305. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳасан ибн Алий садақа хурмоларидан бир донасини олиб, оғзига солди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каҳ, каҳ! Ташла уни! Биз садақа емаслигимизни билмасмидинг?» дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Бошқа ривоятда: «Бизга садақа ҳалол эмас», дейилган.
«Каҳ, каҳ! Сўзи, ёш болани ифлос нарсалардан огоҳлантириб қўрқитиш учун худди ўзбеклардаги “бў” каби иборани англатади.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болажон зот эдилар. Саҳобаи киромларнинг болаларини доимо эркалатиб юришларини ўтган ҳадисларимизда кўрдик. Айниқса, набиралари Имом ҳасан ва Имом ҳусайнларни жуда яхши кўрар эдилар. Гоҳида намозга ҳам кўтариб чиқар эдилар. Кўпинча мажлисларда ҳам қўйинларига солиб ўтирар эдилар. Ана шундай ўтиришларнинг бирида гўдак ҳасан розияллоҳу анҳу закотга келган хурмодан бир дона олиб оғзига солганида ушбу ҳадисдаги гапни айтганлар.
Бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оли байти садақа емоғи мумкин эмаслиги англашилмоқда.
Имом Муслимнинг ривоятидан емоқми, бошқами, барибир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтларига садақа ҳаром экани маълум бўлмоқда. Шунинг учун закот уларга ҳаром эканига ҳеч шубҳа қолмайди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳам садақани ҳаром қилгандир. Садақани емасликлари у зотнинг пайғамбарликлари белгиларидандир.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу аҳли китобнинг билимдонларига шогирд тушганида улар «охирги замон пайғамбарининг белгиларидан бири садақани емаслиги», деб айтган эдилар. Ўша пайғамбарни излаб Мадинаи мунавварага келиб қолган ва бировнинг боғида қарол бўлиб юрган Салмон Форсий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганларини эшитиб, саватда хурмо олиб боради. У зот: «Бу хурмо ҳадями, садақами?» деб сўрайдилар. «ҳадя», деган жавобдан сўнг ундан ейдилар. Иккинчи мартада «садақа», дейилганида, «Ундоқ бўлса, бизга тўғри келмайди», деб қўлларини тортадилар. Ана шунда Салмон Форсий у зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканларига ишонадилар.
305 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَخَذَ الْحَسَنُ بْنُ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا تَمْرةً مِنْ تَمْرِ الصَّدَقَةِ فَجَعَلَهَا فِي فِيْهِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَخْ كَخْ، إِرْمِ بِهَا، أَمَا عَلِمْتَ أَنَّا لَا نَأْكُلُ الصَّدَقَةَ!». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1491، م 1069].
وَفِي رِوَايَةٍ : «إنَّا لَا تَحِلُّ لَنَا الصَّدَقَةُ».
وَقَولُهُ: «كَخْ كَخْ»: يُقَالُ بِاسْكَانِ الخَاءِ، ويُقَالُ بكَسرِهَا مع التَّنْوِينِ، وَهِيَ كَلِمَةُ زَجْرٍ للصَّبِيِّ عَنِ الْمُسْتَقْذَرَاتِ، وَكَانَ الحَسَنُ رضي الله عنه صَبِيًّا.