293-ҳадис

293. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси хотин вафот этса ва эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан ҳадис деб айтган.

 

Шарҳ: Солиҳа аёл диннинг ярмидир. Солиҳа аёл дунё матоларининг энг яхшисидир.

Ҳоким ўзининг “Мустадрок” номли китобида, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга Аллоҳ таоло солиҳа аёл насиб этган бўлса, Аллоҳ унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин”, деб келтиргандир.

Солиҳа аёлнинг зийнати хусусида Абу Нуъайм қуйидагини айтади: Саъид ибн Мусаййибнинг аёли, “Биз ўз эрларимизга, сизлар ўз амирларингизга сўзлагандек, “Аллоҳ сизни салоҳиятли қилсин, Аллоҳ сизни саломат қилсин”деб айтар эдик”-деб айтади.

Ибн Можа Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўмин одамнинг Аллоҳдан тақво қилишни ҳосил қилгандан кейин эришган нарсасининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. У аёлга бирор иш буюрса, итоат қилади, агар аёлига қараса кўзи қувнайди, агар бирор ишни қилишга қасам ичган бўлса, аёли унга қасамнинг устидан чиқишда ёрдам беради. Агар эри уйида йўқ бўлса, ўзини ҳам эрининг молини ҳам холислик билан муҳофаза қилади.

Байҳақий “Шўъбул Иймон” китобида Асмо ибн Хорижа Ал-Физорийнинг ўз қизини турмушга бераётган пайтида айтган сўзини келтиради: “Эй қизим, сен эрингга чўри каби бўлгин, шунда эринг сенга қул каби бўлади. Эрингга ўта яқин келмагинки, сени малол олиб қолиши мумкин. Ундан ўта узоқлашиб кетмагинги, сенинг узоқлашиб кетишинг унга оғир ботиши мумкин. Сен мен сенинг онангга айтганимдек бўлгин. Мен сенинг онангга шундай деган эдим: “Мадомики, сен мени доимий равишда афв этиб борар экансан, менинг сенга бўлган муҳаббатимни узоқ сақлаб қоласан. Мен ғазабга минган пайтимда менга бирор сўз айтмагин. Чунки мен кўрдимки, бир вақтнинг ўзида инсон қалбида ҳам мухаббат ҳам озор жамланмас экан, балки муҳаббат кетиб қолар экан”. Агар аёл ўз эрини рози қилган ҳолатда вафот этадиган бўлса, у аёлнининг жаннатга кириши умид қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Менга дўзах кўрсатилди, қарасам ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан”. Саҳобалар: “Аллоҳни инкор қилганми?”-деб сўрадилар. “Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрнинг қадрига етмаганлар. Агар уларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса. “Сендан нима кўрдим, ҳеч яхшилик кўрмадим”-деб айтадилар”-деб жавоб бердилар. Имом Бухорий ривояти.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларга жаннат аҳлидан бўлган аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, тез рози бўлувчи, зулм кўрган пайтда “Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди” дейдиганларидир”. Табароний ривояти.

Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар;

1. Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим.

2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги.
3. Аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.

4. Хотиннинг эрга итоат қилмоғи.

5. Аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак.

6. Эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқлик.

7. Эр хотинига одоб бериш ҳақига эга.

8. Шофеъий, Моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидандир.

9. Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақига эга.

Шунингдек, эрнинг одоблари ҳам бор;

1. Эр тўй қилиши мастаҳабдир.

2. Эр хотинига ҳусни муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши лозим.

3. Эр ҳазил мутойиба ва кўнгилхуши билан аёлини эркалатиб туради.

4. Ҳазил мутойиба ва кўнгилхушига ўхшаш ишларда мўътадил бўлиши шарт.

5. Рашк қилишда мўътадил бўлиши керак. Беҳудага рашк қилмайди.

6. Нафақада мўътадил бўлиши зарур. Жуда қисиб ҳам қўймайди. Исрофга йўл ҳам қўймайди.

7. Эр ҳайз, нифос, истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб аёлига ҳам ўргатиши керак.

8. Эр хотини билан бўладиган жинсий алоқанинг барча ҳукм ва одобларини яхшилаб ўрганиб уларга амал қилиши керак.

9. Эр бола туғилганда қилиниши лозим бўлган барча амалларни яхшилаб ўрганиб татбиқ қилиши матлуб.

10. Эр талоқ масалаларини яхшилаб ўрганиши, талоқ сўзини айтишга зинҳор шошилмаслиги лозим. 

293 - وَعَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَيُّمَا امْرَأَةٍ مَاتَتْ وَزَوْجُهَا عَنْهَا رَاضٍ دَخَلَتِ الجَنَّةَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ حَسَنٌ. [1161].


Улашиш
|
|
Нусха олиш