303. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. (Садақани) қарамоғингдагилардан бошла. Садақанинг яхшиси беҳожатликда бўлганидир. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: «Иффат» сўзи ҳаром, номақбул ишлардан ўзини тийишни англатади. Бу ўринда ҳаромдан ҳамда бировнинг қўлидаги нарсани сўрашдан ўзини тийиш, тамасиз бўлиш назарда тутилмоқда. Бу ерда ҳозирги ўзбек тилида аёлларга нисбатан ишлатиладиган ҳаё, уятчанликдан кўра кенгроқ маънолар кўзда тутилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. Ёки Устки қўл остки қўлдан яхшидир» деган гаплари садақа бериш ва олиш бўйича энг муҳим қоидага айланган. Устки қўл садақа, хайр-эҳсон берадиган қўлдир. Остки қўл эса садақа ва хайр-эҳсон олувчи қўлдир. Бу икки қўл орасидаги фарқ жуда ҳам катта. Садақа ва хайр-эҳсон берувчи қўл яхши қўл, баракали қўл, хайр-эҳсонли қўл, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига хуш келадиган қўлдир.
Садақа ва эҳсонни бировнинг қўлидан олувчи қўл эса, паст қўл, тиланчи қўл. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёқмайдиган қўлдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу пурҳикмат гаплари саҳобаларнинг қалбларига ўша заҳоти жо бўлди, бутун вужудларига сингиб кетди. Шу оннинг ўзида дунё кўзларига бошқача кўриниб қолди. Ризқ-рўз топиш ҳақидаги тасаввурлари тамоман ўзгарди. Энди бировдан тама билан бир нарса олмаслик, ҳалол меҳнат билан, пешона тери билан нон топиб ейиш кераклигини тўлиқ тушуниб етдилар.
Масалан, саҳобалардан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман», дедилар.
У киши бу ҳақиқатни нафақат тушуниб етдилар, балки унга амал қилишни бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилиб, ҳеч қачон, ҳеч кимдан бирор нарса сўрамасликка қасам ичдилар ва умр бўйи қасамларига содиқ қолдилар. ҳатто халифалар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумолар тушган ўлжадан у кишига ўз ҳақини беришганда ҳам олмадилар. Чунки ўлжа осонлик билан тушган ўлжа эди. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу шунинг учун уни олишни эп кўрмадилар. Вафот этгунларича ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадилар.
Худди шу ҳолни Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг сийратларида ҳам кўрамиз. Ибн Жарир Табарий у кишидан келтирган ривоятда Абу Саъид розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Ўта шиддатли фақирликка учрадик. Аҳлим мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб бир нарса сўрашга амр қилди. Бас, юриб бориб биринчи эшитганим у зотнинг:
«Ким беҳожат бўлса, Аллоҳ уни бой қилур. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким биздан бир нарса сўраса, топсак ундан яширмаймиз», деган гаплари бўлди. У зотдан ҳеч нарса сўрамай қайтдим. Сўнг бизга дунё ўз-ўзидан моил бўлиб келди».
Бу ривоятни Имом Муслим ҳам икки жойда келтирган. Яна Ибн Жарир Табарий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Бир куни у киши очликдан иложсизлик туфайли қорнига тош боғлаб ўтирган экан, хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бирор нарса сўранг, фалончи бориб сўраган экан, анча нарса берибдилар», дебди.
«Бас, у зотнинг ҳузурларига борсам, хутба қилаётган эканлар, қулоқ солсам: «Ким иффатталаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким биздан сўраса, биз унга ани берурмиз. Ким беҳожат бўлса, бизга унинг сўраганидан кўра яхши», деяётган эканлар. Мен у зотдан бир нарса сўрамай қайтдим. Сўнгра Аллоҳ бизга доимий равишда ризқ бера бошлади. ҳатто, ансорийлар ичида биздан моллари кўпроқ аҳли байт қолмади».
303 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْيَدُ الْعُلْيَا خَيْرٌ مِنَ الْيَدِ السُّفْلَى، وَابْدَأْ بِمَنْ تَعُولُ، وَخَيْرُ الصَّدَقَةِ مَا كَانَ عَنْ ظَهْرِ غِنًى، وَمَنْ يَسْتَعِفِفْ، يُعِفَّهُ اللهُ، وَمَنْ يَسْتَغْنِ يُغْنِهِ اللهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [1428].