29-ҳадис

29. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ бири бошқасини ўлдириб, иккаласи ҳам жаннатга кирадиган икки кишига кулади: буниси Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб, ўлдирилади, кейин Аллоҳ қотилнинг тавбасини қабул қилгач, у ҳам мусулмон бўлади сўнгра шаҳид бўлади».

Муттафақун алайҳ.[Б 2826, М 1890].

Изоҳ: «Кулиш» Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилганда инсонларда содир бўладиган кулги, табассум назарда тутилмайди, балки бу Аллоҳ таолога хос сифат бўлиб, бундай кулиш розилик, хушнуд бўлиш, яхши қабул қилиш маъноларини билдиради. Зотан, ҳадисда келган кулиш маъносини билдирувчи «диҳк» калимасининг араб тилидаги асл маъноси ҳам «очиқ юз билан қабул қилиш»дир.

Аллоҳ таолога нисбатан «кулиш» сўзининг ишлатилиши ақийдага оид масаладир. Саҳиҳ хабарларда келтирилган бундай маълумотларга қандай бўлса, шундайлигича иймон келтириш, уларнинг тугал маъносини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳнинг «болдири», «қабзаси», «кулиши», «юзи», «қўли», «кўзи», «қадами» ва шу каби васфлар У Зотнинг Ўзига хос сифатлари бўлиб, махлуқотларнинг сифатларидан мутлақо бошқадир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, бу сифатларга уларнинг қандайлигини тасаввур қилмаган, суриштирмаган ҳолда иймон келтириш вожибдир. Бу борада Аллоҳ таолонинг «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» деган сўзи асосий қоида бўлади.

Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»да айтадилар. Кулиш деганда, у кишини руҳини олиб жаннатга киритиш учун келган фаришталар кулган бўлиши мумкин. Худди султон фалончини ўлдирди, деб айтилганида, фалончини ўлдиришга амр қилди, деганга ўхшаш.

29 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَضْحَكُ اللهُ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى إِلَى رَجُلَيْنِ يَقْتُلُ أَحَدُهُمَا الآخَرَ يَدْخُلَانِ الجَنَّةَ، يُقَاتِلُ هَذَا فِي سَبِيلِ اللهِ فيُقْتَلُ، ثُمَّ يَتُوبُ اللهُ عَلَى الْقَاتِلِ فَيُسْلِمُ فَيُسْتَشْهَدُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2826، م 1890].


Улашиш
|
|
Нусха олиш