30-ҳадис

30. Абу Молик Ҳорис ибн Осим ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳ» тарозини тўлдиради. «Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳ» осмонлару ер орасини тўлдирадилар [ёки тўлдиради]. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон ё фойдангга, ё зарарингга ҳужжатдир. Ҳар бир инсон саҳарлаб чиқиб, ўз жонини савдога қўяди-да, уни ё (тоат билан) озод қилади, ё (маъсият билан) ҳалок қилади».

Имом Муслим ривоятлари.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу муборак ҳадисларида бир неча савобли амалларнинг бошида покликни юқори баҳолаб зикр қилмоқдалар.

Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда зикр қилган фазилатли амаллар билан бирма-бир танишиб чиқайлик:

1. «Поклик иймоннинг ярмидир».

Бу жумладаги покликдан мақсад риё, кибр, ҳасад каби маънавий ҳамда барча моддий нопокликлардан пок бўлишдир. Таҳорат, яъни, пок­лик иймоннинг ярми дейилиши – усиз ибодат қабул қилинмаслиги ва савоби беҳуда кетишидан, иймон бўлмаса, ибодат умуман қабул қилинмаслиги эътиборидан келиб чиқиб айтилмоқда ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилмоқда.

Исломда иймоннинг қадр-қиммати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олсак бўлаверади.

Бу ўз навбатида биз мусулмонлар динимиз талабига яраша бўлишимиз кераклигини ҳам билдиради.

2. «Алҳамдулиллаҳи» тарозуни тўлдирур.

«Алҳамдулиллаҳи» (Аллоҳга мақтовлар бўлсин) деган жумлани мўмин-мусулмон одам ихлос билан айтиши жуда ҳам савобли саналади. Чунки ҳамма нарсани берган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, Унинг берган неъматларини эътироф этиб, улар учун Аллоҳга мақтов айтишдан улуғроқ савоб йўқ.

Ҳадисда айнан шу нарса – «Алҳамдулиллаҳи»ни айтиш билан банда амаллар тарозусини тўлдирадиган даражада катта савоб олиши таъкидланмоқда.

Қаранг, мўмин-мусулмон банда учун савоб топиш қандоқ ҳам осон-а! Оғиздан ихлос билан «Алҳамдулиллаҳи» деган калима чиқиши билан амаллар тарозусининг палласи савобга тўлиб қолар экан.

Бас, шундоқ экан, бу калимани кўпроқ айтайлик. Турли беҳуда, иғво, бўҳтон гапларнинг ўрнига ҳам Аллоҳнинг зикрини қилайлик!

3. «Субҳаналлоҳи ва алҳамдулиллаҳи» осмонлару ернинг орасини тўлдирурлар ёки тўлдирур.

Шу ерда ровий шак қилган, яъни, «тўлдирурлар», деб жам сийғасида айтилдими ёки «тўлдирур», деб бирлик сийғасида айтилдими, буни яхши англамай қолганини билдириб қўяяпти.

Аввал «Алҳамдулиллаҳи»нинг ёлғиз ўзини айтиш тўғрисида сўз кетган бўлса, энди унинг олдига «Субҳаналлоҳи»ни ҳам қўшиб айтиш лозим кўриляпти. «Субҳаналлоҳи»нинг маъноси эса, «Аллоҳни поклаб ёд қиламан»дир.

Демак, бир мўмин банда ихлос билан «Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи» деб айтса, осмонлару ернинг ораси савобга тўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига қилган лутфи-карамидир.

Фақат бу лутфу карамдан биз мўминлар унумли фойдаланмоғимиз зарур, холос. Нима кўп, бўш вақтимиз кўп. Ўша вақтни турли беҳуда гап-сўзларга сарф этмай, ушбу икки калимани зикр қилсак, қанчадан-қанча савобга эришамиз.

4. «Намоз нурдир».

Намознинг нур эканлиги, аввало, банда вафот этиб қабрга қўйилганида унинг қоронғу қабрини ёритиши билан бўлади.

Намознинг нур эканлиги кейинчалик, қиёмат қоронғусида ўз эгасига йўл кўрсатувчи нур бўлиши билан бўлади.

Ўлим ҳақ, ҳар биримизнинг вафот этишимиз бор. Ҳатто яқинларимиз бизнинг ҳар биримизни қабрга элтиб, кўмиб, ёлғиз ташлаб кетишлари бор. Ана шунда қабр зулматидан азоб тортмайлик десак, намоз ўқийлик. Ўқиган намозимиз қабримизда нур бўлиб, атрофимизни ёритиб, кўнглимизни хушнуд қилиб турсин, илоҳим.

Қиёмат куни ҳақ, бир куни келиб, албатта, у қоим бўлажак! Унинг тўс-тўполони, даҳшатли қоронғусида қолишимиз турган гап. Ўша пайтда ҳеч нарсани кўрмай, қоқилиб-суқилиб юрмайлик десак, намоз ўқийлик! Шояд, ўша ўқиган намозимиз қиёмат қоронғусида нур бўлиб порлаб, атрофимизни, йўлимизни ёритиб турса!

5. «Садақа бурҳондир».

Мўмин киши томонидан бу дунёда ўз мол-мулкидан қилган садақасининг бурҳонга ўтиши бир неча хил бўлади.

Аввало, молу мулкдан савоб умидида садақа қилишнинг ўзи киши иймонининг тасдиғи учун ҳужжатдир. Чунки иймонсиз, мунофиқ одам садақа қилмайди. Қиёмат куни мўмин бандадан мол-мулкини нимага сарф қилгани ҳақида сўралса, бу дунёда қилган садақаси унга бурҳон – ҳужжат бўлади.

Баъзи эътирофларга қараганда, бу дунёда садақа қилиб юрган кишиларга қиёмат куни алоҳида бур­ҳон – белги қўйилади экан. Ўша белгини кўргандан кейин улардан молингни нимага сарф қилдинг, деб сўралмас экан.

Қаранг, садақа қилиш – қанчалар яхши иш! Аллоҳ таоло берган мол-дунёни унинг йўлида садақа қилган банда шунчалар бахт-саодатга муяссар бўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга кўрсатган лутфу карами. Фақат шу имкониятдан тўғри фойдаланишимиз керак, холос. Мол-мулкимиздан оз бўлса ҳам муҳтож биродарларимизга садақа қилайлик. Шоядки, ўша қилган садақамиз иймонимизнинг тасдиғи бўлса, қиёмат куни мол-мулкни нимага сарф қилганимиз ҳақида сўралганимизда бизга бурҳон бўлса ёки сиймомиздаги бир белги бўлиб, бу саволдан қутқариб қолса.

6. «Сабр зиёдир».

Луғатда «сабр» нафсни хоҳлаб турган нарсаларидан қайтариш, унга оғир келадиган ибодатларга ундаб туриш ва турли машаққату қийинчиликларга бардош беришдир.

«Зиё» деб бир жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка айтилади. Мисол учун, қуёшдан чиққан ёруғлик «зиё» деб айтилади. Бир жисм бошқадан олган ёруғликни қайтариб чиқарса, «нур» дейилади. Ой қуёшдан олган ёруғликни қайтариб таратгани учун «ой нури» деб айтамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У қуёшни зиё, ойни нур қилган Зотдир», деган. Зиё нурдан кучли бўлади.

Сабрнинг зиё бўлиши, аввало, инсон сабр ила маъсиятлар зулматидан чиқади. Қолаверса, сабр бора-бора мўмин қалбида зиёга айланади. Бош­қача айтсак, Аллоҳнинг дини ва тоати йўлидаги қийинчиликларга сабр қиладиган одамнинг қалбида зиё пайдо бўлади. Ўша зиё ибодатлар ва турли машаққатларнинг янглиш йўлларини унга ёритиб беради. Шу билан бирга, сабрнинг зиёси мўмин кишига қабрда ҳам, қиёмат кунида ҳам фойда беради.

Кўпчилик орасида сабр тушунчаси нотўғри тал­қин қилинади. Сабр деганда биров томонидан қилинган зулмга жавоб қилмай, жим туриш тушунилади. Аслида эса, бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр эса, ижобий тушунча.

Исломда сабр дейилганда аввало, иймон-эътиқод, дину диёнат йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш, Аллоҳнинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб, чидатиш тушунилади. Сабр деганда Аллоҳнинг калимаси ер юзида ҳамма калималардан устун бўлиши учун кураш қийинчиликларига дош бериш назарда тутилади. Ислом дини адолатидан бутун дунёни баҳраманд қилиш учун барча машаққатларга кўниш, ҳалол-пок юриш, яшаш ва ишлаш қийинчилигига чидашни сабр дейилади. Ана шу нарсаларга сабр қилишга ўрганайлик, шояд, сабр қалбимизда зиё бўлиб, турли машаққатларнинг осон бўлишига ёрдам берса, қабримизда, қиёмат кунида бизга зиё бўлиб, унинг ёруғидан баҳраманд этса!

7. «Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир».

Яъни, Қуръонни ўқиб, унга амал қилсанг, у сенинг фойдангга гувоҳлик беради. Аммо Қуръонни ўқимасанг ёки ўқиб амал қилмасанг, у сенинг зарарингга гувоҳлик беради.

Ҳозирги давр тили билан айтганда, Қуръони карим икки томонлама тиғи бор қуролга ўхшаб кетади. Кези келганда фойда учун ҳам, зарар учун ҳам гувоҳлик берар экан. Қуръони каримни ўз фойдаси ёки зарарига ишлатиш банданинг ўзига боғлиқ. Аллоҳ таоло бандани яратиб, ризқу рўз бериб, ақл бериб, бунинг устига лутфу мар­ҳамат кўрсатиб, икки дунё саодати йўлини топиши учун кўрсатмалар дастури сифатида Қуръони каримни бериб қўйибди. Уни гувоҳ ҳам қилиб қўйибди. Агар банда илоҳий дастур сифатида ўзига берилган Қуръони каримни ўқиса, унга амал қилиб яшаса, қиёмат куни Қуръон унинг фойдасига гувоҳлик беради. Аммо банда нобакорлик қилса, ўзига берилган илоҳий дастурни ўқимаса ёки амал қилмаса, Қуръони карим қиёмат куни унинг зарарига гувоҳлик беради. Оқибатда ўша банданинг иши расво бўлади.

Мўмин-мусулмон инсон қанчалар ҳам бахтли! Аллоҳ таоло уни қадрлаб, икром қилиб, ҳаётида амал қилиши лозим бўлган, икки дунё саодатига эриштирадиган дастурни тақдим қилиб қўйибди. Бу ўзини билган банда учун чексиз илоҳий лутфу карамдир ва меҳрибончиликдир.

Аллоҳ таоло: «Мен сени яратиб қўйдим, идрок қилиш, ақл юритиш неъматини бердим, энди йўлингни ўзинг топиб юравер», дейиши ҳам мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло чексиз лутфу карам, меҳрибонлик қилди. Мўмин банда учун ўша илоҳий лутфу карамдан ўз жойида фойдаланишгина қолди, холос.

Банда бир ҳарф бўлса ҳам Қуръон ўқиса, унга амал қилса, ажру савоб олади, икки дунёнинг саодатини топади. Қолаверса, Қуръони карим қиёмат кунида унинг фойдасига гувоҳлик беради.

Бас, шундоқ экан, Қуръон ўқиб, унга амал қилиб қолайлик. Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатган лутфу марҳаматидан баҳраманд бўлайлик. Шунда икки дунёмиз обод бўлади. Охиратда Қуръон бизнинг фойдамизга гувоҳлик беради.

8. «Барча одамлар ҳаракат қилиб, ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир».

Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон саъй-ҳаракат қилиб ўтади. У ўша саъй-ҳаракати ила худди ўз жонини савдога қўювчи кишига ўхшайди. Савдоси эса, бу дунёда қилган амалидир. Агар банда яхши амал қилган бўлса, эвазига яхшилик олади. Ундай одам ўз жонини дўзахдан озод қилувчидир. Агар банда ёмон амал қилган бўлса, эвазига ёмонлик олади. Ундай одам ўз жонини ҳалок қилувчидир. Яъни, ҳар ким қилса, ўзига қилади.

Биз ҳам бу дунёда ўшандай ҳаракат қилувчи, жонимизни савдога қўювчи бандалармиз. Ҳар биримиз иложи борича кўпроқ яхши амал қилиб, ўз жонимизни улар эвазига сотиб олиб, дўзахдан озод қилишга ҳаракат этайлик. ўафлат уйқусида савдони нотўғри қилиб, ёмон ишлар билан жонимизни ҳалок қилувчи, дўзахга туширувчи бўлмайлик!

Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни ва унинг ҳикматини алоҳида такрор қилиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Жиддий тафаккур қилувчи киши учун ҳамма нарса яққол аён бўлиб турибди.

30 - وَعَنْ أَبِي مَالِكٍ الْحَارِثِ بْنِ عَاصِمِ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيمَانِ، وَالْحَمْدُ للهِ تَمْلأُ الْمِيزَانَ، وَسُبْحَانَ اللهِ وَالحَمْدُ للَّهِ تَمْلآنِ - أَوْ تَمْلأُ - مَا بَيْنَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ، وَالصَّلَاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَوْ عَلَيْكَ. كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو، فَبِائِعٌ نَفْسَهُ فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [223].


Улашиш
|
|
Нусха олиш