302. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: «Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин» дейди, иккинчиси: «Аллоҳим! Мумсикка талафот бергин», дейди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Мумсик – ўтакетган хасис, бахил, зиқна киши.
Худонинг берган куни эрталаб ер юзига иккита фаришта маълум вазифа ила тушар экан. Улардан бирининг вазифаси молу дунёсини инфоқ қилувчи кишига ўша моли ўрнига ундан кўра яхшироқ ўринбосар мол сўраб нидо – дуо қилиш экан. Иккинчи фариштанинг вазифаси эса, мумсик— хасиснинг моли талафотга учрашини тилаб, дуо қилиб туриш экан.
Албатта, фаришталарнинг дуоси мақбулдир. Шунинг учун ҳеч қачон мумсик бўлмаслик керак. Доимо молни Аллоҳ кўрсатган жойларга инфоқ қилишга, жумладан, закотни ўз ўрнига адо этишга ҳаракат қилиш керак. Уни Аллоҳнинг йўлида етказишга ҳаракат қилиш керак. Аллоҳнинг йўлида сарфланган мол ҳеч қачон зое кетмайди. Балки инфоқ қилинган, закоти чиқарилган молга барака киради. Фаришталарнинг дуоси ила кетган молнинг ўрнига ундан кўпроқ ва яхшироғи келади.
302 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلَّا مَلَكَانِ يَنْزِلَانِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ؛ أَعْطِ مُنْفِقاً خَلَفاً، وَيَقُولُ الآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكاً تَلَفاً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1442، م 1010].