292-ҳадис

292. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эрнинг хотиндаги энг бош ҳақи тўғрисида сўз кетмоқда.

Қайс ибн Саъд Форс империясининг қадимги шаҳарларидан бири Ҳайра шаҳрига борган экан. Ўша ернинг аҳолиси Мирзабонга–подшоҳдан кейинги мартабада турадиган аскарбошига сажда қилаётганларини кўрибди. Бундоқ ҳурмат ва эъзозга бундан кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, деган фикрни хаёлидан ўтказибди у. Сафардан қайтиб келгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, биз ҳам сизга сажда қилсак бўлар экан, деган фикрни айтибди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бу масалани ажойиб бир услуб билан тушунтирибдилар. Аввал у кишидан:

«Айтгин-чи, агар бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилармидинг?» деб сўрабдилар.

«Йўқ», деб жавоб берибди Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу.

«Бас, ундоқ қилмангиз», дебдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Чунки ўликка сажда қилган билан тирик одамга сажда қилган баробардир. Тирик одам ҳам барибир тезда ўлади. Ўладиганга сажда қилиш ўлганга сажда қилиш билан баробар. Саждани ўлмайдиган зотгагина қилиш керак. Дунёда ҳеч ўлмайдиган биттаю битта Зот–Аллоҳ бор. Фақат Аллоҳгагина сажда қилиш керак.

Мободо, фаразан одам одамга сажда қилиши жоиз бўладиган бўлса, Исломда хотин эрига сажда қилиши йўлга қўйилар эди. Исломда эрнинг ҳақи хотинида шунчалик улуғ ҳисобланади. Чунки раҳбарга итоатсизлик ҳеч бир инсоний жамиятга тўғри келмайди.

Эр эса оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.

Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи керак.

Шу билан бирга, Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.

292 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَداً أَنْ يَسْجُدَ لأَحَدٍ لأَمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. [1159].


Улашиш
|
|
Нусха олиш