бўлиб сақланадиган, мактаб ва мадрасаларда каттаю кичикка ўргатиладиган бўлди. Бу оятлар Нур сурасидаги оятлардир: “Шак-шубҳасиз, бу бўҳтонни қилган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир”.

Бунга қўшимча, Оиша разияллоҳу анҳо дин илмларида фақиҳ, муҳаддис, олима, тақводор, ибодатгўй эди.

Яна гўзал, чиройли бўлиб, “Ҳумайро” яъни оқ юзли, оппоқ деган сифат билан сифатланган эди.

Лекин… Лекин у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бола туғиб беролмаган.

Унинг устига ўта рашкчи бўлган эди, Аллоҳ ундан рози бўлсин ва жаннатга мушарраф қилсин, амин.

Оиша разияллоҳу анҳонинг опаси Асмо разияллоҳу анҳо:

Асмо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан отаси Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилаётганларида уларга тайёрлаган таом ва сув идишларини боғлашга ҳеч нарса тополмай, белбоғини шартта иккига бўлиб боғлагани учун “икки белбоғ соҳибаси” номини олган аёлдир.

Эрига хизмат қилиш бобида бошқаларга ўрнак бўладиган аёл эди. Эрининг хизматини гўзал суратда адо этар, ҳатто унинг отига қарар, ем-хашак териб, бошида кўтариб келар, майдалаб отларга едирар эди.

Лекин… Лекин у нон ёпишни қойиллата олмасди.

Шу ўринда унинг нақадар сабр-бардошли бўлганига қуйидагиларни мисол келтирамиз:

Ваҳб ибн Кайсон айтади: “Шом аҳли Абдуллоҳ ибн Зубайрни камситиш учун: “Эй икки белбоғ соҳибасининг ўғли”, дер эдилар. Шунда унинг онаси Асмо разияллоҳу анҳо: “Эй ўғлим, улар икки белбоғ билан сени камситишмоқчи. Икки белбоғ нима эканини биласанми? Мен белбоғимни иккига бўлиб, бири билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сув идишларини, иккинчиси билан таом солинган идишларини боғлаган эдим”, деди. Ваҳб айтади: Шундан сўнг Шом аҳли икки белбоғ билан уни камситмоқчи бўлсалар, у: “Ҳа шундай, сизлар мени камситмоқчи бўлган бу нарса аслида мен учун шарафдир”, дер эди (Имом Бухорий ривояти).

Имом Муслим саҳиҳида келган ривоятда Абу Навфал айтади: “Абдуллоҳ ибн Зубайрни Маккадаги тоғда осилган ҳолида кўрдим. Қурайшликлар ва бошқа инсонлар унинг олдидан ўтиб борарди. Улар қаторида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ҳам ўта туриб, Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг осилган жасади яқинида тўхтади ва: “Ассалому алайка Абу Хубайб. Ассалому алайка Абу Хубайб. Ассалому алайка Абу Хубайб. Аллоҳга қасамки сени бундан қайтарган эдим, Аллоҳга қасамки сени бундан қайтарган эдим, Аллоҳга қасамки сени бундан қайтарган эдим. Сени кўп рўза тутувчи, кўп намоз ўқувчи, қариндошларидан доим хабар олиб турувчи деб биламан. Душманларинг сени умматнинг энг ёмони дейди, сен умматнинг энг яхшисисан” деди­-да, йўлида давом этди. Абдуллоҳ ибн Умарнинг айтган бу сўзлари Ҳажжожнинг қулоғига етгач, дарҳол одам юбориб Абдулоҳ ибн Зубайрни осилган тахтадан тушириб, яҳудлар қабрлари бўлган ерга кўмдириб юборди. Сўнг Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг онаси Асмо бинти Абу Бакрга одам юбориб ҳузурига чақиртирди. Асмо разияллоҳу анҳо Ҳажжожнинг олдига боришдан бош тортди. Ҳажжож яна чопар юбориб: “Ҳузуримга ўзинг кел ё бўлмаса сочингдан тортиб олиб келадиган одам юбораман”, деди. Асмо боришдан бош тортиб: “Аллоҳга қасамки, сочимдан тортиб олиб борадиган одамингни юбормагунингча бормайман”, деб жавоб берди. Ҳажжож: “Оёқ кийимим қани?” деди ва кавушини кийиб, кеккайганича Асмонинг олдига кирди ва: “Аллоҳнинг душманига қилган ишимга қандай баҳо берасан?” деди. Асмо: “Унинг дунёсини, ўзингнинг эса охиратингни барбод қилдинг”, деб ўйлайман. Эшитишимча, сен унга: “Эй икки белбоғ соҳибасининг ўғли”, деб айтар экансан. Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен икки белбоғ соҳибасиман. Белбоғимни иккига бўлиб, бири билан Расулулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакрнинг таомини ҳашаротлардан ҳимоялаб боғлаб қўярдим, бошқаси билан эса аёллар эҳтиёжи учун зарур бўлган ишда ўзим фойдаланардим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сақиф қабиласида битта каззоб, битта бузғунчи бўлади”, деб айтмаганмидилар. Каззобни кўрдик, бузғунчи эса сен эканингга шубҳа қилмайман” деди. Ҳажжож бирон гап қайтармай ўрнидан туриб чиқиб кетди” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, аёл кишида худди қовурға ё қийшиқ новда каби эгрилик бор. Бу эгриликни тўғрилашга киришиб кетсанггиз уни синдириб қўясиз, ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз эгрилиги зиёда бўлади. Аёл киши ҳам шундай, унинг синиши талоғидир. Яхшилигидан фойдаланаман десанг, унинг шу эгрилигига муроса қилиб фойдаланаверасан. Беайб Парвардигор дейилганидек, аёлларда камчилик бўлиши табиий. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлари каби: “Муроса қилиб яшайверасан”.

Биз сенга хотинингни камчиликлари сабабли талоқ қилиб юбор деб айтмаймиз, бали кучинг етганича сабр билан уни тарбиялашга, тўғрилашга ҳаракат қилаверасан, шунда ҳам буткул тўғрилай олмайсан. Бу менинг гапим эмас, Расулуллоҳ шундай деганлар: “Аёл киши бамисоли қавурға кабидир. Тўғрилайман десанг синдириб қўясан, яхшилигидан фойдаланаман десанг, унинг шу эгрилигига муроса қилиб фойдаланаверасан” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 

286 - وَعَنْ إِيَاسِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي ذُبَابٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَضْرِبُوا إِمَاءَ اللهِ» فَجَاءَ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: ذَئِرْنَ النِّسَاءُ عَلَى أَزْوَاجِهِنَّ، فَرَخَّصَ فِي ضَرْبهِنَّ، فَأَطَافَ بِآلِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ نِسَاءٌ كَثِيرٌ يَشْكُونَ أَزْوَاجَهُنَّ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَقَدْ طَافَ بِآلِ مُحَمَّدٍ نِسَاءٌ كَثِيرٌ يَشْكُونَ أَزْوَاجَهُنَّ، لَيْسَ أُولَئِكَ بِخِيَارِكُمْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ. [2146].

قَولُهُ: «ذَئِرْنَ» هُوَ بِذَالٍ مُعْجَمَةٍ مَفْتُوحَةٍ، ثُمَّ هَمْزَةٍ مَكْسُورَةٍ، ثُمَّ رَاءٍ سَاكِنَةٍ، ثُمَّ نُونٍ؛ أَيْ: اجْتَرَأْنَ، قَولُهُ: «أَطَافَ» أَيْ: أَحَاطَ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш