291-ҳадис

291. Абу Али Талқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон киши хотинини ўз ҳожати учун чақирса, у дарҳол гар таннур олдида турган бўлса ҳам келсин», дедилар.

Имом Термизий ва Насаий ривояти. Термизий бу ҳадис ҳасан, деб айтган.

 

Шарҳ: Ушбу ривоятда эрнинг хотиндаги яна бир муҳим ҳақи устида сўз бормоқда.

Аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини гарчи таннур олдида бщлса ҳам қондириши керак. Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатга ўхшаш динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Зотан эру хотин бўлиб оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шу. Эрдир, аёлдир хоҳлаган вақтида ўзининг жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имконидир.

Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса ана ўша асосий мақсадларидан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу иш аста-секин соғлиқ, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариб, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу ишни Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга иш сифатида баҳоланган. Бу маъно ҳозирги замонда турли инсонга хос илмлар ҳам тасдиқлади.

291 - وَعَنْ أَبِي عَلِيٍّ طَلْقِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا دَعَا الرَّجُلُ زَوْجَتَهُ لِحَاجتِهِ فَلْتَأْتِهِ، وَإِنْ كَانَتْ عَلَى التَّنُّورِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ، وَقَالَ التِّرْمِذِيُّ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [ت 1160، سك 8922].


Улашиш
|
|
Нусха олиш