«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим. Қўлим товоқда изғиётган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Ҳой бола! Аллоҳ таолонинг исмини айт, ўнг қўлинг билан егин ва олдингдан егин!» дедилар. Шундан буён ана шундай таомланаман».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийи Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай ўғиллари бўлган. У Умму Салама онамизнинг аввалги эрлари Абу Саламанинг ўғиллари бўлиб, отаси вафот этиб, онаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларида ўсганлар. Бу ҳақда у кишининг ўзлари:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим», демоқдалар.
Албатта, турмуш тақозоси ила бир уйда яшаганларидан кейин бир дастурхонда овқатланганлар ҳам. Ўшанда ёш бола бўлган Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳунинг қўллари таомнинг яхшисини, кўпроғини излаб идишнинг ҳамма томонига бориб-келган экан.
«Қўлим лаганда бориб-келар эди».
Бу ҳолни кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом тановул қилиш ҳақида таълим бердилар:
«Эй ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» дедилар».
Демак, исломий одоб бўйича таом ейишни бошлаганда «Бисмиллаҳи»ни айтмоқ керак, таомни ўнг қўл билан емоқ керак. Ҳар ким ўз олдидан емоғи керак.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларини Умар ибн Абу Салама жон, деб қабул қилдилар ва унга умр бўйи оғишмай амал қилдилар. У ҳақда ўзлари:
«Шундан сўнг менинг емоғим худди ўшандоқ бўлиб қолди», дейдилар.
Худди шу набавий тавсия ҳамма мусулмонларга ҳам таълим бўлди. Ҳамма мусулмонларнинг емоғи худди ўшандоқ бўлиб қолди.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Катталар ёш болаларга таом тановул қилиш ва шунга ўхшаш ишларда исломий одобларни ўргатиб боришлари зарурлиги.
2. Таом тановул қилишни «Бисмиллаҳ»ни айтиб бошлаш зарурлиги.
3. Таомни ўнг қўл билан емоқ кераклиги.
Чунки, чап қўл тозаланишга ишлатилади. Афсуски, кўпчилик, ҳатто, кап-катта одамлар ҳам бу нарсани билмайдилар. Баъзида жуда ноқулай ҳолатларга тушиб қолинади.
4. Таомни ҳар ким ўз олдидан емоғи кераклиги.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан етган ҳар бир ҳукмни мусулмон одам ўзи учун қонун-қоида қилиб олмоғи лозимлиги.
306 - وَعَنْ أَبِي حَفْصٍ عُمَرَ بْنِ أَبِي سَلَمَةَ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبْدِ الأَسَدِ رَبِيبِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كُنْتُ غُلَاماً فِي حِجْرِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَكَانَتْ يَدِي تَطِيشُ فِي الصَّحْفَةِ، فَقَالَ لي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا غُلَامُ؛ سَمِّ اللهَ تَعَالَى، وَكُلْ بِيَمِينِكَ، وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ» فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِي بَعْدُ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5376، م 2022].
وَ«تَطِيشُ»: تَدُورُ فِي نَوَاحِي الصَّحْفَةِ.